Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Мифономика» подкастида нима учун баъзи давлатларда хавфсизлик қоидалари ишлаши, баъзиларида эса ишламаслигини тушунтирди. Унинг айтишича, Ғарб мамлакатларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиши лозим бўлганлар давлатга қараганда хусусий суғурта компанияларидан кўпроқ қўрқади.
«Бундан 100 йилча олдин Сан-Францискода ер қимирлаган ва ёнғин содир бўлган. Оқибатда шаҳарнинг катта қисми бутунлай йўқ бўлиб кетган. АҚШда ундан кейин ундан ҳам кучлироқ ер қимирлашлари кузатилган. Масалан, 90-йилларда Лос-Анжелесда ер қимирлаган. Рихтер шкаласи бўйича ҳам, эпицентр аҳоли яшаш жойига яқинлиги бўйича ҳам, барча категориялар бўйича ҳам анча каттароқ кулфатлар кузатилган. Лекин уларда анча камроқ инсонлар жабр кўрган. Буни тушунтирадиган катта нарса бу — суғурта», — дейди Беҳзод Ҳошимов.
Унинг таъкидлашича, суғурта ёки молия инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи восита саналади.
«Бу қандай ишлайди? 30-йилларда сиз Сан-Францискода уй қурмоқчисиз дейлик. Агар сиз ўша уйни тахтадан қурсангиз суғуртангиз тўлови каттароқ бўлади. Сизни иқтисодий рағбатлар уйингизни оловга қарши туриб бера оладиган материаллардан қуришга мажбур этади. Ёки суғурта компанияси уйингизни суғурталашдан бош тортади. Лекин давлат барча кўп қаватли уйларни суғурталашни мажбурий қилиб қўйса, ўша уйларни қурадиганлар ер қимирлашига ёки ёнғинга қарши технологиялардан фойдаланишга мажбур бўлади», — дейди Нью-Йорк университети профессори
У подкастда ўз фикрига мисол келтирди ва Туркияда ер қимирлашини эслади.
«Шундан сўнг Туркия жамиятида ҳам бу нарса ҳақида кенг гапирила бошланди. Қайсидир жойларда бундан ҳам кучли ер қимирлашлари кузатилган. Жамият нима учун бир жойда бунча кам, бир жойда бунча кўп одам ўлди, деган саволга жавоб излаган», — деди у.
Иқтисодчи Россиядаги «Зимная вишня» савдо марказида кузатилган катта ёнғинни ҳам эслаб ўтди (ёнғин оқибатида 64 нафар инсон вафот этган).
«[Ўшанда] тергов натижаси ёнғин учун эшиклар ёпиқ бўлганини, ёнғинга қарши турли тизимлар ва ҳоказолар ишламаганини кўрсатган. Нима учун ёнғинга қарши тизимлар Ғарбда ишлайди? Улар инсофли бўлгани учун ёки ёнғин хавфсизлиги тизимида ишлайдиганлар яхшироқ бўлгани учун эмас. Агар [Ғарб мамлакатларидаги] қайсидир савдо марказида ёки кинотеатрда ёнғин пайтида фойдаланиш учун мўлжалланган эшик ишламаса, суғурта компанияси ўша корхона эгасини „бурнидан булоқ“ қилади, жаримага тортади», — деди у.
Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ғарб мамлакатларида фаолияти қурилиш ва шундай нарсалар билан боғлиқ компаниялар назорат масаласида давлатдан кўра хусусий суғурта компанияларидан кўпроқ қўрқади.
«Чунки давлат ишчиси келиб, „сизда ҳаммаси яхши экан“, деб, қўл қўйиб кетиши, пора олиши ёки бошқа нарса қилиши мумкин. Лекин у ерда пул йўқотиши мумкин бўлган хусусий суғурта корхонаси ҳар бир инсон учун миллионлаб компенсация тўлаши мумкинлигини ҳисобга олади», — деди у.
Суғурта корхонаси учун ҳеч ким ўлмаслиги ёки шикастланмаслиги муҳим ва улар шундан фойда олади, чунки бу ҳолатда суғурта тўловлари компанияда қолади.
«Суғурта ёки молия компанияларининг яхши рағбати шундан иборатки, ҳеч кимга шикаст етмаса, улар фойдада бўлади. Шунинг учун улар ҳеч ким майиб бўлиб қолмаслиги учун қўлидан келганини қилади, синчиклаб текширишади. Шунинг натижасида ҳаёт анча хавфсизроқ бўлади. Табиий офатлардан инсоният тарихида олдин жуда кўп ўлимлар кузатилган. Шу ўлимлар камайганини изоҳловчи катта сабаблардан бири технологиялар ва бошқалар қаторида суғурта ҳам ҳисобланади. АҚШда Сан-Францискода фожиа билан солиштирганда бу аниқ кўринади. Улар бундан яхши хулоса қилишган. Калифорнияда ҳали ҳам кўп ер қимирлайди, ҳали ҳам кўп ёнғин кузатилади. Ўша Сан-Францискодаги офатдан кейин ҳам анча кўпроқ табиий офатлар ва ёнғинлар кузатилди, лекин анча камроқ одамлар ўлди. Бунинг негизида иқтисодий рағбатлар ётибди деб ўйлайман», — деди Беҳзод Ҳошимов.
Подкастни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин: