Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси букмекерлик хизматларини тарғиб қилган 30 га яқин сайт блокланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, қўмита томонидан қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилишга қаратилган веб-сайтлар юзасидан доимий ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилмоқда.

Рекламага оид қонунбузилишларга нисбатан тезкор чоралар кўриш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бунда букмекерлик хизматларига оид рекламани тарғиб қилувчи веб-сайтларга киришни чеклаш (блоклаш) чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, амалга оширилган ишлар натижасида букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 42 та веб-сайтни блоклаш бўйича АОКАга таклифлар киритилган бўлиб, шундан 30 га яқин сайтлар белгиланган тартибда блокланган. Қўмита бу йўналишдаги мониторинг ишларини давом эттирмоқда.

Сентябрь ойи бошида Hamkor Reklama Servis реклама агентлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида ташқи реклама конструкциялари орқали 1XBET букмекерлик реклама товар белгиси кўрсатилган ҳолатлар аниқланганганди.

Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, Махсус комиссия томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 46-моддаси талаблари бузилганлиги юзасидан Ҳамкор Реклама Сервис агентлигига нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан қўмита ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибнинг максимал миқдорида молиявий жарима қўлланилган. Тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик масалаларини кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилган.