• Вс. Дек 1st, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Улар орасида креатив йигит-қизлар кўп». Ногиронлиги бор ёшлар учун ташкил этилган ижодий курслар сарҳисоби


Тошкент шаҳар «Шароит Плюс» ногиронлар жамоат бирлашмаси ташаббуси билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси молиявий кўмагида, «Ногиронлиги бўлган ёшлар учун креатив индустрия йўналишларида касб-ҳунар курсларини ташкил этиш» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида фотография, SMM, видеомонтаж курслари ташкил этилиб, ҳар бир курсда ногиронлиги бор 10 нафардан тингловчи уч ой давомида таълим олди, амалиёт ўтади, баъзилари ҳатто иш бошлади ҳам.

Фото: Марварида Исроилова / «Dunyouzbeklari.Com»

«Шароит Плюс» кенгаши аъзоси Дилмурод Юсупов ногиронлиги бўлган шахсларнинг йиллар давомида фақат бир хил — қўл меҳнатига йўналтирилган касбларда ўқитилишини танқид қилиб келади. Унинг таъкидлашича, ногиронлиги бор аёлларга нуқул тикувчилик, эркакларга эса маиший техника ёки пойабзал таъмирловчиси каби, аксарияти замонавий технологиялар ва сунъий идрок даврида эскирган касблар таклиф этилади. Мутахассис «Ногиронлиги бўлган ёшлар учун креатив индустрия йўналишларида касб-ҳунар курсларини ташкил этиш» лойиҳасини эса айнан шу муаммони ҳал қилишнинг кичик бир ечими, деб ҳисоблайди.

«Шароит Плюс» раҳбари Муҳаббат Раҳимова ҳам шундай фикрда. Унинг таъкидлашича, бу курслар, аввало, ногиронлиги бўлган ёшларнинг креатив қобилиятларини ривожлантирадиган замонавий касбларга ўқитиш, шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг ютуқлари, муаммолари, жамиятда дуч келадиган тўсиқларини ўзлари ёритишига имконият бериш мақсадида ташкил этилган. Чунки бундай йўналишлар бўйича ўқитиши мумкин бўлган аксарият нодавлат таълим муассасаларида бўлганлар учун шароит йўқ, шунингдек, ўқиш ҳам нисбатан қиммат.

Муҳаббат Раҳимова.Муҳаббат Раҳимова.

«Жамиятда ўрнимизни топиш учун биз шу жамиятга қараб юришимиз керак. Бизга нима қилиб беришди, деб эмас, биз нима қила оламиз, деган шиор билан яшашимиз керак. Шундагина жамият бизни тўлақонли қабул қилади», — деди Муҳаббат Раҳимова лойиҳанинг октябрь ойида бўлиб ўтган сарҳисоб маросимида.

Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган тадбир доирасида фотография курси битирувчиларининг фотокўргазмаси ҳам ўтказилди.

Курслар ҳақида

393,4 млн сўмлик лойиҳа доирасида дастлаб видеомонтажга яроқли 10 та компьютер жамланмаси стол-стуллари билан бирга сотиб олинган, юқори тезликдаги интернет таъминоти ташкил этилган. Техника ва жиҳозлар «Шароит Плюс»нинг офисига жойлаштирилган ва у ногиронлиги бўлган кишилар учун Коворкинг марказига айлантирилган.

Шундан сўнг курс иштирокчилари учун танлов эълон қилинган. «Шароит Плюс» ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида фаолият юритаётгани учун аризалар ҳам пойтахтдан, узоғи Тошкент вилояти ёшлари орасидан қабул қилинган. Ҳар бир курсга ўртача 50 дан зиёд ариза келиб тушган.

«Лойиҳа натижа бериши учун номзодлар нафақат курсларга қизиқиши, балки ўрганганларини кейинчалик амалда қўллай олиши, шу соҳадан иш топиб кетиш салоҳиятига эга бўлиши керак эди. Учала курснинг ҳар бирига шу мезонларга мос, интилувчан 10 нафардан номзодни саралаб олдик», — дейди Дилмурод Юсупов.

Курс кураторлари (ўқитувчилари)ни танлаш жараёнида эса инклюзия соҳасида фаол бўлган, ногиронлиги бўлган инсонларга эмпатияси ва шундай инсонларга дарс ўтишга ҳафсалаю хоҳиши бор номзодларга устуворлик берилган. «Бу жараён ҳам оғир кечди. Чунки ногиронлиги бўлган ёшлар билан ишлашга хоҳиши йўқ, шунчаки пул ишлаш пайида юрганлар ҳам дуч келиши мумкин эди», — дейди Юсупов.

Дарслар июль ойида бошланган. Ногиронлиги бўлган ёшларнинг дарсларга келиб-кетиши учун транспорт харажатлари ҳам лойиҳа бюджетидан қоплаб берилган.

Фотография курси

Фотография курсига фоторассом Ҳусниддин Ато кураторлик қилган.

Фото: Ҳусниддин Атонинг шахсий архивидан.Фото: Ҳусниддин Атонинг шахсий архивидан.

Ҳусниддин Ато — фотограф, документалист, Рассомлар уюшмаси аъзоси, «Оxus Culture» маданият ташкилоти раҳбари, фотожурналистикага ихтисослашган Ўзбекистондаги илк нодавлат агентлик — «PressPhoto.uz» асосчиси. У аввалроқ эшитишда нуқсони бўлган ёшлар учун мўлжалланган махсус фотография курсини очганди. Ўшанда 10 га яқин ёшлар 1,5 йил мобайнида Ҳусниддин Атодан ўрганиб, суратлари курс охирида Тошкент Фотосуратлар уйида кўргазмага ҳам қўйилганди.

Биринчи дарсда британиялик заиф эшитувчи таниқли фотограф Стивен Илиффе томонидан маҳорат машғулоти ўтказилган. У дунё бўйлаб турли касб-ҳунарга эга бўлган кар ва заиф эшитувчи инсонларнинг ҳаётий ҳикояларини кўрсатувчи Deaf Mosaic лойиҳаси асосчиси ҳам ҳисобланади.

Курс доирасидаги назарий машғулотлар «Шароит Плюс» биноси, Тошкент Фотосуратлар уйи ва Республика болалар кутубхонасида ўтказилган. Амалий машғулотлар эса Олой бозори, Ботаника боғи, Ҳазрати Имом мажмуаси ва унинг атрофидаги маҳаллаларда, Мовий гумбазлар майдони, Seoul Moon мажмуаси, «Наврўз» этнографик боғи ва фотостудияда бўлиб ўтган.

Ҳусниддин Ато ногиронлиги бор инсонлар жамиятда ўрнини топиши учун уларга ишониш, бироз тиргак бўлишнинг ўзи кифоя, деб ҳисоблайди. У бунга ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган ўзининг икки курсида ҳам гувоҳ бўлган.

«Бу курс давомида ҳам ногиронлиги бор кишилар орасида истеъдодлар борлиги ва уларга қувватлов етишмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Қўллаш нафақат шундай курсларни ташкил этиш, балки фототехника билан таъминлаш борасида ҳам бўлиши керак. Бусиз уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга ёрдам беролмаймиз, қолаверса, ўз ўринларини топишлари ҳам мушкул бўлади. Шогирдларим ҳозир менинг иш қуролларим, техникаларимдан фойдаланяпти. Лекин бу етарли эмас. Қолаверса, улар қўлдан-қўлга ўтавериб анча эскириб ҳам қолган», — дейди фоторассом.

Тошкентлик 28 ёшли Мария Малиновская — Ҳусниддин Ато кураторлик қилган фотография курси битирувчиларидан. У уч ёшида менингитдан даволаниш вақтида шифохонада бир нечта уколь олгач, эшитиш қобилиятини йўқотган. Оилали, икки нафар фарзанднинг онаси бўлган ўзини ҳар хил соҳаларда синаб кўришни, турли курсларга қатнашни яхши кўради. Фотография курси давомида у фоторепортаж жанрида ишлашни ёқтириб қолган. Яқинда «Dunyouzbeklari.Com»да Мариянинг шу жанрдаги илк иши ҳам эълон қилинди.

Мария Малиновская.Мария Малиновская.

Аслида Марияга бошида фотография курси кўп ҳам қизиқ кўринмаган. «Бир расм дарси экан-да», деб, жиддий аҳамият бермай ариза тўлдирган. Лекин машғулотлар давомида турли жойлар ва тадбирларга бориб, фотографияни севиб қолганини тан олади. Ўзининг барча инжиқликларига қарамай, унга билим берган Ҳусниддин Ато ва шу курсни уюштирган ҳаммадан миннатдорлигини таъкидлайди.

«Курсда имо-ишора тили таржимони борлиги учун биз материалларни қийинчиликсиз ўзлаштирдик. Амалиёт пайтида, хусусан, бошқа бир фотограф билан суратга олиш жараёнида баъзи одамлар олдимга келиб, нимадирлар дер, аммо мен уларни тушунолмасдим. Уларга тўғрисини айтиб, эшитмаслигимни тушунтиришга ҳаракат қилардим. Мен билан мулоқот қилмоқчи бўлганлардан сўзларини ёзиб беришни ёки Google Таржимондан фойдаланишни сўрайман. Бу муаммоли вазиятни осон ҳал қилиш ва муҳим лаҳзаларни ўтказиб юбормасликка ёрдам беради», — дейди у.

Мария ногиронлиги бўлган инсонлар учун мўлжалланган инклюзив курслар кўпроқ бўлиши кераклигини айтади. Унинг фикрича, бундай курслар ногиронлиги бўлгна кишиларга жамиятнинг бир қисми бўлиш, кўникма ва қизиқишларини ривожлантириш, уларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш ва стереотипларни камайтириш имконини беради.

Фото: Ҳусниддин Атонинг шахсий архивидан.Фото: Ҳусниддин Атонинг шахсий архивидан.

Суратга олиш пайтида Мария учун энг жозибали нарса — воқеалар динамикаси ва репортаж суратлари орқали ифодалаш мумкин бўлган муҳит ҳисобланади. Масалан, кўргазмаларда одамларнинг санъат билан ўзаро таъсири, уларнинг ҳиссиётлари ва таассуротларини ушлашни яхши кўради. Спорт тадбирлари эса энергияси ва таранглиги билан уни жалб қилади.

«Мен мусобақа руҳини ифодаловчи муҳим лаҳзаларни суратга олишга интиламан. Муҳими — ҳаракатларни фақатгина суратга олиш эмас, балки ҳар бир кадр орқали ҳикоя қилишдир. Шунда томошабин ҳам худди ўша муҳитни ҳис қилиши мумкин», — тушунтиради ёш фотограф.

Мария курс амалиёти давомида олган суратларининг кўргазмага қўйилганидан жуда хурсанд бўлгани, бу уни олдинга ҳаракат қилишга илҳомлантирганини таъкидлайди. У кўникмаларини ривожлантириш ва ўз услубини топиш учун турли йўналишларда тажриба ўтказишни режалаштиряпти.

SMM курси

SMM курсига Инара Асанова кураторлик қилди.

Инара Асанова нутқ сўзламоқда.Инара Асанова нутқ сўзламоқда.

Инара Асанова — digital-маркетинг ва менежмент соҳасида катта тажрибага эга мутахассис. Ҳозирда бир компания ва бир брендда PR ва digital коммуникациялар бўйича мутахассисс бўлиб ишлайди

Уч ой давом этган курс доирасида 8 та назарий, 14 та амалий машғулот ўтказилган. Шунингдек, рақамли маркетинг бўйича мутахассис Нилуфар Камолова ҳам меҳмон-спикер сифатида қатнашган. Қайд этиш жоиз, бу Инара Асанова учун ногиронлиги бўлган шахслар учун ташкил этилган илк ўқув лойиҳаси бўлди, шу боис унинг ўзи ҳам аввалига бироз қўрққан. Аммо соҳани ногиронлиги бўлганлар ҳам ўргана олиши ва унда бемалол ишлай олишини исботлаш учун ҳам ортга чекинмаган.

Инара аввалги тажрибаларидан янгисининг фарқини тушунтирар экан, энг қийин жараён дарс материалларини тайёрлаш ва тушунтириш учун керакли ресурсларни йиғиш бўлганини айтади. Қолаверса, маълумотларни етказиш ҳам ногиронлик турига қараб фарқ қилади. Инара эшитишда нуқсони бўлган иштирокчиларга кўпроқ матнли, кўришида ногиронлиги борларга эса, аксинча, аудиоли материалларни тақдим этган.

«Ногиронлиги бўлмаган кишилар маълумотларни тез қабул қилиб, қисқа вақтда ўрганиши мумкин. Ногиронлиги бўлганлар эса кўп маълумотли материаллар билан ишлаётганида чарчаши, физиологик сабаблар туфайли маълумотни тез унутиши ёки диққатни жамлай олмаслиги мумкин. Шу боис уларга маълумотларни қисқа, бўлиб-бўлиб берган фойдалироқ. Лекин бу юзаки бўлмаслиги, айни вақтда тўлақонли ва тушунарли бўлиши керак. Қайта тушунтиришни сўрашганида ҳам сабр билан ёндашиш керак. Ёрдамчим бўлишига қарамай, биринчи дарсдаёқ уларнинг ҳар бирига индивидул ёндашишим кераклигини тушунгандим», — дейди курс куратори.

Замонавий касблар масофадан ишлаш имконияти борлиги ҳамда яхши ҳақ тўланиши билан ногиронлиги бори инсонлар учун қулай ҳисобланади. Курс давомида Инаранинг «Ногиронлик тўсиқ эмас!» деган фикри янада мустаҳкамланган, ногиронлиги бўлган кишилар дунёни бошқалардан фарқли кўради ва креатив ғояларни ҳам кўпроқ бериши мумкин, деган хулосага келган.

Инара курс бошидаги қўрқуви ва мақсадини эсларкан, «менимча, биз буни уддаладик — меҳнат бозоридаги мутахассис сифатида айтишим мумкинки, улар нафақат бозорга кириб бориши, балки юқори баҳоланадиган кадрга айланиб, касбий муваффақиятларига ҳам эришишлари мумкин», дейди. Курс битирувчиларидан Наргиза Арзиева, Севара Мирхўжаева ва Заҳро Алимқулова ҳозир «Шароит Плюс»нинг турли бўлимларида амалиёт ўтаяпти.

27 ёшли Мурод Эгамов ҳам шу курсни тамомлаган. У Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан. У таянч ҳаракатидаги нуқсон билан туғилган. Ногиронлиги бор болалар учун ихтисослаштирилган коллежнинг компьютер йўналишини битирган. Ҳозир «Шароит Плюс»да аъзолар билан ишловчи координатор ҳисобланади.

Мурод Эгамов сертификатини қабул қилиб олмоқда.Мурод Эгамов сертификатини қабул қилиб олмоқда.

Мурод аввал ҳам ногиронлиги бўлмаганлар билан бирга SMM курсида ўқиган. Лекин Инара Асанованинг инклюзив атмосферадаги машғулотларида ўзини анча эркин ҳис қилганини айтади.

«Кўплаб давлат ташкилотларига иш аризаси берганман. Афсуски, мени ё қабул қилишмас, ёки шароитлари тўғри келмасди. Масалан, ишлашим мумкин бўлган жой бинонинг 2- ё 3-қаватида бўлар, аммо лифти йўқ эди. SMM эса масофадан туриб ишлаш мумкинлиги учун ҳам бизга қулай», — дейди у.

Мурод олган билимларини амалда қўллай бошлаган, хусусан, Instagram’да «Инлюзив Ўзбекистон» аккаунтини очган. Бир сафар АҚШ элчихонаси ўзининг бир постини унинг аккаунти билан коллаборация (ҳамкорликда тайёрланган материал) ҳам қилган. Бу эса Муродни янада руҳлантирган. У постларининг кўришлар сони ошаётгани ва обуначилари кўпаяётганини ҳам алоҳида таъкидлайди.

У келгусида инклюзияга оид шахсий блогини очиш ва унда Ўзбекистондаги ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаётини ёритишни режалаштиряпти. Блог орқали у ногиронлиги бор кишилар дуч келадиган тўсиқларни батафсил кўрсатиб бериш ва уларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшмоқчи.

Видеомонтаж курси

Видеомонтаж курсига Ўзбекистон миллий телелерадиокомпанияси ва «Турон» театр-студияси режиссёри бўлиб ишлаган Улуғбек Ўринов кураторлик қилди.

Ўнгдан биринчи: Улуғбек Ўринов.Ўнгдан биринчи: Улуғбек Ўринов.

Унинг курсида ёшлар операторлик, монтаж, режиссура, сценарийнавислик, актёрлик маҳоратидан сабоқ олган, дарсларда барча вазифаларни ўзлари бажариб, қисқа метражли фильмлар суратга олишга ҳам улгуришган. Улуғбек Ўринов курс иштирокчилари ижтимоий тармоқларда жуда фаоллиги, ўз саҳифалари орқали анчадан бери инклюзия мавзусини ёритиб келишларидан ҳайрон қолганини тан олди.

