Ҳинд кино олами ҳақида кўпчиликнинг тасаввурида ажойиб севги қиссаси, қувноқ рақслар ва ишонарли чиқмайдиган ўлим саҳналаридан иборат, деган тушунча мавжуд. Аммо Зита ва Гита ҳақидаги фильм суратга олинган даврдан бери ҳинд кино саноатида катта бурилиш содир бўлган ва бугунги кунда Болливуд фильмлари Европа ва АҚШнинг энг нуфузли лойиҳалари билан беллаша оладиган даражага етган. Қуйидаги ажойиб сюжетга эга еттита лойиҳа ҳинд кинолари тўғрисидаги тасаввурларингизни ўзгартириб юбориши ажаб эмас.
“РРР: Инқилоб яқинлашмоқда” (2022)
Жанр: блокбастер, тарих, драма
Фильмда 1920 йиллардаги мустамлака ҳукумат ҳақида ҳикоя қилинади. Давлат хизматидаги Бхим исмли содиқ полициячи оломон билан яккама-якка кураша оладиган кучли инсон. Аммо маҳаллий аҳоли уни хоин деб ҳисоблайди.
Гонд қабиласидан бўлган йигит ўғирлаб кетилган ёш аёлни қидириш учун Деҳлига боришга қарор қилади. Бу ҳақда билиб қолган губернатор уни қўлга олиш учун катта мукофот эълон қилади. Мартабасини оширишни мақсад қилган Рама бу вазифани ўз зиммасига олади. Аммо ҳеч ким Бхим кўриниши қандай эканлигини билмайди. Кунларнинг бирида Рама дарёга ғарқ бўлишига оз қолади ва уни Бхим қутқариб қолади. Улар бир-бирининг аслида ким эканлигини билишмайди, аммо ушбу танишув иккисининг тақдири ўзгариб кетишига сабаб бўлади.
“Менинг исмим Хон” (2010)
Жанр: драма, мелодрама, саргузашт
Аспергер синдромидан азият чекадиган ҳиндистонлик мусулмон йигит Ризвон Хон оила қуриб, ишлаш мақсадида Мумбайдан Сан Францискога жўнаб кетади. Ўзининг жиддий ташхиси туфайли жамиятга қўшилишга ва иш топишга қийналган Ризвон охир-оқибат муносиб иш топади. Касаллик унга севгисини топишга ҳам тўсиқ бўла олмайди ва Мандира исмли қизнинг қўлини сўрашга муваффақ бўлади. 2001 йилда содир бўлган терактдан сўнг Америкада мусулмонларга бўлган муносабат кескин ўзгаради. Буни кўтара олмаган Мандира Ризвондан кетади. Уни ортга қайтариш ҳамда мусулмонларга бўлган муносабатни ўзгартириш учун Ризвон бутун Америка бўйлаб саёҳатга йўл олади.
“Пикей” (2014)
Жанр: Фантастика, драма, комедия
Пикей махсус топшириқ билан Ерга келган ўзга сайёралик ҳақидаги фильмдир. У инсон табиатини тушуниши ва маҳаллий ҳаёт қандай бўлишини ўрганишга ҳаракат қилади. У дуч келадиган биринчи муаммо — унинг бошқарув панели ўғирланиши бўлиб, панелсиз Пикей уйига қайтолмайди. Энди у нафақат ўзига юкланган вазифани бажаришга, балки қурилмани топишга ҳам мажбур бўлади.
Пикей ўзининг ғайритабиий хатти-ҳаракатлари билан бошқаларни ҳайратда қолдиради, ноқулай саволлари эса одамларни ҳаётларига ва улар яшаётган дунёга бошқача қарашга мажбур қилади.
Фантастик комедия Ҳиндистондаги энг юқори даромад келтирган фильмлардан бирига айланди, унинг дунё бўйлаб даромади 112 миллион доллардан ошади.
