Сеулда 100 йилдан буён рекорд даражадаги энг кучли қор ёғди. Жанубий Корея метеорология агентлиги маълумотларига кўра, 27 ноябрь куни эрталаб 16,5 см қалинликда қор ёғган.
“Бу қор 1972 йил ноябрь ойидаги қалинлиги 12,4 сантиметрга етган аввалги максимал кўрсаткичдан ошиб кетди”, деб ёзади The Guardian.
Қор 26 ноябрь куни бошланиб, 2024 йилги қиш мавсумининг биринчиси бўлди. Корея метеорология бошқармасининг аниқлик киритишича, бу қор 1907 йилдан бери давом этаётган кузатувлар тарихидаги энг кучли қор бўлган.
Кучли ёғингарчилик нафақат пойтахтда, балки республиканинг марказий, шарқий ва жануби-ғарбий вилоятларида ҳам қайд этилган. Айрим ҳудудларда қор қалинлиги 23 см га етган.
Об-ҳаво ноқулайлиги туфайли транспорт ҳаркати тўхтатилди. Мамлакат аэропортларида 220 та рейс бекор қилинди. Йўлларда, айниқса Сеулда муз ҳосил бўлиб, жиддий тирбандликларни келтириб чиқарди.
Жанубий Корея президенти Юн Сек Ёл қор ёғиши оқибатларини бартараф этиш учун барча ресурслардан фойдаланишни буюрди. Хавфсизлик ва транспорт вазирликларига шахсий таркиб ва техникани сафарбар этиш, шунингдек, фуқароларни йўл ҳолати ва об-ҳаво шароити ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш бўйича топшириқлар берди.
Метеорологларнинг маълумотларига кўра, қор ёғиши 28 ноябрь, пайшанбагача давом этади. Расмийлар аҳолига йўлларда эҳтиёт бўлишни қатъий тавсия қилмоқда.