Швейцариянинг Lombard Odier хусусий банки ва унинг собиқ ходими Швейцария федерал прокурори томонидан жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланмоқда, деб ёзди Financial Times.

Прокурор жума куни тақдим этилган айбловда мамлакатнинг энг машҳур молия институтларидан бири бўлган Lombard Odier кўп йиллар давомида Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятини яширишга ёрдам беришда «ҳал қилувчи роль» ўйнаганини таъкидлади. Аммо Lombard Odier бу айбловларни рад этмоқда.

Банкнинг собиқ ходими 2008 ва 2012 йиллар оралиғида Lombard Odier`нинг «хусусий мижозлар» бўлимида ишлаган ва тўққизта банк ҳисобварағини очган ёки очишни ташкил қилганликда гумон қилинмоқда.

Швейцария прокурорларининг таъкидлашича, Каримова ва яна бир шахс 2005 ва 2012 йиллар оралиғида Швейцарияда The Office деб номланувчи жиноий ташкилотда (бу ташкилот ҳақида батафсил маълумот бу ерда) иштирок этганликда ва даромадларни ювишда гумон қилинмоқда, бу ҳолатларда катта миқдордаги пул маблағлари ўзлаштирилгани айтилади.

Ўтган йили Швейцария Бош прокуратураси томонидан иш марказидаги жиноий ташкилотда иштирок этганликда айбланиб, судга тортилган Каримова билан зудлик билан боғланиш имконияти бўлмаган. У илгари бу айбловларни рад этган эди, деб таъкидлади Reuters.

Текширувлар айблов хулосасига кўра, Швейцарияда ювилган пулларнинг бир қисми Женевадаги Banque Lombard Odier & Cie SA`даги банк алоқалари орқали ўтказилган деган шубҳа тасдиқланди, деб ёзмоқда SWI swissinfo.