• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Андижондаги боғда чархпалак қуриш бўйича тадбиркорлик хусусиятига эга лойиҳа «Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлди



Андижон вилояти Шаҳрихон туманида жойлашган Беруний истироҳат боғига 42 метр баландликдаги чархпалак ўйингоҳи қуриш лойиҳаси тадбиркорлик хусусиятига эга бўлишига қарамай, «Ташаббусли бюджет» жараёнида овоз бериш босқичига ўтказилди ва энг кўп овоз олган ҳолда ғолиб деб топилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Ҳудди шу ҳолат Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги аэропорт бино ва иншоотларини таъмирлаш лойиҳаси билан ҳам кузатилган. Йиғилишда Сенат қўмитаси бу ҳолатларни кескин танқид қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги берган маълумотларга кўра, бу лойиҳалар кейинчалик бекор қилинган.

Мажлисда Open Budget жараёнларини амалга оширишдаги бошқа муаммо ва камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Мисол учун, овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан «1282» ишонч телефони рақамига жами 74 та шикоят келиб тушган. Қўмита аъзолари ушбу ҳолатлар юзасидан таъсирчан чоралар кўриш кераклигини таъкидлади.

Хабарга кўра, 2024 йилда «Ташаббусли бюджет» жараёнларида умумий ажратилган маблағлар миқдори 5,7 трлн сўмни ташкил этган, бу 2023 йилга нисбатан 1,2 трлн сўмга ёки 26 фоизга кўпроқ.

2024 йилдаги икки мавсум давомида «Очиқ бюджет» порталига фуқаролар томонидан келиб тушган жами 63 мингдан ортиқ лойиҳаларнинг 52 мингдан кўпроғи (яъни 83 фоизи) туман ишчи комиссиялари томонидан овоз бериш жараёнига ўтказилган ва овоз бериш якунларига кўра 5,6 трлн сўмлик қарийб 4,8 мингта лойиҳа ғолиб деб топилган.

Ғолиб бўлган лойиҳаларнинг 1686 таси (35 фоиз) ички йўлларни таъмирлаш ва 1446 таси (30 фоиз) мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари ҳиссасига тўғри келган.

Амалдаги тартибга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари қарорига асосан ҳудудий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 56 та лойиҳа учун қўшимча равишда маблағ ажратилиб, улар ғолиб сифатида эълон қилинган.

Бундан ташқари, мажлисда 2024 йилги жараёнларнинг 1-мавсуми доирасида ғолиб деб топилган 993 та лойиҳа бўйича қурилиш ва харид қилиш жараёнлари ҳанузгача давом этаётгани юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *