Жорий йил 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида юзлаб халқаро кузатувчилар қатнашди. Малайзия Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти раиси Моҳд Файз Абдуллоҳ ҳам ушбу муҳим сиёсий ҳодиса баҳонасида юртимизда меҳмон бўлди. Таниқли олим Xabar.uz’га тақдим этган мақоласида парламент сайлови, Ўзбекистон ҳамда Малайзия, Марказий Осиё ва АСЕАН ҳамкорлигига доир таклиф ва мулоҳазаларини баён қилган.
Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар шароитида АСЕАН билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имкониятлари
Ўзбекистон демократик эврилишлар йўлидан кетмоқда. Бу борада тетапоя одимларнинг ўзиёқ ички бошқарувда туб ўзгаришлар рўй беришидан далолат бераётир. Бу шунчаки рамзий ҳаракат эмас, билъакс, теран моҳиятли, халқ манфаатларига йўналган эврилишлар орқали миллий низомни демократик қадриятларга уйғун этиш мақсад қилинган. Шу боис ҳам 2023 йилда мамлакатда демократик эркинликларни янада кенгайтириш, ишбилармонлик ва глобал сармояни рағбатлантиришга қаратилган Конституцияга туб ўзгаришлар киритиш ташаббуси кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзбекистонда яқинда бўлиб ўтган ва электоратнинг қарийб 75 фоизи қатнашган сайлов эса ушбу ўзгаришларга янада ишончли гувоҳлик берди.
Овоз беришда илк бор қатнашган сайловчилар, айниқса, тарихан етарлича тамсил этилмаган аҳоли гуруҳи бўлмиш ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирокини алоҳида таъкидлашни истардим. Ўзбекистонда номзодларнинг камида 40 фоизи хотин-қизлар вакили бўлиши кераклиги ҳақида ҳуқуқий мажбурият белгилангани ҳам тараққиётнинг яна бир белгисидир. Бинобарин, бу мамлакат инклюзив сиёсий ландшафт яратишни рағбатлантираётганини тасдиқлайди. Сайловда барча аҳоли қатламларининг фаол иштироки фуқаролар мамлакат келажагига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Бу Совет Иттифоқи узил-кесил парчаланганидан кейинги йилларда Ўзбекистонда кузатилган ўз-ўзини изоляциялашга буткул терс ҳолат, албатта.
Мен Ўзбекистондаги парламент сайловини кузатган 850 нафар халқаро кузатувчилардан бири сифатида мамлакатдаги демократик эврилишларни ўз кўзим билан кўриш имконига эга бўлдим. Сайловчиларнинг кўтаринки руҳини юз-кўзидан сезиш мумкин эди. Одамлар овоз бериш учун узун навбатларда тургани ҳам умидбахш манзарадир. Шаҳар марказидан меҳмонхонамизга етиб боргунга қадар бир соатча вақт кетди. Гап шундаки, меҳмонхона яқинидаги йўл мусиқа, рақс ва бошқа кўплаб чиқишларга уланиб кетган сиёсий тадбир сабаб ёпилган эди. Бу манзара менга сиёсий вакилликни қабул қилишга шай Янги Ўзбекистоннинг рамзи бўлиб кўринди. Бу каби тадрижий, айни чоқда, дадил одимлар Ўзбекистоннинг демократияга ўтиши қўл етмас орзу эмас, балки рўёбга чиқаётган реаллик эканидан шаҳодат беради.
Малайзия Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти тарихий сайлов билан бирга, Тошкентда ўтказилган «Янги Марказий Осиё: глобал трансформациялар давридаги хавф-хатарлар ва имкониятлар» мавзусидаги анжуманга ҳам таклиф этилган эди. Ҳамкор таҳлил марказ – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик в минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган халқаро анжуман Ўзбекистондаги трансформация жараёнлари бўйича мулоқотимизни янада мустаҳкамлаш учун мақбул платформа вазифасини бажарди. Жаҳоннинг турли мамлакатлари вакиллари қатнашган анжуманда минтақанинг долзарб муаммолари, жумладан, Марказий Осиёдаги минтақавий интеграциянинг ишга солинмаган имкониятлари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар асносида мен АСЕАН – Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмасини минтақавий ҳамкорликнинг синовдан ўтган модели сифатида тақдим этдим. Мазкур тузилманинг тинчлик, мулоқот ва муштарак иқтисодий тараққиёт тамойиллари (улар ZOPFAN, яъни Тинчлик, эркинлик ва бетарафлик макони қисқартмаси билан ифодаланади) Марказий Осиёдаги интеграция ҳаракатларида асос бўлиши мумкинлигини таъкидладим. Кўпқутбли рақобат тобора кучайиб бораётган дунёда минтақавий мулоқот, бетарафлик ва ҳамкорликни шунчаки идеаллар деб баҳолаш тўғри эмас. Улар, айниқса, мураккаб чегара муаммолари ҳамда тарихий гина-кудурат мавжуд минтақаларда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда сув билан ҳаводек зарур.
Ўзбекистоннинг АСЕАН, хусусан, Малайзия билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истаги турли секторларда улкан имкониятлар эшигини очиши мумкин. Жумладан, ҳалол туризм истиқболли йўналишлардан бири саналади. Ўзбекистонга сафаримиз чоғи бизни қадимий Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари зиёратига таклиф этишди. Ўзбекистоннинг бу икки шаҳри ҳам мўътабар исломий таълим марказлари сифатида танилган, ҳам ислом илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган.
Малайзияда ҳалол бозор кенгайиб бормоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми диний зиёратгоҳларга боради. Бу жиҳатдан, Ўзбекистон ҳалол туризм учун манзур ва мақбул йўналишга айланиши мумкин. Бу маданий салоҳият наинки қўшимча иқтисодий имкониятлар туҳфа этади, шу билан бирга, бутун ислом оламида маданий ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Яшил энергетика ва технологиялар соҳасидаги алоқалар ҳам ҳамкорлик учун манфаатли йўналишлар сирасига киради. Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётга содиқлиги Малайзия ҳукуматининг MADANI (“Барқарор тараққиёт, ғамхўрлик, ҳурмат, инновациялар, фаровонлик ва ишонч” маъносини англатувчи қисқартма, Малайзия давлатчилиги фалсафаси) ташаббуси ҳамда бош вазир Анвар Иброҳим Миллий энергетика трансформацияси йўл харитаси ва Иқлим ўзгариши бўйича миллий сиёсий дастурда илгари сурган яшил технологиялар бўйича мақсад-марраларга ҳамоҳангдир. Шиддат билан ривожланиб бораётган ушбу йўналишдаги ўзаро тажриба алмашув ва ҳамкорликдан ҳар икки мамлакат ютади.
Қуёш энергияси ва яшил инфратузилмалар борасида қатъият ва тажрибага эга Малайзия Ўзбекистоннинг тоза энергетикага ўтишида қимматли маълумотлар ва кўмак тақдим этиши мумкин. Ўзбекистоннинг муҳим фойдали қазилмаларга бой экани эса Малайзияга ўз таъминот ҳалқасини диверсификациялаш, яшил энергетикага ўтишда муҳим аҳамият касб этган ресурсларни етказиш борасида ишончли ҳамкорга эга бўлиш имконини туҳфа этади. Бу минераллар углеродларни тутиб қолиш ва сақлаш, қуёш панеллари, электр батареялар каби қайта тикланадиган энергетика технологияларини ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади. Ушбу йўналишда ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳар икки давлатнинг глобал иқтисодий барқарорликка ҳиссасини оширади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакатларимиз муштарак нуқтаи назарга эга яна бир жабҳадир. Малайзия озиқ-овқат барқарорлигига алоҳида аҳамият бераётгани, Ўзбекистон эса қишлоқ хўжалиги имкониятларини кенгайтиришга интилаётгани ҳисобга олинса, барқарор аграр тажриба ва технологияларни янада ривожлантириш, соҳа муаммоларини тадқиқ этувчи қўшма корхоналар таъсис этилиши нафақат икки мамлакат, бошқа минтақаларга ҳам манфаат келтиради.
Ўзбекистон ва Малайзия барқарор қишлоқ хўжалигига сармоя киритиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги стратегиясини янада мустаҳкамлайди, озиқ-овқат импорти узилиши хавфини камайтиради, озиқ-овқат хавфсизлигига доир глобал муаммолар шароитида рақобатбардошлик касб этади.
Ўзбекистондаги тадрижий демократик ўзгаришлар очиқлик ва тараққиётга содиқлик борасидаги янги интилишлар манзарасида кечмоқда. Малайзия ва АСЕАН учун Ўзбекистон билан ҳамда минтақавий интеграция доирасида Марказий Осиё билан ҳамкорлик ўсиш, равнақ учун янги уфқларни очади. Изчил тараққиёт, маданий алмашув, иқтисодий барқарорлик каби муштарак мақсадларга биргаликда сармоя киритиш орқали биз янада барқарор ва фаровон Глобал Жануб пойдеворини қўйишимиз мумкин.
Албатта, Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ҳали мукаммал эмас, аммо янграган ҳар бир овоз ва йўлга қўйилган ҳар бир ҳамкорлик билан мамлакат халқ иродасидан куч олган, дунё билан янада яқин, янада муштарак робиталар ваъда қилган келажак сари дадил одимламоқда.
Моҳд Файз Абдуллоҳ,
Малайзия Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти раиси, профессор