• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири унинг ваколатларини кенгайтирди



Президент 15 ноябрь куни Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Ҳужжат аллақачон кучга кирган. Эслатиб ўтамиз, аввалги версия 2004 йилдан бери амалда эди.

Янгиликлар қаторида — омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талабларга ўзгартиришлар киритилган. Ёш чегараси 25 ёшдан 30 ёшгача оширилди.

Бундан ташқари, бир шахснинг омбудсман лавозимига кетма-кет икки муддатдан ортиқ қайта сайланишига чеклов киритилди.

Янги таҳрирда омбудсман фаолиятининг қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик ва очиқлик тамойилларига аниқлик киритилди.

Янги таҳрирдаги энг муҳим қўшимча — омбудсманга таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқи берилгани.

Илгари у шикоятни қабул қилиши, муаммо ҳолатлари билан танишиши, шикоят асосида тергов бошлаши ва охирида бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича тавсияларни ўз ичига олган хулоса чиқариши мумкин эди.

Эндиликда омбудсман таъсир чоралари сифатида огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабномадан фойдаланиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақидаги огоҳлантириш омбудсман томонидан ташкилотларга ва мансабдор шахсларга ёзма равишда эълон қилинади. Омбудсман мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинганлиги тўғрисида унинг юқори турувчи органига (мансабдор шахсига) хабар қилишга ҳақли.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома омбудсман томонидан ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.

Тақдимнома кечиктирмай кўриб чиқилиши лозим ва кўрилган чоралар тўғрисида омбудсманга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, 15 кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиниши керак.

Ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилотларга омбудсман томонидан илтимоснома киритилади.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган қийноққа солиш ҳолларини бартараф этиш ҳамда ушбу ҳолларнинг олдини олиш мақсадида омбудсман томонидан тегишли ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган талабнома киритилади.

Талабнома тезкорлик билан кўриб чиқилиши лозим ва кўрилган чоралар тўғрисида омбудсманга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, 10 кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиниши керак.

Янги таҳрирда қийноқларнинг олдини олиш чора-тадбирларига, жумладан, омбудсманнинг ўзи, унинг ўринбосари ва минтақавий вакилларининг эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларига ташрифини мониторинг қилиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратилган. Улар ҳар қандай вақтда, ҳеч қандай тўсқинликсиз ва олдиндан огоҳлантирмасдан бундай ташрифларни амалга ошириши мумкинлиги алоҳида белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, қонунда омбудсман ҳузурида қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларининг олдини олиш мақсадида жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиши назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, жамоатчилик гуруҳлари, қоида тариқасида, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади. Бунда жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг камида қирқ фоизини аёллар ташкил этиши керак.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ўз вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳлик беришга ёки бу ҳолатларни бирон-бир тарзда ошкор этишга мажбур қилиниши мумкин эмас. Бу кафолат шахс жамоатчилик гуруҳи таркибидан чиққанидан кейин ҳам амал қилади.

Жамоатчилик гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Қонун, шунингдек, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг омбудсманга мурожаатлар қутиси орқали мурожаат қилиш имкониятини ҳам белгилайди. Улар жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда ўрнатилиши керак.

Омбудсман қутиси фақат омбудсман ёки унинг девони ходимлари томонидан бир ойда камида бир марта очилади. Омбудсман ёки унинг девони ходимлари омбудсман қутисига келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ҳақли.

Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясига мувофиқ, омбудсман бевосита қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *