Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув бузилса, Исроил кенг кўламли урушга тайёр бўлади. Бу ҳақда яҳудий давлати бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.
“Биз (келишув) бузилганда шиддатли урушга тайёргарлик кўрамиз”, деди у.
Нетаньяху келишув Исроил томони “хоҳлаган нарсага эришгани” учун имзоланганини айтди. 28 ноябрь куни Ливан яҳудий давлатини “Ҳизбуллоҳ” билан эришилган келишувни бузишда айблади. Жумладан, Исроил “ҳар хил турдаги қуроллардан фойдаланган ҳолда” зарбалар бергани айтилмоқда.
Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ”нинг “шубҳали фаоллиги” туфайли Ливан жанубига ҳаво ҳужумлари уюштирилгани маълум қилди. Кейинроқ яҳудий армияси бош штаби бошлиғи Герси Халеви сулҳнинг ҳар қандай бузилишига олов билан жавоб берилишини таъкидлади.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги сулҳ
Исроил Вазирлар Маҳкамаси 26 ноябрь куни Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни маъқуллади. Оташкесим 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 4:00 дан (Тошкент вақти билан соат 7:00 дан) кучга кирган.
Унгача томонлар ўзаро ҳужумларни амалга оширган. АҚШ президенти Жо Байден ўт очишни тўхтатишга Вашингтон ташаббуси билан эришилганини айтди. “Ҳизбуллоҳ” 60 кун ичида Ливандаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши керак. Биньямин Нетаньяхуга кўра, сулҳнинг давомийлиги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатларига боғлиқ бўлади.
“Ҳизбуллоҳ” БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-резолюциясига мувофиқ Ливаннинг жанубидаги иштирокини тўхтатиб, Литани дарёсининг шимолидан чекиниши керак. БМТ муваққат кучлари кўмагида Ливан армиясининг жанубий чегара бўйлаб участкаларни босқичма-босқич назорат қилишни назарда тутади.