• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Темир сотиб мушук боққан қизалоқ, ўртоғи учун мактабга тушлик олиб борган болакай…


Яхшилик ва олижаноблик. Мана шу икки иборани кўпчилик бир хил маънога йўйишади. Аммо… яхшиликни ҳар бир одам қила олади, олижанобликни эса йўқ. Унинг залвориям, юкиям оғир…

Иккинчи жаҳон урушида эвакуация қилинган болаларнинг 16 нафарини асраб олган Шомаҳмудовлар оиласи тарихда қолди. Чунки улар шунчаки яхшиликмас, олижаноблик қилган эди. Ўзлари оч бўла туриб, одамлар бир фарзандига нон топиб беролмаган пайтда бир нечта бошқа миллатга мансуб болаларнинг бошини силагани учун. Яъни, бу том маънода олижаноблик эди. Шу қадар катта олижанобликки, ҳатто бу воқеа ўзбек халқининг имижини бир поғона баландга кўтарди. Ўзбек миллати олижаноб халқ, деган яхши маънода ёрлиқ олиб берди.

Бугунги кунда ҳам бутун дунёда олижаноб одамлар бор, миллатдошларимиз орасида ҳам.

Ижтимоий тармоқларда Беҳзод Абдураҳмонов ёзаяпти:

«Кўп қаватли уйда тураман. Мавземизга кираверишда, «Шифокорлар шаҳарчаси»нинг кичик бозорчаси бор. Ўзи кичик бозор бўлса-да, бирламчи эҳтиёж маҳсулотларининг барчаси мавжуд. Шу бозорча кираверишида икки аёл пишган жўхори сотади. «Олтин тепа» тарафдан ҳар куни икки қоп маккажўхори олиб келиб, тирикчилик қилишади. Офтобдан қорайган, меҳнатдан, оғир-оғир қопларни кўтаравериб дағаллашган мунис аёллар. Уларнинг бири, ўзимизнинг жайдари, иккинчиси голланд навли жўхори сотади. Икковининг ҳам ўзига яраша мижозлари бор. Кунига кўп пул топмаса ҳам, ҳарна қора қозонни қайнатишга кўмак.

Фарзандларим маккажўхорини яхши кўришади, кунда бўлмаса ҳам 3-4 кунда бир уйга албатта маккажўхори олиб кираман. Охирги 10 кунлар чамаси, аёлларнинг бири кўринмай қолди. Бу орада, жайдари маккажўхори сотувчи аёлдан нафақат мен, кўринмай қолган яна бир сотувчининг бошқа мижозлари ҳам олди. Аёлнинг даромади ҳам аввалги кунларга нисбатан ошгани табиий. Бугун, голланд жўхориларини сотадиган аёл яна савдога чиқибди, бир четда ўтириб савдо қиляпти. Саломлашиб, кўришиб, «опа бормисиз, фарзандларим голланд жўхориларингизни соғинди, нега кўринмай қолдингиз» деб сўрадим.

Улар кулиб, «эҳ ука, мени жўхорим голланд навли, юмшоқроқ, сал қиммат бўлса-да тез сотилади. Шеригимники жайдари, ширин бўлса ҳам сал қаттиқроқ, шунга сотилиши камроқ. Даладан қатнаймиз, қорақозон, тирикчилик… Ҳаммамизнинг дардимиз бир… Бизнинг уйда иккита сигир бор, сутини сотаман, жўхорини ён фермадан олиб, пишириб сотаман, болалар ейман дейди, хуллас амаллаб яшаяпмиз.

Шеригимнинг тирикчилиги эса фақат шу жайдари жўхоридан, у тўй бошлаб қўйган, мен-ку 10 кун сутимни сотсам куним ўтади, унга бошқа ёрдам бера олмасам, ҳеч бўлмаса, шу ёрдам бўлсин, мен йўғимда кўпроқ жўхори сотиб, кўпроқ пул топсин деб чиқмадим, унга эса мазам бўлмади, деб қўя қолдим…»

Ҳалолликка қурилган савдо ва иймон тўла қалбни шу аёлда кўрдим ва ўзимни сарҳисоб қилиб, ўзимга-ўзим ачиндим…».

Келинг, бу аёл шеригига шунчаки яхшилик эмас, олижаноблик қилганини таҳлил қиламиз.

У шериги тўй учун кўпроқ пул ишласин, деб ўзининг даромадидан бир неча кунга бўлса-да воз кечаяпти, иккинчи томони эса ўша қилган яхшилигини айтмагани, айнан айтмагани, мазам бўлмади, деб ёлғон гапириб қўя қолгани ОЛИЖАНОБЛИК.

