Пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Toshkent Invest компанияси Янгиҳаёт туманининг «Йўлдош» мавзеси ҳудудида бир неча йилдан бери кутилаётган таъмирлаш ишлари доирасида дарахтлар кесилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга жавоб берди.
Мавзедаги кўп йиллик дарахтлар орасида 2 қаватли 409 та ёғоч уйларда жами 4290 та хонадон бор. ёғоч уйлар 1966 йилда зилзиладан сўнг, ўша ерда уй қурилишида қатнашган ишчилар учун вақтинча 5 йил муддатда фойдаланиш учун тез фурсатларда қуриб берилган. Қарийб 58 йилдан бери бу уйларда одамлар яшайди.
Икки йил аввал туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов мавзедаги ёғоч уйларда яшовчи 4026 нафар мулкдордан 3341 нафари уйлари бузилса, компенсация олишга розилигини айтганди. 685 фуқаро уй бузилишига норозилик билдирган. 160 нафар хонадоннинг мулкдорлари топилмаган. Кадастр ҳужжатлари бўйича фуқаро бор, бироқ, четга кетган ёки у ерда яшамаётган бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳоким бу ишлар кечикаётганига дарахтларни кесишга белгиланган мораторий ҳам сабаб бўлаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, дарахтларни авайлаш учун бинолар ҳозирча бузилишга берилмаяпти, деганди ҳоким.
«Уйларнинг фундаменти ёнида дарахт турибди. Уйларнинг ертўласи бўлмагани ҳисобига дарахтнинг илдизи уйнинг ичигача кириб борган. Ҳозир буни қурувчига берсак, улар уй эгаси билан келишади, лекин биз дарахтдан айрилиб қоламиз. Бундай дарахтлар бошқа жойда қолмаган. Ҳозир дарахтларни сақлаб қолиш йўлларини ҳам излаяпмиз», — деди у.
Toshkent Invest ҳудудни ободонлаштириш бўйича ишлаб чиқилган дастур ноқулай ва ҳатто хавфли шароитларда яшаётган маҳаллий аҳолининг муаммоларини ҳал қилишини таъкидлади.
«Ҳозирги пайтда бундай уй-жойлар маънан эскирган ва хонадонларнинг кичик майдони (ҳар бир кишига 16 кв.м дан кам) ҳамда оддий маиший шароитларнинг йўқлиги сабабли сифатли уй-жойга қўйиладиган замонавий талабларга жавоб бермайди. Аксарият уйларнинг ёғоч қурилиш конструкциялари ва муҳандислик тармоқлари юқори даражада жисмоний эскирган, шунингдек, энергия тежамкор эмас ва ёнғин хавфи юқори. Бундай уйларда яшаш шаҳарликлар учун ноқулай ва ҳатто хавфлидир.», — дейилади хабарда.
Компания ишлаб чиққан таъмирлаш дастури қуйидаги босқичлардан иборат:
1. «Йўлдош» мавзеси ҳудуди кўп йиллардан буён экологик тизимга салмоқли ҳисса қўшаётган чинор (платан), липа, эман ва бошқа турдаги дарахтлардан иборат яшил ўсимликлар билан қалин қоплангани сабабли реновацияни бошқа жойда амалга оширишга қарор қилинди.
Ушбу ечим кислород ишлаб чиқариш ва экологик мувозанатни сақлашга ёрдам берадиган ноёб табиий шароитларни сақлаб қолиш имконини беради. Массив аҳолисини кўчириш учун шу тумандаги яқин ҳудудлар ажратилди, бу уларга одатий инфратузилма ва маҳалла билан алоқани сақлаб қолиш имконини беради.
2.Ушбу масалани ҳал қилиш учун бир нечта жой ўрганилиб, «Гулшонобод» маҳалласи ҳудудининг барча мезонларга жавоб берадиган ва «Йўлдош» мавзеси дан 1,5 км масофадан ортиқ бўлмаган масофада жойлашган ер участкаси танланди.
3. Toshkent Invest қурувчи компания билан биргаликда замонавий шаҳарда замонавий туман лойиҳаси ва концепциясини ишлаб чиқмоқда, унда замон талабларига жавоб берадиган ижтимоий, транспорт ва коммунал инфратузилма назарда тутилади. Таъкидланишича, хонадонларнинг дастлабки ва охирги пардозлашига алоҳида эътибор қаратилади.
4. Лойиҳа қурилиш компанияси билан тузилган инвестиция шартномаси асосида амалга оширилади, унда квартираларни давлат уй-жой фондига бериш шартлари акс эттирилган.
5. «Йўлдош» мавзеси аҳолисини кўчириш амалга оширилганда аҳолига замонавий талабларга жавоб берадиган тенг қийматли квартиралар (масалан, эски уйдаги 1 хонали уй ўрнига янги уйдаги 1 хонали уй) берилади. Бунда 2018 йил 12-апрелдаги [ЎРҚ-474-сон] қонуни ва 2019 йил 7 ноябрдаги [ЎРҚ-581-сон] қонуни ва жамоатчилик муҳокамаси натижаси инобатга олинган.
Муҳтож аҳолига янги уйга кўчиб ўтишда ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, аҳоли ўз уй-жойини кенгайтириш, қўшимча ҳақ эвазига қўшимча хоналар сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
6. Фаол блогерлар ва қизиқувчи фуқароларни ташвишга солаётган саволларга жавоб бериб, «Йўлдош» мавзеси ҳудудида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш ва даволаш ҳамда янги дарахт ва буталарни ўтқазиш орқали замонавий дендропарк ташкил этиш режалаштирилган.
2025 йилнинг биринчи чорагида аҳолини кўчириш масаласи бўйича очиқ жамоатчилик муҳокамаси режалаштирилган.
Компания лойиҳанинг иқтисодий самаралари ва кутилаётган натижаларини қайд этди:
- Спутник маҳалласи аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш;
- Шаҳар экологиясига сўзсиз ҳисса қўшадиган янги объект — дендропаркни яратиш;
- «Гулшонобод» маҳалласининг ривожланиши Янгиҳаёт туманининг ривожланишига туртки бўлади (бу юзлаб янги иш ўринлари, янги ҳудудларни комплекс ўзлаштириш ва бошқалар).
Ушбу лойиҳада мавжуд ҳуқуқий ва меъёрий механизмлардан фойдаланган ҳолда (жамоатчилик муҳокамаси, мулкдорлар йиғилиши, бош режаларни амалга ошириш, квартираларни пардозлашга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва бошқалар) биз реновация тўғрисидаги қонуннинг пойдеворини ва механизмини яратмоқдамиз, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда «Dunyouzbeklari.Com» Спутник массивида яшовчилар ҳаётига бағишланган катта мақола эълон қилганди.