Самарқанд одамлар шаҳри бўлиши керак, автомобиллар шаҳри эмас, дея маълум қилди Самарқанд вилояти ҳокими (у вақтда ҳоким вазифасида эди, 28 ноябрь куни ишдан олинди) Эркинжон Турдимов масъуллар билан муҳокамада. Муҳокама акс этган видео вилояти ҳокимлиги томонижан эълон қилинди.
«Энг асосий масала — Самарқанд шаҳрини одамлар шаҳрига айлантиришимиз керак. Бугун машина шаҳрига айланган. Норози бўлса бўлсин машина эгалари. Пиёда юришни йўлга қўйишимиз керак, автомобиль тураргоҳларини кўпайтиришимиз керак. «Парковка»га олиб бориб машинасини қўйиши керак», — деди Турдимов.
Ҳоким шаҳар секторлари раҳбарларига марказий кўчаларда автомобиллар тўхташ жойларини ташкил этиш, пиёдалар йўлагини тартибга келтириш, пиёдалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
«Самарқанд шаҳри 4 та сектори пиёдалар йўлагида юриб, уларга шароит яратиш бўйича чоралар кўриш керак. Тротуарга ҳам машина қўйиб қўяди. У зўравон, ноинсоф, қўйдирмаслик керак. Ҳамма дўконни олдига машина қўйиб қўяди. Одамларимиз кўпроқ пиёда юриши керак. Яна бир марта айтаман, [Самарқандни] пиёдалар шаҳрига айлантиришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди ҳоким.
Муҳокамада жамоат транспортини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Айни вақтда Самарқандда 75 йўловчига мўлжалланган электробуслар ҳаракат қилмоқда. Йил якунига қадар электробуслар сонини 100 тага етказиш режалаштирилган.
«Автобусни кўпайтиришимиз керак. Мана ҳозир 36 та электробус келди, яна йил якунигача 64 та электробус келади. Электробусларнинг йўналишини Транспорт бошқармаси менга эмас, Самарқанд шаҳар одамлари билан муҳокама қилиб, оммавий қилиб ижтимоий тармоқларда муҳокама қилдириб, кейин Самарқанд шаҳри Халқ депутатлари кенгашига киритади. Ана ундан кейин биз тасдиқлаб берамиз», — деди ҳоким.
«2025 йилда яна 50 та электробус олишимиз керак. Агар ўша ҳамма электробусни Жума — Ургут йўналишига қўядиган бўлсак, юклама камаяди», — деди Эркинжон Турдимов