• Сб. Ноя 8th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда ёд танқислиги касаллиги 20 йилда 2,5 баробарга камайди


Бугунги кунда Ўзбекистонда ёд танқислиги ҳолатларининг тарқалиш даражаси 31 фоизни ташкил этиб, 20 йил мобайнида 2,5 баробарга камайган.

Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида айтиб ўтилди.

Таъкидланишича, шунга қарамай, Ўзбекистон ҳали ҳам ёд танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Аҳоли орасида эндемик буқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини ёдлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурияти ҳам юзага келган.

Айниқса, 2023 йилда ёд танқислиги касаллиги ҳар 100 минг аҳолига Қорақалпоғистон Республикасида (2160,7), Сурхондарё (1883,3), Жиззах (1494,0) Бухоро (1262,2) вилоятларида мамлакат кўрсаткичларига нисбатан (912,4) баланд бўлгани ташвишли ҳолдир.

Шу даврда ёд танқислиги кўрсаткичи болалар ва ўсмирлар орасида мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига ўртача 712,3 ва 3593,6 нафарни ташкил этган.

Ушбу кўрсаткичлар «ёд танқислиги пандемияси» давом этаётганлигини англатади.

2007 йилда қабул қилинган Қонунда ёд етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга ёдланган туз ишлатиш ва ёдланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Бироқ 2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, мамлакатимизда 94 та ош тузи ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва ундан фойдаланувчи корхона мавжуд. Уларнинг бор-йўғи 24 тасида лабораториялар бор, фақатгина 72 тасида дозаторлар ўрнатилган. Аммо ўрнатилган айрим дозаторлар мутлақо талабга жавоб бермайди.

2024 йилнинг 9 ойи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан текширувлар ўтказилди.

Натижада туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 та намунадан 65 тасида (25 фоиз), савдо ва умумий овқатланиш шахобчаларидан олинган 1 110 та намунанинг 347 тасида (31,5 фоиз), мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3 613 та намунанинг эса 1 263 тасида (35 фоиз) ёд миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

Шу билан бирга ўрганишлар давомида Сирдарё вилоятида ҳеч қандай ҳужжациз тузни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келаётган 4 та корхона аниқланган.

Ушбу корхоналарда тузни ёдлаш дозаторлари мавжуд эмас. Омборларда маҳсулотларни сақлаш қоидаларига амал қилинмаган, қайта ишлаб чиқариш учун келтирилган бирламчи тузларнинг тегишли ҳужжатлари, хусусан сертификатлари мавжуд эмас. Туз белгиланган талабга жавоб бермайдиган пакетларга қадоқланмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқарилган саналар кўрсатилмаган ҳолда сотувга чиқарилмоқда. Айрим ҳолларда қадоқларга ёдланган ош тузи деб, аслида ёдланмаган техник туз солинаётгани аниқланган.

Айрим тадбиркорлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, аҳолининг соғлиғи учун зарарли бўлган маҳсулотларни сотишни давом эттирмоқда.

Мажлис якунлари бўйича қўмиталарнинг аниқ таклифлар акс этган қўшма қарори қабул қилинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *