• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Туркияда қалбаки долларлар тарқалгани юзасидан тергов бошланди – Dunyouzbeklari.Com



Истанбул прокуратураси Туркияга қалбаки долларлар кириб келгани ҳақида ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан тергов бошлади, деб хабар берди Ekonomim ишбилармонлик газетаси.

«Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Истанбулда қалбаки банкнотлар тарқатилгани ҳақида резонансга сабаб бўлган хабарлар пайдо бўлиши факти юзасидан расмий тергов бошланди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Туркияга 600 миллион долларлик қалбаки банкнотлар контрабанда йўли билан олиб кирилгани хабар қилинганди. Маълумотларга кўра, уларнинг умумий миқдори 1 миллиард доллардан ошиши мумкин. Банкнотларнинг катта қисми 50 доллар номиналга эга, шу муносабат билан айирбошлаш шохобчалари ва банклар ушбу банкнотлар, шунингдек, эски намунадаги 100 долларлик купюралар билан операцияларни вақтинча тўхтатди.

Мутахассисларнинг айтишича, қалбаки долларларнинг асосий қисми Туркияга Сурия, Эрон ва Болқон ҳудудларидан олиб келинган. Ekonomim маълумотларига кўра, қалбаки валюта билан боғлиқ биринчи операция Сурия билан чегарадош Газиантеп шаҳрида амалга оширилган, қалбаки долларлар Анталия, Измир, Истанбул, Анқара каби туристик шаҳарларда ҳам аниқланган.

Haberturk телеканали, ўз навбатида, жорий ҳафтада Туркия банклари ходимлари доллар бўйича фирибгарлик ҳолатлари юзасидан ёзма равишда огоҳлантирилганини маълум қилди. Туркия ваколатли муассасалар ва айирбошлаш шохобчалари уюшмаси бошқаруви аъзоси Мустафо Унвернинг маълум қилишича, яқин вақт ичида мамлакатдаги айирбошлаш шохобчаларида банкнот ҳисоблагичларини алмаштириш режалаштирилган. Банк сектори вакиллари бу камида бир ой давом этиши мумкинлигини истисно қилмайди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси мурожаати

Бош консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларга мазкур масала юзасидан мурожаат қилди. Унга кўра, фуқаролар долларни фақат расмий банклар ёки лицензияли валюта айирбошлаш нуқталарида қабул қилиши, текширув ускуналаридан фойдаланиши (айниқса, катта миқдордаги долларни қабул қилганда) ва қўлма-қўл пул айирбошлашдан сақланиши лозим.

«Сохта купюраларни қабул қилиш ёки тарқатиш қасддан амалга оширилса, Туркия қонунчилигида оғир жазо белгиланган. Агар шубҳали купюраларга дуч келсангиз, зудлик билан маҳаллий полиция ёки консулхонага мурожаат қилинг», — дейилади консулхона баёнотида.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *