Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида кредит маблағлари ажратилишига ёрдам беришни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Ташкилотнинг Боғот тумани бўлими ўтказган тезкор тадбирда И.Ю. ва Х.Н. исмли шахслар қўлга тушган. Аниқланишича, улар тадбиркор С.М.нинг ишончига кириб, ўзларини гўёки банк ходими сифатида таништирган ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириши ҳамда субсидия асосида уй-жой олиши учун юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 10 миллиард сўм кредит маблағи ажратилишида ёрдам беришини айтган. Улар хизмати эвазига 110 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаролар Д.М. (муқаддам судланган) ва Ж.И. 5000 доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Маълум бўлишича, улар D.Ph. МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари Н.И.нинг ишончига кириб, унга гўёки банкда ишловчи танишлари ёрдамида 1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиб бермоқчи бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.