Исроил ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Ливан-Исроил чегарасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олди, деб ёзди АҚШ президенти Жо Байден X саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, келишиш таклифини Қўшма Штатлар илгари сурган, Ливан ва Исроил бош вазирлари эса уни қабул қилган. Исроил ҳукумати раҳбари Биньямин Нетаньяҳунинг идораси мамлакат ҳарбий-сиёсий маҳкамаси Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифни маъқуллаганини тасдиқлади.
Келишувларга кўра, ўт очишни тўхтатиш тартиби 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 4:00 да кучга кирди. Бундан ташқари, Исроил 60 кун ичида Ливан ҳудудларидан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиши керак бўлади.
Байден АҚШ ўз қўшинларини Ливаннинг жанубига жойлаштирмаслигини таъкидлади. Бунинг ўрнига, Қўшма Штатлар Франция ва бошқа давлатлар билан биргаликда можаролашаётган томонларга «зарур ёрдам кўрсатади».
АҚШ президенти ўз нутқида Ғазо сектори аҳолиси Ливан аҳолиси каби «келажак учун хавфсизлик ва фаровонликка, шунингдек, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга муносиб» эканини таъкидлади. «Яқин кунларда АҚШ Туркия, Миср, Қатар, Исроил ва бошқалар билан биргаликда Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш учун навбатдаги уриниш амалга оширилади», — деди Байден.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу «Ҳизбуллоҳ» келишувнинг бирор қисмини бузса, Исроил зарба беришда иккиланмаслигини айтди, деб таъкидлади BBC.
Маҳаллий расмийларнинг айтишича, бу Ливанда сўнгги ўнйилликлардаги энг ҳалокатли можаро бўлиб, 3823 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Битим кучга киришидан бироз олдин иккала томоннинг ҳам ҳужумлари қайд этилган.