2024 йил 1 декабрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳи Norma.uz портали томонидан тақдим этилди.
Туристик ярмарка ўтказилади
Ҳар йили декабрь ойида тадбиркорлик субъектлари иштирокида B2B («бизнес бизнес учун») механизмлари асосида миллий туристик ярмарка ташкил этилади.
Меҳнат мигрантлари учун касблар ва хорижий тилларга ўқитиш курслари ташкил этилади
Миграция агентлиги таълим ташкилотларига хорижда ишлашни истаган фуқароларни касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштиради.
Камбағал оилалар реестри шакллантирилади
«Маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.
Кўчалар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилади
Кўчалар (рўйхат бўйича) шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишига мослаштирилади.
Авторақамлар учун тўлов қилиш осонлаштирилади
Эндиликда автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рақамлар бериш бўйича мурожаат қилиш ва тўловни амалга ошириш ЙҲХХ мобил иловаси, расмий веб-сайти, Call-маркази ёки ЯИДХП орқали амалга оширилиши мумкин.
Ҳимоя ордерини бериш ҳолатлари кенгайтирилмоқда
Бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.
Мажбурий ижро бюроси «Мажбуриятлар реестрини» юритади
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» институти жорий этилади. Бунда:
- қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда Реестрга киритилади;
- қарздор ҳақида маълумот Реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади;
- Реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади.
Пойтахтда дарахтлар паспортизациясининг учинчи босқичи тугайди
2024 йил 31 декабрга қадар маълумотлар базаси асосида «Яшил макон» электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID-рақам берилади.
Тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича айрим чоралар бекор қилинмоқда
2024 йил 31 декабрга қадар ип-калавани экспорт қилишда ундириладиган йиғимнинг амалдаги миқдори 5 бараварга камайтирилган (1 кг учун $0,01).
Бўялган мато ва бўялган газламани реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларни ички бозорда сотиш улуши камида 50%ни ташкил қилган корхоналарга ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш ҳамда 3 йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилган.
Айрим реклама жойи паспортларининг амал қилиш муддати тугамоқда
Норма амал қилиш муддати кўрсатилмаган реклама жойи паспортларига тегишли.
Ногиронлиги бўлган шахслар спорт билан бепул шуғулланишлари мумкин
2024 йил 15 декабрдан бошлаб спорт билан шуғулланишни истаган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатига кўра, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида бепул спорт билан шуғулланиш учун йўлланма берилиши белгиланди.
Ижтимоий тўловлар – «Ижтимоий карта» орқали
Янги тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар, шу жумладан протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситаларини харид қилиш «Ижтимоий карта» ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда ижтимоий карта орқали амалга оширилади.
«Фуқаролик жамияти ҳафталиги»
Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» ўтказиб борилади, унинг доирасида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш амалга оширилади.
Айрим бино ва иншоотларни фойдаланишга топшириш тўхтатилади
Ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтказмасдан қурилиш-монтаж ишлари бажарилган бино ва иншоотлар бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва фойдаланишга рухсат бериш ишлари 2024 йил 31 декабрдан тўхтатилади.