Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни «Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Амалдаги қонун 1999 йилда қабул қилинган ва давр талабираг жавоб бермайди, ундаги кўплаб тушунчаларнинг маъноси эскирган ёки қонунда ўз аксини топмаган, дейилганди Сенат мажлисида. Янги ҳужжат «темирйўл транспорти тизимини замонавий бозор модели талабларига мувофиқ акс эттиради».
Қонун иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, транспорт соҳасида ишбилармонлик фаоллиги учун шарт-шароит яратиш, хорижий сармояларни кенг жалб этиш ва темирйўл транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган.
Ҳужжатга 17 та янги тушунча, жумладан, янги таҳрирдаги «темирйўл транспорти», шунингдек, «вагонлар (контейнерлар) оператори», «қўл юки», «умумий фойдаланишдаги темирйўл транспорти инфратузилмаси оператори» ва бошқа тушунчалар киритилган. Шу билан бирга, темирйўл транспорти энди умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспортига бўлинади.
Бундан ташқари, умумий фойдаланишдаги темирйўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти, шунингдек, ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади.
«Вагон (контейнер) оператори» тушунчасининг жорий этилиши темирйўл транспорти хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, техник ва технологик ресурсларни тугатган вагонлар паркини янгилаш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш зарурати билан боғлиқ.
Бугунги кунда инфратузилма, темирйўл транспорти ва бошқа воситаларнинг мулкдорлари (эгалари) 43 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, уларнинг корхоналари, шунингдек, ушбу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳисобланади. Уларнинг барчаси ташувлар жараёнида бевосита иштирок этиб, темирйўл транспорти объектларининг хавфсиз эксплуатацияси ва ташиш хавфсизлигини таъминлашга мажбур.
Қонунда темирйўл транспортида хавфсизликка қўйиладиган асосий талаблар назарда тутилган бўлиб, ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгарлик транспорт жараёнини таъминловчи корхоналар ва ташувчиларга юкланади.
Қонун билан ташувчилар темирйўл транспорти тарифларини бозор тамойиллари асосида (давлат томонидан тартибга солишни давом эттирадиган поездлар учун тарифлар бундан мустасно) мустақил равишда белгилаш имкониятига эга бўлади. Хусусан, юк вагонларини тақдим этиш, тезюрар ва тезкор поездларда йўловчи ташиш хизматлари нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилади, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилади.
Қонунга янги моддалар, жумладан, темирйўл ташувчисига етказилган йўқотишлар ва зарарларни қоплаш билан боғлиқ қоидалар киритилган. Хусусан, нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган мунтазам поездлар билан ички ташишларда кўрилган зарарларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби жорий этилмоқда (йўловчиларни тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда ташиш бундан мустасно).
Давлат ички қатновларда транспорт ва умумий фойдаланишдаги йўллар доирасида қуйидаги хизматларга тарифларни тартибга солади:
- темирйўл транспорти инфратузилмаси хизматлари;
- локомотив тортиш хизматлари;
- йўловчиларни ташиш (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездлардан ташқари).
Тартибга солинадиган тарифлар иқтисодий асосланганлик (таннарх, зарарсизликни таъминловчи зарур фойда, шунингдек, корхонани сақлаш, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари), шаффофлик ва башорат қилинувчанлик, рақобат муҳитини ривожлантиришни таъминлаш ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилиши лозим.
Ўзбекистон ичида юк ташишда чегирмалар тақдим этилмайди, халқаро ташишлар учун эса улар халқаро шартномалар доирасида белгиланади. Лойиҳа босқичида Вазирлар Маҳкамасининг юк ташишнинг айрим турларига чегирмалар тақдим этиши мумкинлиги таклиф қилинганди.
Қонунда темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб этишнинг аниқ йўналишлари белгиланиб, умумий ва умумий бўлмаган фойдаланишдаги темир йўлларни, шунингдек вокзалларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилмоқда.
Темирйўлларга тегишли объектлар ва ер участкаларини (вокзаллар, ҳаракатланувчи таркиб, умумий ва умумий бўлмаган фойдаланишдаги темир йўл транспорти) давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш, модернизация қилиш ва бошқариш учун хусусий бизнесга беришга рухсат берилади. Ушбу объектлар концессия ёки ДХШ шартномасининг амал қилиш муддатига ижара, эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
Умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўлларнинг эгалари (тармоқ эгалари) пулли асосда вагон ва контейнерларни ўтказиш, тўхташ, топшириш-тозалаш, қабул қилиш, юклаш-тушириш, бериш, манёвр ишлари ва бошқа операцияларни амалга оширишлари мумкин. Ушбу хизматлар учун тўлов рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Конституциянинг 19-моддасига риоя этилишини таъминлаш мақсадида йўловчиларнинг айрим тоифаларига йилига бир марта темирйўлда бепул саёҳат қилиш ҳуқуқи жорий этилган (21-модда).
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекциясининг ваколатлари белгиланмоқда.
Ҳокимиятнинг ижро этувчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият органлари сифатида ҳокимиятлар, давлат бошқаруви органлари сифатида Транспорт вазирлиги ва Транспорт назорати инспекцияси, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги хўжалик органи сифатида эса «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ фаолият юритади.
Сенатор Қобул Турсуновнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши йўловчиларни давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлар бўйича ташишдан кўрилган йўқотишларни қоплаш учун 2025 йилда давлат бюджетидан 1,7 триллион сўм миқдорида қўшимча харажатларни талаб қилади.
Бундан ташқари, ташувчилар, вагон операторлари ва инфратузилма фаолиятидаги давлат улуши бўйича, шунингдек, вокзаллар хўжалик фаолиятидан давлат буджетига тўланадиган дивидендларни ўз ихтиёрида қолдиришга рухсат берилади. Бироқ бунинг учун маблағларни темир йўл транспорти объектларини ривожлантиришга йўналтириш зарур.
Қонунда меҳнат муносабатлари, интизом ва темирйўл транспорти ходимлари учун кафолатлар тўғрисидаги нормалар ҳам баён этилган.
30-модда (ташувчининг зарарларини давлат бюджетидан қоплаш тўғрисида) 2025 йил 1 январдан, қолган барча 56 та модда олти ойдан кейин (29 май) кучга киради.
Аввалроқ «Ўзтемирйўлйўловчи» Ўзбекистонда поезд чипталари етишмовчилиги вагонлар тақчиллиги билан боғлиқлигини айтганди — сўнгги беш йил ичида уларнинг сони 102 тага камайган. 2026 йил охирига келиб компания янги интерьерга эга 100 дан ортиқ вагон сотиб олади, октябрь ойида эса Тошкент-Бухоро поезди қатнови йўлга қўйилади.