Украина Россия билан навбатдаги алмашинув чоғида ҳалок бўлган 502 нафар украиналик ҳарбий жасадини қайтариб олди. Бу ҳақда Украина ҳарбий асирлар иши бўйича мувофиқлаштирувчи штаб-квартираси хабар берди.
Штабнинг аниқлик киритишича, гап Донецк, Запорожье ва Луганск йўналишларида ҳалок бўлган украиналик аскарларнинг жасадлари ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, Россиядаги ўликхоналардан 17 нафар жасад Украина томонига етказилган.
“Донецк вилоятида энг кўп украиналик ҳимоячилар жон берди – 397. Эксперт муассасалари билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг шахси имкон қадар тезроқ аниқланади”, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Россия алмашиш доирасида Украинадаги урушда ҳалок бўлган Россия армиясининг 52 нафар аскарининг жасадини қабул қилиб олди. Россия томонидан алмашинув Россия Мудофаа вазирлиги бошчилигида амалга оширилди.
“Алмашилган жасадлар сонидаги фарқни Россия армияси ҳозирда фаол илгарилаб бораётгани, ҳалок бўлган рус ҳарбийлари эса босиб олинган ҳудудда қолаётгани билан изоҳлаш мумкин”, дейди экспертлар.
Охирги ҳарбий жасадлар алмашинуви жорий йилнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда ҳалок бўлган 563 нафар украиналик ҳарбий хизматчи Украинага, 37 нафар рус ҳарбийларининг жасади эса Россияга қайтарилган эди. Икки давлат ўртасида уруш бошланганидан буён Россия ва Украина мунтазам равишда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмаштиради. Алмашиш жараёнида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) воситачилик қилади.