• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

“Толибон” тақиқига қарамай Афғонистонда опиум ишлаб чиқариш яна ошди


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC)нинг ҳисоботида айтилишича, Афғонистонда опиум ишлаб чиқариш 2024 йилда “Толибон” тақиқлаганига қарамай 19 фоизга ошган.

Фото: BBC

Ўсиш 2023 йилдаги 95 фоизга пасайишдан кейин содир бўлди. Бироқ опиум ишлаб чиқаришнинг ҳозирги даражаси ҳали ҳам 2022 йил даражасидан сезиларли даражада паст.

UNODC ижрочи директори Гада Валий афғон фермерлари муаммоларини инобатга олган ҳолда улар учун муқобил вариантлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

“Афғонистонда опиум етиштириш даражаси пастлигича қолар экан, афғон фермерларини ноқонуний бозорлардан ташқарида барқарор даромад манбаларини ривожлантиришда қўллаб-қувватлаш масъулияти ва имкониятимиз бор”, деди у.

Расмийнинг қўшимча қилишича, “афғонистонлик аёллар ҳамда эркаклар оғир молиявий ва гуманитар муаммоларга дуч келишда давом этмоқдалар ва шошилинч равишда муқобил яшаш воситаларига муҳтож”.

UNODC ҳисоботида опиум етиштиришда сезиларли географик ўзгаришлар қайд этилган. Афғонистон жануби-ғарбий қисми анъанавий равишда мамлакатнинг “опиум маркази” бўлган бўлса-да, жорий йилда мазкур наркотик воситасини ишлаб чиқаришнинг 59 фоизи шимоли-шарқий вилоятлар ҳиссасига тўғри келган.

Бу вилоятда опиум етиштиришнинг ўтган йилга нисбатан қарийб тўрт баробар ўсганидан далолат беради.

UNODC маълумотларига кўра, опиум ишлаб чиқаришнинг қайта тикланишига сабаб бўлган омиллардан бири бозор динамикаси ва фермерлар дуч келадиган қийинчиликлар бўлиши мумкин. 2024 йилнинг биринчи ярмида қуруқ опиум экстракти нархи ҳар бир килограмм учун тахминан 730 долларни ташкил этган.

БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, БМТнинг мамлакатдаги миссияси раҳбари Роза Отунбаевага кўра, афюн ишлаб чиқаришнинг қисқариши нафақат Афғонистон, балки минтақа ва бутун дунё учун ҳам ижобий ҳолатдир.

Шу билан бирга, у фермерлар қийин вазиятга тушиб қолганини, қишлоқ жамоалари муҳим даромад манбасини йўқотгани ва опиум ишлаб чиқаришдан воз кечиш учун зудлик билан халқаро ёрдамга муҳтожлигини қўшимча қилди.

Аввалроқ “Толибон” опиум етиштиришни тақиқлаганидан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб фермерларга 100 минг тоннага яқин буғдой ва маккажўхори уруғлари, шунингдек, 200 минг тонна кимёвий ўғит тарқатгани ҳақида хабар берилган эди.

“Деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун уруғ ва ўғитлар миллий ҳамда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда республика бўйлаб тарқатилди”, дея таъкидлаган афғонистонлик расмий. 

Унга кўра, жорий йил охиригача фермерлар яна 53 минг тонна уруғ олади. Бугунги кунда маккажўхори ва буғдой етиштириш фермерларга кўкнори экишдан оладиган даромадни келтирмаяпти. Шу сабабли, улар қишлоқ хўжалиги вазирлигидан опиум ўрнига донли экинлардан кўра даромадлироқ экин бериш имкониятини сўрамоқда.

“Толибон” 2023 йил Ҳилманд вилоятида опиум ўрнига экиш учун муқобил вариант сифатида хурмо палмасини айтганди. Биринчи ҳосилни 19 ойдан кейин йиғиб олиш мумкин, бундан ташқари, палма дарахти буғдойга қараганда камроқ сув истеъмол қилади. Ҳилманднинг қуруқ иқлими бунга мос келиши таъкидланган. “Толибон” ўшанда янги ҳосилга 100 гектар ер ажратилишини айтганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *