• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Янгийўлда бир оиланинг 5 нафар аъзосини ўлдирган шахсга жазо тайинланди


Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида эркак бир оиланинг 5 нафар аъзосини ўлдириб, уйини ёқиб юборганди. Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, айбдор деб топилган шахсга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Қотиллик 2024 йилнинг июль ойида содир этилганди. Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлган. Ёнғин ўчирилиб, хонадон кўздан кечирилганда беш нафар шахснинг (1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар ва 2018 йилда туғилган қиз) мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятда гумонланиб, 1995 йилда туғилган эркак З.С. қўлга олинган. У қотиллик қурбони бўлган эркакнинг қариндоши бўлиб, ушбу жиноятни ўрталарида мавжуд бўлган қарз муносабати сабабли содир этгани аниқланган.

Унга нисбатан жиноят иши биринчи инстанциясида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ З.С. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “з”, “и” бандлари, 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми, 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандлари ва 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *