3 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази ахборот-ресурс маркази негизида Инсон ҳуқуқлари уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади, деб хабар берди марказ матбуот хизмати «Dunyouzbeklari.Com»га.

Хабарда таъкидланишича, янги маърифат маркази президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган.

«Инсон ҳуқуқлари уйи» — инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятни кучайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган ихтисослаштирилган платформа, яъни «инсон ҳуқуқлари маърифати майдони». Бу ерда, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилади.

Очилиш маросими икки муҳим сана — 8 декабрь — Ўзбекистон Конституцияси куни ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни доирасида ташкил этилди.

Тақдимотда 100 га яқин киши, жумладан, фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этади.