• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент радикаллашувга қарши кураш ва диний маърифатни ривожлантиришга оид йиғилиш ўтказди



28 ноябрь куни президентга ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш ва диний маърифатни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги беш йилда мамлакатда 100 дан ортиқ янги масжидлар қурилиб, 555 таси таъмирланган.

Охирги етти йилда Ҳаж квотаси икки баравар оширилди, 60 мингдан ортиқ фуқаро ҳаж зиёратига борди. Умра сафарларини ташкил қилиш қонуний тартибга солинди.

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий-тадқиқотларга минбар бўлмоқда. Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасасида малакали мутахассислар тайёрланяпти. Шунингдек, 30 минг фуқаро «Қуръони карим ва тажвид» курсларини тамомлаган.

Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний ва Сузук ота ёдгорлик мажмуалари қайта тикланди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида ишлар давом этмоқда. «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 90 та зиёратгоҳ таъмирланиб, ободонлаштирилди.

«Бугун кибермаконда хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Чегаралар ва қонунларни тан олмайдиган интернет тармоқлари орқали радикал ғоялар ҳам кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳолининг нисбатан заиф қатламлари, жумладан, ёшлар турли ноқонуний гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётгани афсусланарли. Бутун жамоатчилик бундан огоҳ бўлиши, уламолар ва нуронийлар тўғри йўлни кўрсатиши керак», — дейилади хабарда.

Маҳаллаларда Қўқон ва Марғилон тажрибаси асосида «Оқсоқоллар ва ота-оналар кенгашлари» тузилгани, шунингдек, Ўзбекистон ҳожиларининг «Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз» ташаббуси ҳам ижтимоий вазиятни яхшилашда ижобий қадам бўлди, таъкидлади президент.

Йиғилишда бундай ташаббусларни давом эттириш, маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни билим ва меҳнатга кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни жамиятга қайта мослаштириш, бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда мамлакатда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни сақлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Аввалроқ Тошкент вилоятида ИИВ ва ДХХ ходимлари интернет тармоқлари орқали радикал ғоялар таъсирига тушиб қолган 17 ёшли ўсмир атрофида тўпланган 17 кишидан иборат гуруҳни қўлга олгани хабар қилинганди. Тергов маълумотларига кўра, улар «Ислом давлати» сафига қўшилиш ниятида бўлган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *