Президент 27 ноябрь куни “Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун темирйўл транспорти соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Ушбу қонун қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 сентябрда қабул қилиниб, 30 сентябрда Сенат томонидан маъқулланганди. Мажлисда янги таҳрирдаги қонунда темирйўл транспорти тизими замонавий бозор модели талабларига мувофиқ акс эттирилаётгани қайд этилганди.
Қонунда белгиланишича, темирйўл транспорти фаолияти қуйидаги асосий принциплардан иборат бўлди:
- қонунийлик;
- хавфсизлик;
- очиқлик ва шаффофлик;
- барқарорлик;
- экологик жиҳатдан тозалик;
- темирйўл транспорти хизматларининг қулайлиги ва сифати;
- темирйўл транспорти инфратузилмасидан фойдаланишдаги тенглик;
- темирйўл транспорти инфратузилмасининг яхлитлиги ва узлуксиз ишлаши.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари темирйўл транспорти ходимларининг ташиш жараёни билан боғлиқ фаолиятига аралашишга ҳамда уларни бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмаслиги белгиланди.
Темирйўл қатновлари ва ташишлар қуйидаги турларга бўлинди:
- ички қатновлар;
- халқаро қатновлар;
- тўғридан-тўғри аралаш қатновлар;
- транзит ташишлар;
- махсус ташишлар.
Йўловчи ўзи билан бирга алоҳида жой берилмаган ҳолда беш ёшгача бўлган бир болани, 36 килограммдан ортиқ бўлмаган қўл юкини ва ногиронлиги бўлган шахслар қўшимча равишда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган техник ёрдамчи (компенсаторли) воситаларни ва махсус ҳаракатланиш воситаларини бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида қуйидаги ташиш тарифлари турлари қўлланилади:
- юкларни ташиш тарифлари;
- йўловчиларни ташиш тарифлари;
- багаж ва юк багажини ташиш тарифлари;
- почта ва курерлик жўнатмаларини ташиш тарифлари.
Интизом темирйўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низом билан тартибга солиниши белгиланди.
Ташиш жараёнини марказлаштирилган ҳолда узлуксиз бошқаришни таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлашган еридан қатъи назар, мамлакатда амал қилувчи ягона ҳисоблаш-ҳисобот вақти — Тошкент вақти белгиланади.
Ушбу қонун 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради. Қонунинг 1–29, 31–57-моддалари ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач амалга киритилади.