• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун қабул қилинди



28 ноябрь куни Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини бутунлай тақиқловчи қонун қабул қилинди, деб хабар берди Reuters.

34 нафар сенатор тақиқни ёқлаб, 19 нафари эса қарши овоз берди. Таъкидланишича, қабул қилинган қонун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича дунёдаги энг қатъий талаблардан биридир. Сўровларда аҳолининг 77 фоизи бу қонунни қўллаб-қувватлади.

Мазкур ҳужжат ижтимоий тармоқлардаги ёш чекловини қонунлаштирган ёки қонунлаштиришни режалаштираётганини билдирган кўплаб ҳукуматлар учун андаза бўлади, дейилади хабарда.

Фойдаланувчиларнинг ёши қандай аниқланишига ойдинлик киритилмаган. Буни 2025 йил ўрталарида ўтказиладиган синов даврида тушунтириш режалаштирилган. Қонун бир йилдан кейин кучга киради.

Ҳужжатда гап қандай ижтимоий тармоқлар ҳақида бораётганига ҳам аниқлик киритилмаган. Австралия алоқа вазири Мишель Роуленднинг таъкидлашича, TikTok, Instagram, X (собиқ Twitter), Facebook, Reddit, Snapchat тақиқланган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, тақиқ YouTube`га таъсир қилмайди, чунки унинг «муҳим» бўлган таълимий мақсади бор, дея аниқлик киритди вазир.

Технологик гигантлар қонунга риоя қилмаса, 49,5 миллион Австралия доллари (30 миллион АҚШ долларидан ортиқ) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Қонун танқидчилари, жумладан, олимлар, сиёсатчилар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай тақиқлаш тескари натижага олиб келиши, ўсмирларни даркнетдан фойдаланишга ундаши ёки уларни янада яккаланиб қолишга мажбур қилишини таъкидламоқда, деб ёзмоқда The Guardian.

BBC нашрининг ёзишича, экспертлар ҳам VPN ёрдамида тақиқни четлаб ўтиш мумкинлигини таъкидламоқда. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маҳаллий бўлими қонунга қарши чиқди. Унинг баёнотида айтилишича, энди ижтимоий тармоқ эгалари Австралиядаги фойдаланувчилардан биометрик маълумотлар ёки ҳужжатларни юклаб олиш орқали ўз ёшини тасдиқлашни талаб қила бошлашлари мумкин, бу эса шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Қонунни Google ва Shapchat ҳам танқид қилди, Meta (Facebook ва Instagram`ни ўзида бирлаштиради) эса қабул қилинган чекловлар «самарасиз» бўлишини ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича эълон қилинган мақсадга мос келмаслигини айтди.

2023 йилда худди шундай қонун Францияда қабул қилинган бўлиб, у ерда 15 ёшгача бўлган болаларга ота-онасининг розилигисиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган. Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, болаларнинг ярмига яқини тақиқни четлаб ўтиш учун VPN`дан фойдаланмоқда.

Флорида штатида эса 14 ёшгача бўлган болалар учун тўлиқ тақиқ киритилиши сўз эркинлиги бўйича эътирозларни келтириб чиқарди.

Австралия бош вазири Энтони Альбанезе қонунни қабул қилиш зарурлигини тушунтирар экан, «ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви ва ёш австралияликларнинг руҳий саломатлигига зарар келтириш ўртасида аниқ сабаб-оқибат алоқаси» борлигини айтди. «Бу глобал муаммо ва биз австралиялик ёшлар ўз болалигига эга бўлишини хоҳлаймиз. Ота-оналар хотиржам бўлишини истаймиз», — деди у.

Бироқ тақиқ Австралиянинг асосий иттифоқчиси АҚШ билан муносабатларини кескинлаштириши мумкин, чунки Х эгаси, сайланган президент Дональд Трамп маъмурияти вакили Илон Маск бу «барча австралияликларнинг интернетга киришини назорат қилишнинг яширин усули» дея атади, деб ёзади Reuters.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *