Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.Йиғилишда томорқа, кўчалар, дала четлари ва канал-коллекторлар атрофидаги ерларда озиқ-овқат ва даромадли экинларни экиб, активга айлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Давлат раҳбари шу пайтгача пахта ва ғалла ерларининг 260 минг гектари озиқ-овқат етиштириш учун ажратилгани, кеча яна 104 минг гектар ажратишга рухсат берилганини таъкидлади.
Озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.
Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Ҳар ҳафта 3-4 тонна узум АҚШга етказиб берилмоқда.
Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.
Ижобий натижалар билан бирга, Президент таъкидлаганидек, айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани учун маҳсулот ва экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти.
Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги қайд этилди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти ўтган йилги кўрсаткичга етмаяпти.
Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.
Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Йиғилишда дала четларига экин экиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди.
Масалан, Қорақалпоғистонда дала четидаги 2,1 минг гектар, Фарғонада 1,2 минг, Самарқандда 826, Бухорода 784, Қашқадарёда 247 гектар ерлар ишлатилмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди.
Баъзи жойларда деҳқонларга сифатсиз уруғ сотилган, зараркунандага қарши берилаётган дорилар ҳам талабга жавоб бермайди.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўсимликлар карантини агентлигига ҳокимлар, экспортчи, тажрибали кластер, кооперация ва фермерлар билан биргаликда озиқ-овқат экинларининг уруғи, кўчати, дориси, ўғити бўйича ишлашнинг янги тизимини ишлаб чиқиш топширилди.