Нимагадир ижтимоий тармоқларда, реал ҳаётда зўравонликка оид хабарлар, воқеалар, бирор раҳбарнинг ишдан олиниши, порахўрлар ҳақидаги ахборотлар қизғин муҳокама қилинади. Лекин бир инсоннинг ОЛИЖАНОБЛИГИ ҳақидаги воқеалар эътибордан четда қолади, ваҳоланки, айнан шундай олижаноб одамлар кўпайса зўравонлик, порахўрлик, бировнинг ҳақидан қўрқиш камаяди. Яъни, бундай одамлар жамиятнинг тузалиши учун янги қон.

Яқинда Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани Ёшлар ишлари агентлиги кутубхона очган қиз ҳақида тайёрлаган ролик мени жуда таъсирлантирди. Унда имконияти чекланган қиз қишлоқда китоб ўқиш учун чексиз имкон яратибди, яъни беш йил касалхонага бормай, даволанишдан воз кечиб пулига китоб сотиб олибди.

Олижаноб қиз туфайли қишлоқда бир ажойиб кутубхона пайдо бўлди. Видеонинг бошидаёқ Наргизанинг бир гапи ўзига ром қилди, «нимага фақат мен китоб ўқишим керак, бошқалар ҳам китобдан баҳраманд бўлиши керак. Қарасам ота-оналар ўзи билан ўзи, болалар қаровсиз қолаяпти…».

Агар Наргиза китоб ўқимаганда болалар ота-она назоратисиз, қаровсиз қолаётганини ҳис қилармиди? 

Беш йил даволаниши керак бўлган пулини китоб йиғиш учун сарфлаганини эса истар-истамас айтиб берди. У китобни яхши кўрмаганида шунақа ОЛИЖАНОБ бўла олармиди?

Наргизанинг ўзи айтганидек аввало, унинг ота-онасига раҳмат, бирон марта бошингни оғритма, китоб олиш ўрнига даволанишинг керак, деб маломат қилмаганига, демак унинг ота-онаси ҳам олижаноб одамлар.

Шундай пайтда кўнглингиз янада ёришади, ахир атрофимизда ҳали эзгулик қила оладиган ва уларга тиргак бўла оладиган ёшлар кўп, жудаям кўп…

Тасаввур қилаяпсизми, бу қишлоқда китоб ўқийдиган болаларнинг кўпайишини, оналарнинг дунёқараши ошишини…

Олижаноблик нима, деган саволга яқин-яқингача жавоб қидирардим. Ва воқеаларни таҳлил қилиш асносида жавоб топдим: олижаноблик бу одамлар учун, миллат учун ўзингдан кечиш. Яхшиликни ҳар ким қила олади дедик, яъни сиз ўзингиздан пулингиз ортса муҳтожга бера оласиз, уйингиздаги ортиқча нарсангизни бера оласиз, йўлда кетаётган кекса одамнинг сумкасини ёш бўлганингиз, кучингиз етгани учун кўтаришасиз, яъни яхшиликни қила оласиз ҳар доим, аммо олижанобликни эмас. Олижаноблик бу: эҳтиёжмандга ўзингиз учун асраб қўйган охирги пулни бера олиш, чўкаётган жонзотни сузишни билмасангиз ҳам қутқаришга ҳаракат қилиш,

яқин дўстингизга жигар кўчириб ўтқазиш керак бўлса иккиланмай жигарингизнинг бир парчасини бера олиш…

Кўчамизнинг бошида темир-терсак сотиб оладиган жой бор. Яқинда икки нафар кичкина қизалоқ қўлларида темирлар билан тарозибон амакининг бошини қотираётган экан. Ўша ерда бироз транспорт кутиб қолдим, темир оладиган амаки қизларга нимадир деди, қизлар ҳам нимадир деди… Кейин амакининг овози узуқ-юлуқ эшитилди, олиб келган темиринг 6 минг бўлди, мен сенга 10  минг бераман, сеники 8 минг бўлди, сенгаям 10 минг бераман, яхши қиз экансанлар, деди. Кейин мен қизчаларни кузатишда давом этдим. Иккаласи пулни олиб ўша ердаги дўконга кириб кетишди. Мен ўйладим, ҳозир ширинлик олиб чиқса керак деб, дарвоқе қўлларида рангли қоғозда нимадир бор эди. Уларни кузатишда давом этдим. Шунда қизалоқлар, ўша ерда бурчакда ўтирган каттароқ мушук боласига овқат бераётганига кўзим тушди. Қизалоқлар мушукни овқатлантириш учун темирларни сотган экан. Мана бу ҳам олижаноблик, отаси берган тайёр пулга мушукни овқатлантирганда шунчаки яхшилик деб ўйлаган бўлардим, йўқ улар мушукни овқатлантириш учун «ишлашди» – яъни темир йиғиб сотишди.

