«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Россиядан Тошкентдан шаҳар атрофи қатновлари учун фойдаланиладиган янги электропоезд олди. Бу ҳақда компания раиси Зуфар Нарзуллаев сешанба куни Шавкат Мирзиёев билан учрашув якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Россиядан халққа хизмат қиладиган «Ўзбекистон темир йўллари»га шаҳарлараро электропоезд олиб келинди. Буни ҳам халқимизга хизмат қилишга қўйишга топшириқ берилди», — деди Зуфар Нарзуллаев.
20 ноябрь куни Telegram`даги «Ко дну» канали Россияда ишлаб чиқарилган ЭП3Д электропоездининг синовлари ҳақида хабар берганди. ЭП3Д — Россия йўловчи электропоездлари бўлиб, у 2016 йилдан буён Демихов машинасозлик заводида ишлаб чиқарилади.
Президент 2022 йилнинг ёзида Тошкентдан Хожикент, Бекобод ва Ангрен йўналишида замонавий тезюрар электропоездлар қатновини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди. Давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда ҳозирги поездлар парки эскиргани ва йўловчилар оқимига бардош бера олмаслиги таъкидланган.
Ўшанда электропоездларнинг ҳаракат тезлиги пастлиги, вокзаллар ва жамоат транспорти ўртаси ўзаро боғланмагани, хизмат кўрсатиш даражаси пастлиги, тарифларни эркин бошқариш имконияти йўқлиги ва ва бошқа камчиликлари қайд этилган.
2021 йилнинг баҳорида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Тошкентда шаҳри атрофи қатнови учун электропоездлар паркини янгилаш режасини эълон қилганди. Хожикент йўналишига тўртта янги тезюрар электропоездини қўйиш режалаштирилган, бу эса йўл вақтини 2 соат 15 дақиқадан 1 соатга қисқартириши билдирилган.
2021 йилда «Dunyouzbeklari.Com» катта талабга қарамай, ҳали ҳам яхши ривожланмаган шаҳар атрофидаги темирйўл қатнови ҳақида репортаж эълон қилган.
Зуфар Нарзуллаев, шунингдек, президент янги йил арафасида электрлаштирилган Бухоро — Мискин — Урганч — Хива (465 км) темирйўлини очиб беришини маълум қилди. Давлат раҳбари, шунингдек, 2025 йилда 196 километрлик Мискин — Нукус линиясини электрлаштириш бўйича ишларни бошлашга рухсат беради (уни 2026 йил якунига қадар тугатиш режа қилинган).
Электрлаштириш Тошкент — Нукус йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишни йўлга қўйиш имконини беради. Шу мақсадда Кореядан олтита Hyundai Rotem электропоезди харид қилинмоқда.
2022 йил охирида Бухоро, Мискин, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи 465 километр темирйўл линиясини электрлаштириш лойиҳасининг қиймати 445 млн долларга баҳоланганди. Шундан 270 млн доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки томонидан ажратилган.