• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда «Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» лойиҳалари ишга туширилмоқда


Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш мақсадида «Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» лойиҳалари ишга туширилмоқда. Бу ҳақда Антикоррупция агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳа агентлик ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида давлат ҳокимияти органларида коррупция хавфларини аниқлаш, олдини олиш ҳамда бартараф этиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ушбу дастурлар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Дастлабки босқичда дастур Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Бухоро вилоятининг Вобкент туманида амалга оширилади.

Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида 25 ноябрь куни Аксилкоррупция агентлиги, пойтахт ва туман ҳокимлиги масъуллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда туманни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳақида сўз юритилди.

Йиғилишда коррупцияни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаш ва бунга қарши курашиш тизимини ташкил этиш орқали Мирзо Улуғбек туманини «ҳалоллик ороли»га айлантириш мақсад қилиб олинди, дейилади ҳокимлик ахборотида.

«Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» бу идора ва ташкилотлар ичида коррупциянинг ҳар қандай кўринишини истисно этадиган ҳалоллик, шаффофлик ва ахлоқнинг юқори стандартлари амал қиладиган махсус яратилган ҳудудлардир.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳалар асосидаги методология Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Жануби-Шарқий Европанинг 11 мамлакатида ўз самарадорлигини исботлаган. 30 та маҳаллий ҳокимият органида қўлланилган ва 2011 йилда давлат хизматини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун БМТ мукофотига сазовор бўлган.

Ушбу чора-тадбирлар коррупциядан холи ҳудудларни яратишга ёрдам беради ва улар муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг дастур бошқа барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳокимларнинг ёпиқ қарорларини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиққанди. Бу ҳақда 17 октябрь куни бўлиб ўтган IV Тошкент аксилкоррупция форумидан агентлик директори Акмал Бурханов маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, агентлик ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида давлат идоралари, жумладан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қай даражада очиқ ё ёпиқлиги бўйича ўрганишлар ўтказилган.

Шунингдек, Акмал Бурхонов қарор ҳақиқатан янги тартиблар асосида ёпиқ тарзда қабул қилиниши лозим бўлса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хулосасини олгандан кейингина, уни ёпиқ тарзда ўтказиш таклифини ишлаб чиқилганини маълум қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *