Колумбия полицияси 61 мамлакатдаги ҳамкасблари билан биргаликда наркотик моддалар савдосига қарши “Орион” деб номланган кенг кўламли операция ўтказди.
Олти ҳафта ичида рекорд даражадаги 225 тонна кокаин мусодара қилинди. Таққослаш учун, 2022 йилда Колумбияда 671 тонна гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.
Ҳаммаси бўлиб 1,4 минг тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 1 минг тоннага яқин марихуана мусодара қилинди. Уларнинг умумий қиймати 8,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Операция натижасида 400 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Бундан ташқари, полиция олтита кемани ҳам қўлга олди. Бу кемалар Австралияга гиёҳванд моддаларни ташиш учун ишлатилгани айтилмоқда.
“Австралияда кокаиннинг юқори баҳоси (1 кг учун 240 минг доллар – АҚШникидан 3-6 баравар қиммат) бу бозорни гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар учун жуда жозибадор қилади”, дейилади The Guardian нашридаги мақолада.
25 ноябрь куни Салвадорда 50 миллион долларлик кокаин ортилган қайиқ ушлангани хабар берилганди.
Эстеро-де-Жалтепеке кўрфазидан 752 км жануби-ғарбда уч колумбиялик 50 миллион долларлик гиёҳванд моддаларни олиб кетаётган кема қўлга олинган.
Салвадор президенти Найиб Букеле сўнгги саккиз ой ичида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро сувларда 15 тоннадан ортиқ кокаинни мусодара қилгани, уларнинг нархи тахминан 380 миллион долларни ташкил этишини айтган.