Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ битими 27 ноябрь куни расман кучга кирди.
Исроил бош вазири девонининг маслаҳатчиси Дмитрий Генделманнинг қайд этишича, яҳудий давлати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳар қандай ҳужумига зудлик билан жавоб бериш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган келишув бандларидан келиб чиққан ҳолда, ўзини ҳимоя қилиш имконияти ҳам қарама-қарши томонга юкланган. Исроил ҳукумати ҳозирча шимолий ҳудудлар аҳолисига уйга қайтмаслик тавсиясини сақлаб қолишга қарор қилди.
“Исроил ўз армияси ва суверен ҳудудига қарши ҳар қандай ҳужумга зудлик билан жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, деди Генделман Ливанда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувини шарҳлар экан.
Шу билан бирга, бош вазир маслаҳатчиси Исроилнинг шимолий чегараси яқинида жойлашган ҳудудларининг тинч аҳолисига уйларига қайтишлари учун ҳозирда алоҳида тавсиялар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
“Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги қарорига кўра, урушнинг мақсадларидан бири барча эвакуация қилинганларнинг ўз уйларига хавфсиз қайтишидир ва бунга албатта эришилади”, деди у.
Макзур сулҳ Исроил армияси бўлинмалари Ливан ҳудудига тахминан 10 км олдинга силжиш пайтида эълон қилинди.
Сулҳ мазмуни
Сулҳ Ливандаги БМТ муваққат кучлари кўмагида Ливан армиясининг жанубий чегара бўйлаб участкаларни босқичма-босқич назорат қилишни назарда тутади. Ўз навбатида, Исроил икки ой ичида Ливандан ўз ҳарбийларини олиб чиқиши шарт. “Ҳизбуллоҳ” БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-резолюциясига мувофиқ Ливаннинг жанубидаги иштирокини тўхтатиб, Литани дарёсининг шимолидан чекиниши керак бўлади.
26 ноябрь куни Исроил ҳарбий-сиёсий маҳкамаси бош вазир Биньямин Нетаньяху томонидан тузилган “Ҳизбуллоҳ” билан ўт очишни тўхтатиш режасини тасдиқлади. АҚШ президенти Жо Байден келишув Вашингтон ташаббуси билан эришилганини айтди.
Келишув, шунингдек, Исроил армиясининг маҳаллий фуқароларга “хавфсизлик учун” чегара бўйлаб эвакуация қилинган шаҳар ва қишлоқларга бормаслик ҳақидаги расмий кўрсатмаларига зид равишда содир бўлди.
Ливандаги кўчирилган аҳолининг оптимизми асосан маҳаллий сиёсатчилар томонидан рағбатлантирилди. Тинчлик музокараларида “Ҳизбуллоҳ” номидан қатнашган парламент спикери Набиҳ Берри фуқароларни жанубий ҳудудларга, “ўз юртларига” қайтишга чақирди.
Исроил мудофаа вазири Исроил Кацнинг таъкидлашича, ҳарбийлар имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилиш, хусусан, “санитария зонаси”ни бузганлар хавф туғдириши мумкин бўлган тақдирда уларни отиб ўлдириш ҳуқуқига эга.
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати вакиллари ҳам ушбу хабарга ижобий муносабат билдирди.
“Умид қиламизки, бу келишув Ғазода халқимизга қарши қирғин урушини тугатишга олиб келадиган келишувга эришиш учун йўл очади”, деди ҳаракат вакили Сами Абу Зуҳрий.
ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳаракатларга очиқлигини тасдиқлади. Ҳаракатнинг исмини ошкор этмаган вакили Исроилни келишувга тўсқинлик қилишда айблади.