Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, банклар балансида узоқ вақт фойдаланилмай, яроқсиз ҳолга келган иссиқхоналар, қайта ишлаш цехлари ва музлаткичли омборлар мавжуд.
Бундай активларни тажрибали тадбиркорларга уч йил муддатга ишончли бошқарувга бериш таклиф қилинмоқда. Ижобий натижа кўрсатган тадбиркорларга бу мулклар 10 йилда бўлиб тўлашга берилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини лизингга етказиб бериш тизимини иссиқхоналар учун ҳам жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди. Мамлакат ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6−7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.
Ўмоннинг йирик савдо тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотлари учун алоҳида раста ажратилиб, илк бор гилос, шафтоли ва ўрик экспорти йўлга қўйилди. Ушбу тажрибани Малайзия, Саудия Арабистони, Араб Амирликлари, Қатар, Сингапур, Корея, Япония ва Европада кенгайтириш муҳим экани айтилди. Ушбу давлатларда савдо ярмаркаларини биринчи марта ташкил қилиш харажатлари қоплаб берилади.
Ушбу чора-тадбирлар туфайли келгуси йилда мева-сабзавот экспорти ҳажми 3,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.