Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар ниқоб таққан ва машина давлат рақамини ечиб қўйган ҳолатда йўл четида тўхтаб турган бошқа бир машинага тош отиб ҳужум қилгани акс этган видео тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолатга аниқлик киритди.

Аниқланишича, 20 ноябрь куни фуқаро Ю.Д ва бошқалар олдиндан жиноий тил бириктирган ва фуқаро Л.А. машинасида пул ташиш билан шуғулланишини билиб, унга ҳужум қилиш ва пулларни қўлга киритишни режа қилган. Улар Cobalt ва Lacetti автомашиналарининг давлат рақам белгиларини ечиб олган ва юзларига ниқоб таққан ҳолда Л.А.нинг орқасидан кузатиб келган.

Гуруҳ Андижон шаҳрининг Ёйилма маҳалласидан ўтган «Андижон-Асака» йўлида четда тўхтаб турган Л.А.нинг Cobalt автомашинасига тош отиб, ҳужум қилган. Шу вақтда жабрланувчи машинасида ҳодиса жойидан қочган, шу сабабли улар жиноятини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «б» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ю.Д. процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вилоят прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши устидан прокурор назорати ўрнатилган.