Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь куни Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, авваллари Бухоро иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган, аммо охирги етти йилда вилоятга 4 миллиард доллардан зиёд инвестициялар жалб этилиб, энергетика, электротехника, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва чарм саноати каби кўплаб тармоқлар ривожланди. Жорий йилнинг ўтган даврида Бухорога 1,5 миллион нафар хорижий турист ташриф буюрди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилди. Инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтади. Бутун эътибор шу учта йўналишни яхшилашга қаратилади. Хусусан, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари асосида 70 та драйвер лойиҳани амалга ошириб, 150 минг одамни даромадли қилиш, 40 минг кишини камбағалликдан чиқариш лозим.
Қайд этилишича, вилоятнинг ҳар бир ҳудудини саноатнинг муайян тармоғига ихтисослаштириш керак, масалан, Пешку ва Шофиркон туманларини — қурилиш материаллари ҳамда тўқимачиликка, Когон шаҳри, Олот ва Жондорни — озиқ-овқатга, Ғиждувон ва Ромитанни — кимё саноатига. Бу тадбиркорларнинг 150 миллион долларлик лойиҳаларига йўл очиши, бунинг самарасида 411 та кичик корхона, 12 мингта иш ўрни пайдо бўлиши мумкин.
Вобкент, Қоракўл, Жондор ва Олотда 320 миллион долларлик 4 та тўқимачилик корхонаси қуриш лойиҳалари бор. Натижада тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми 2 баробар ошади, 5 мингта иш ўрни яратилади.
Келгуси йил Бухорода хорижий туристлар сони 2,2 миллионга, туризм экспорти 600 миллион долларга етиши кутилмоқда. 69 та янги меҳмонхона, 2 мингта ҳунармандчилик раста ва дўконлари қурилиши бунга катта ҳисса қўшади.
Қўшимча 20 минг гектар ер майдонларини ўзлаштириш мўлжалланган. Бунинг ҳисобига қўшимча 100 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади ва 2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Томорқалар, дала чети ва каналлар атрофидаги бўш ерларда ҳам қўшимча дарахт ва озиқ-овқат маҳсулотлари экилади.
Яна бир имконият — яйловлар. Бухоро вилоятида 2 миллион гектардан зиёд шундай ерлар бор. Куни кеча мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишдан келиб чиқиб, ҳозирда фойдаланилмаётган яйловларда писта етиштириш режалаштирилмоқда.
Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Умуман, келгуси йилда 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжаллангани айтилди. Уларда 105 мингта доимий иш ўрни яратилади, 350 миллион доллар экспорт бўлади.
Давлат раҳбари бу режалар вилоят учун етарли эмаслигини таъкидлаб, саъй-ҳаракат ва натижаларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Таклифларни яна бир бор кўриб чиқиб, қарор лойиҳасини киритиш топширилди.