Олижаноблик бошқа халқларда қандай талқин қилинишига қизиқиб маълумот қидирдим. Аммо бирорта жўяли жавоб топа олмадим, яъни ўзбек тилидек жарангдорини кўрмадим – О-Л-И-Ж-А-Н-О-Б-Л-И-К. Ҳар хил маъноларда қўлланилган эди. Йўқ барибир мен олижаноблик инсонийлик демоқчи бўлдим, унданам баланддек туюлди, инсофлилик демоқчи бўлдим йўқ унданам баланддек туюлди…

Дунё бўйлаб олижаноб одамлар ҳақида кўплаб ҳикояларни ўқидим.         

Америкалик Осетте Дуранд ўғли Диланга доимо мактабга икки кишилик овқат бериб юборган. Овқатнинг биттасини ўғли камбағал дўсти учун олиб борган. Диланнинг бу ишидан хабар топган мактабнинг волейбол жамоаси аъзолари унга 400 доллар хайрия қилишди. Аммо Диланнинг оиласи бу пулларни ўзлари учун ишлатмасдан бошқа камбағал мактаб ўқувчиларининг тушликларини шу маблағлар ҳисобидан тўлашга қарор қилди, шунда улар ҳам ҳамма билан тенг равишда ошхонада овқатланиш имкониятига эга бўлдилар.

Америкалик полиция ходими Лоуренс де Прим совуқ кунда нафақат оёқ кийими, балки оёғида пайпоқ ҳам бўлмаган уйсиз одамни кўчада кўриб қолди. Ялангоёқ одам билан гаплашгандан сўнг, Лоуренс оёқ кийимининг ўлчамини билиб олди, ва  энг яқин дўконга бориб, унга пайпоқ ва этик сотиб олди. Кейин Лоуренс оёқ кийимларни эҳтиёткорлик ва меҳр билан ўша одамга кийгазиб қўйди.

Керол Сакман умуман машҳур шахс эмас, балки оддий бадавлат америкалик аёл. Бир куни у Манхеттен бўйлаб сайр қилиб, тасодифан синиш ёқасида турган ўйинчоқлар дўконига кирди ва барча ўйинчоқларни сотиб олди. Аёл бу ўйинчоқларни Нью-Йорк штатидаги етимхоналарга тарқатди – бир йўла икки карра одамийлик қилди. Дўкон эгасини жар ёқасидан олиб қолди ва етим болаларни хурсанд қилди. 

Америкалик Кентон Ли эса кениялик қанчадан-қанча болажонларнинг оёқларини асраган йигит. У Кенияда волонтер бўлиб хизмат қилади. У бир куни кичкина қизалоқнинг оёғидаги кроссовкаларини кўриб қолади. Оёғига сиғмаган бошмоқчаларнинг олди қирқилган бўлади. Кейин у жуда кўп болаларни кузатади. Оёқ яланг юрган болаларнинг товонларидаги йирингли яралар, тилинган, шилинган жароҳатлар, вирус тушган тузалмас касалликлар Кентонни ўйлантириб қўяди. Африкалик болаларнинг ялангоёқ юриши улардаги етишмовчилик, йўқчилик билан боғлиқлигини тушуниб етади. Кейин у 2009 йил 5 размерга каттарадиган, яъни ўсадиган пойабзалларни ўйлаб топади.

Усти ҳақиқий чарм, таги мустаҳкам резинадан ишланган пойабзаллар ёнига ҳам, бўйига ҳам «ўсади». Дастлаб ушбу оёқ кийимларнинг 3000 жуфти тезда сотилиб кетади. Кейинчалик Кентон жуда кўп шундай бошмоқчаларни сотиб олишга қурби етмаганларга совға қилади. Бола боғчага чиққандан токи мактабни тугатганча кийиши мумкин бўлган бу оёқ кийимлар атиги 30 долларга сотилади. Гапнинг қисқаси, Кентон яратган кашфиёт миллионлаб болаларнинг ҳаётини яхшилайди, тақдирини ўзгартиради…

Олижаноблик ана шундай кучга эга – инсоннинг тақдирини, ҳатто дунёни ўзгартиришга қодир.

Мен ҳам илк бор дунё қўрқинчли жой эмаслигини англадим. Чунки унда бизга керак бўладиган қуёш тафтидан ҳам иссиқ – олижаноблик бор.

                                                                                                                                   Барно Султонова



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *