Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси 27 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида «Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди 5 август куни Саидалиевни Жиноят кодексининг 165 (Товламачилик), 168 (Фирибгарлик), 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш), 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 211−28 (Пора беришга шериклик қилиш), 277 (Безорилик) моддалари билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилганди.
Суд, шунингдек, Акрамжон Акрамов, Нуриддин Тўлаганов, Ғофуржон Ўринбоев, Умид Маҳмудов, Азиз Нурматов, Жохонгир Бадалов, Улуғбек Раҳимов, Достон Хошаков, Дониёр Юнусов, Даврон Султанов, Бунёд Самадов, Хусан Рискиев ва Баходир Рахмоновнинг апелляция аризаларини қаноатлантирмади. Уларнинг ҳукмлари ҳам ўзгаришсиз қолди.
«Dunyouzbeklari.Com» биринчи суд мажлисларидан видеорепортажларни эълон қилди (1, 2).
Саидазиз Саидалиев 1987 йил 24 майда Тошкент шаҳрида туғилган, оилали, қарамоғида онаси, турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор эди. Илгари у бир неча бор судланган. 11 июн куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида у тадбиркор, шунингдек, Қозоғистоннинг MMA яккакураш спорти бўйича Тошкентдаги ишончли вакили ва директори эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, у Қозоғистон билан биргаликда Ўзбекистонда спорт мактаби очган ва унга бизнеси ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилган.
Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилганди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг ўшанда таъкидлашича, гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича операция «бугун ёки кеча эмас, балки ойлар ва йиллар давом этган», далил тўплаш ва пухта тайёргарлик кўрилганидан кейин бошланган.
Судлар, шунингдек, Азлархон Мухамеджонов (5 йил), Суннатулла Холмуродов (7,5 йил), Умиджон Ўринов (6 йил 11 ой), Алибек Файзиев (12 йил), Олимжон Амонов (4 йил), Баҳодир Султонов («Бохо завхоз», 10 йил), Ниёза Ибодова (4 йил) ва бошқаларга нисбатан ҳукм чиқарган.
Бундан ташқари, 19 июль куни суд Бахтиёр Қудратуллаев («Бахти Ташкентский»), унинг ўғиллари ва укаси ҳамда яна 33 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқиган.