Вазирлар Маҳкамаси томонидан 25 ноябрь куни «Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Президент фармонига мувофиқ туман (шаҳар)ларда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини фон мониторинги қилишнинг 347 та автоматлаштирилган кичик станциясини харид қилиш ва ўрнатиш режалаштирилган. Ҳужжат билан автоматлаштирилган кичик станцияларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифаларга мансуб хўжалик юритувчи субъектларда ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотлари ўрнатилгани, шунингдек, санитар ҳимоя зоналари автоматик кузатув постлари билан жиҳозланганини текшириш тадбирлари Экология вазирлиги томонидан назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан олдиндан келишмасдан ўтказилади.
Бунда ваколатли орган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида мажбурий равишда хабардор қилинади.
Ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари, автоматик кузатув постлари, чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда локал сув тозалаш иншоотлари Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган техник топшириқ шартлар асосида харид қилинади ва давлат иштирокидаги корхоналарга харид қилинадиган ускуналар ва хизматлар бўйича етказиб берувчиларга республика худудида техник сервис хизматини ташкил этиш талаби қўйилади.
Ўрнатиладиган янги чанг-газ тозалаш ускуналарининг самарадорлиги 99,5 фоиздан, модернизация қилинадиган мавжуд ускуналарнинг самарадорлиги эса 95 фоиздан кам бўлмаслиги, шунингдек, ўрнатиладиган янги ҳамда модернизация қилинадиган мавжуд локал сув тозалаш иншоотларининг самарадорлиги 80 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.
Ҳужжат билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Экология вазирлигининг автоматлашган кичик станцияларни харид қилиш учун талаб этиладиган маблағларни 2024 йил Давлат бюджети параметрларида Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириладиган трансфертлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси республика буджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.
Экология вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
а) 2025 йил 1 мартга қадар:
- автоматлашган кичик станцияларнинг харид қилиниши ва манзилли рўйхат асосида ўрнатилишини;
- ўрнатилган автоматлашган кичик станциялар тегишлилиги бўйича Гидрометеорология хизмати агентлигининг ҳудудий марказлари ҳисобига белгиланган тартибда ўтказилишини;
б) 2025 йил 1 мартдан бошлаб автоматлашган кичик станциялар маълумотлари атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинишини ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлайди.
Экология вазирлиги уч ой муддатда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ташламаларнинг автоматик мониторинг станцияларини, автоматик кузатув постларини, чанг-газ тозалаш ускуналарини ҳамда локал сув тозалаш иншоотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.