“Дангал” (2016)
Жанр: биография, драма
“Дангал” драмаси камбағаллик туфайли спортдан кечган Махавир Сингх Пхогат ҳақидаги фильм бўлиб, ҳаётий воқеалик асосида суратга олинган. Унда бош қаҳрамон оиласини боқиш учун ноиложликдан спортни ташлашига тўғри келади ва ўзига ўзи ўғил фарзандли бўлса у албатта, жаҳон чемпиони бўлади, деб ваъда беради. Аммо оиласида бирин-кетин қиз фарзандлар дунёга келади.
Унинг учинчи ва тўртинчи фарзанди ҳам қиз бўлади ва қизлар катта бўлганида оналар ўғилларини, қизлар урганини айтиб собиқ спортчи уйига шикоят қилиб кела бошлайди. Чўкаётган одам хасга ёпишади, деганларидек қаҳрамон хаёлига ажойиб нарса келади ва қўни-қўшниларнинг гап сўзига қарамай бир вақтлар қилган олтин медал орзуси сабаб қизлари билан шуғуллана бошлайди ва натижа узоқ куттирмайди.
“Мураббий” (2018)
Жанр: драма, комедия
Наина Матур болалигидан доим ўқитувчи бўлишни истайди, у Туррет синдромига эга бўлишига қарамай истаган йўналишида таҳсил олади. Аммо ишга киргач, ўқувчилар уни очиқчасига масхара қилади, бошқа мактаб директорлари эса уни ишга олишни истамайди. Ҳатто унинг онаси ҳам Наина ўқитувчи бўлиб ишлаб кетишига кўзи етмайди. Шунга қарамай тақдир қизга бир имконият беради ва у ўзи орзу қилган нуфузли мактабга ишга жойлашади. Бу ерда ҳам мураббий аввалги қийинчиликларга дуч келади, аммо бу сафар ўзининг заиф томонини катта кучга айлантиради. Фильмда барча нарсанинг иложини топиш мумкинлиги ҳамда инсон баъзан ўзининг устидан ҳам кулиб туриши керак эканлиги ҳақидадир.
“Сирли супер юлдуз” (2017)
Жанр: мусиқали фильм, драма
Гужаратлик 14 ёшли қиз қўшиқчи бўлишни орзу қилади. Аммо унинг отаси қизининг мусиқа танловида иштирок этишига қарши туради. Бош қаҳрамон ўз мақсадидан воз кечмайди ва гитара чалган ҳолатда қўшиқ айтиб видео суратга олади. Видеода у ниқоб билан юзини яширади ва интернетга жойлайди. Ролик ниҳоятда машҳур бўлиб, тарқалиб кетади.
Мазкур фильм жаҳон прокатида катта муваффақиятга эришган ва 2,3 млн доллар бюджет билан 154 млн доллар даромадга чиққан.
“Уч савдойи” (2009)
Жанр: комедия, мелодрама
“Уч савдойи” — ўтиш даври ва таълим тизимига бағишланган ажойиб сатира. Муҳандислик коллежининг уч талабаси катта ҳаётда қандай натижаларга эришгани ҳақида ҳикоя қилади. Аниқроғи ушбу картинада ҳаммаси ортга қараб содир бўлади. Ўтмишни тўғри тиклашдан олдин икки дўст узоқ вақтдан буён кўринмай кетган дўстини топишга отланади.
2009 йилда намойиш қилинган мазкур фильм 2013 йилда “Тезлик-3” фильми намойиш этилгунига қадар барча даврлардаги энг кўп даромад келтирган ҳинд фильми рекордини ушлаб турди. Шунингдек, у Хитой ва Япония каби Шарқий Осиё мамлакатларида муваффақият қозонган ҳинд фильмларидан биридир.
“Уч савдойи” олтита Filmfare Awards, шу жумладан, учта “Миллий фильм”, “Энг яхши машҳур фильм” каби мукофотларга сазовор бўлган. Хорижда эса Японияда бўлиб ўтган Videoyasan Awards танловининг бош совринига эга бўлган. Фильм ремейки ҳаттоки Мексикада ҳам суратга олинган.