Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та (2023 йил 86 та) ҳолатлар содир бўлди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмовнинг маълум қилишича, мазкур ҳолатлар оқибатида 82 нафар (ўтган йилнинг мос даврида 88 та) фуқаролар вафот этган ва 80 нафар (119 та) фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
«Айрим ҳолатларда эса дудбурон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан заҳарланиб, вафот этишди», – дейди идора расмийси.
А.Қаюмовнинг таъкидлашича, ҳодисалар, фуқаролар ис газининг хавфли эканлигини тўла тўкис ҳис этмасликлари, тарғиботга ишонмасликлари натижасида, ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз жиҳозлардан ҳамда дудбурон, шамоллатиш тизимларини текширмасдан ёки нотўғри ўрнатилган дудбурондан фойдаланганликлари натижасида содир бўлмоқда.
Расмий, шунингдек, ҳар бир бахтсиз ҳодисага фавқулодда ҳолат деб қараб, келгусида уларнинг келиб чиқишини олдини олиш мақсадида, истеъмолчилардан:
- Газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишларини;
- Лойиҳадаги газ ускуна — жиҳозларини ўзбошимчалик билан тушунмасдан таъмирламасликни, алмаштирмасликни ва бошқа жойга кўчирмасликни;
- Хавфсизлик автоматикаси бўлмаган ёки носоз бўлган ёндиргич ва жихозлардан фойдаланмасликни;
- Дудбуронлар ҳамда шамоллатиш тизимларининг созлигини доимий кузатиб, текшириб боришни;
- Газ ускуна ва жиҳозлари ёниб турган хонага албатта ташқаридан ҳаво кириши учун жой қолдиришларини;
- Газ плитасидан хонани иситиш мақсадида фойдаланмасликни ва узлуксиз газ ёниб турган хонада ухламаслик, дам олмасликни;
- Хонада газ ҳиди сезилганда чироқни ёқмасдан, эшик деразаларни очишни, жўмракни ёпиб газ таъминоти корхонасига буюртма беришни ҳамда газ чиқаётган жойни аниқлаш учун оловдан фойдаланмасликни сўрамоқда.
Шу билан бирга, барча истеъмолчиларга газ ускунаси ўрнатилган хонага газ ёки ис гази тўпланганда овозли хабар берадиган ёки газ таъминотини автоматик тўхтатадиган ускуналар (газ сигнализаторлар) ўрнатиш тавсия этилмоқда.