«Уч-тўрт ой қисқа вақтдек кўриниши мумкин, лекин улар учун ҳам шахсий ривжланиш, ҳам келгусидаги иқтисодий ҳолати учун жуда фойдали бўлди, деб ўйлайман. Фикрлари теран, анча қатъиятли, меҳнаткаш ёшлар экан. Уларга машғулот вазифаларидан ташқари яхши асар яратишга ёрдам берадиган фильм ва китобларни ҳам тавсия қилиб борарканман, вақт ўтиши билан уларда фильм ва бошқа хил видеоконтентни оддий томошабин эмас, балки мутахассис сифатида таҳлил қила олиш қобилияти шаклланаётганини сездим», — дейди курс куратори.

Туғма маймоқлик ташхиси қўйилган 39 ёшли Наргиза Қодирова видеомонтаж курси битирувчиларидан бири. Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультети битирувчиси ҳам ҳисобланган Наргиза опа ҳозир UzNews интернет-нашрида амалиёт ўтаяпти. У оддий металлардан миллий ва замонавий услубдаги тақинчоқлар ясайди, «Nargizoda handmand collection» бренди асосчиси, «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси.

Наргиза Қодирова сертификатини қабул қилиб олмоқдаНаргиза Қодирова сертификатини қабул қилиб олмоқда

Наргиза опа бундай курсни анчадан бери излаб юрганини, шунинг учун машғулотларда ҳам кучли иштиёқ билан қатнашганини айтади. «Ўрганганларим бизнесим тарғиботини ўзим олиб боришимга имкон берди. Одатда ногиронлиги бўлган инсонларнинг қалби нозикроқ бўлгани учун улардан яхши ижодкор чиқади. Шунинг учун ҳам бизга бундай ижодий курслар зарур, деб ўйлайман», — дейди у.

Муаммолар

Лойиҳа ташаббускорлари ёшларга билим бериш билан бирга, қайсидир маънода, уларни меҳнат бозорига йўналиштиришни ҳам мақсад қилган. Аммо ўқувчиларни амалиётга йўналтиришда айрим тўсиқлар юзага келган.

Дилмурод Юсуповнинг айтишича, аксарият компаниялар ногиронлиги бор инсонлар билан ишлаш имконияти йўқлигини маълум қилган, бошқаларининг хорижий тилни билишга доир талабига ўқувчилар мос келмаган. У бу муаммо шу ҳолича ташлаб қўйилмаслигини, айни дамда ҳам унинг устида ишланаётганини таъкидлади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган кишиларнинг ўзига боғлиқ бўлган жиҳатлар ҳам бор. Масалан, курсларга қатнашиш масъулияти. Лойиҳа давомида дарсларни қолдириш ёки курсдан чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилган.

«Интизом бўлмаса, курсларни ташкил этишдан кўзланган мақсадга ҳам эришилмайди. Эҳтимол, бу текин нарсанинг қадри бироз пастлиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Қолаверса, жамият ногиронлиги бўлган кишиларга хайрия қилавериб, ҳамма нарсани маълум маънода тайёр қилиб беришга ўргатиб ҳам қўйган. Лекин тенг шароит яратилгач, шунга мос ҳаракат ҳам қилиш керак. Аммо бу вақти-соати билан ечиладиган масала. Бунинг устида ҳам ишлаймиз», — дейди Дилмурод Юсупов.

Янги лойиҳалар

Тошкент шаҳар «Шароит Плюс» ногиронлар жамоат бирлашмаси бу турдаги янги лойиҳаларни амалга оширишда давом этади. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган молиявий саводхонлик курслари бошланганига ҳали кўп бўлмади. Машғулотларни кўп йиллик инвесторлик тажрибасига эга Равкат Бусаков дарсларни кўнгилли ўқитувчи сифатида ўтиб беряпти.

Шунингдек, ногиронлиги бор кишиларни олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрлаш курслари ҳам давом этяпти. «ОТМга кириш учун ногиронлиги бўлган инсонларга ажратилган 2 фоизли квота кўпинча тўлмай ҳам қолади. Ногиронлиги бўлган ёшлар билими етарли сабаб энг минимал 58 баллни ҳам тўплай олмаяпти. Шунинг учун мазкур курслар жуда муҳим», — дейди Дилмурод Юсупов.

Бирлашма раҳбарлари ногиронлиги бўлган кишиларни ишга жойлаштиришга йўналтирилган «Иш Плюс» лойиҳаси давомида уларнинг касбий тайёргарлигида ҳам қатор камчиликлар борлигини кўрган.

«Улар ишлайман дейди, лекин компьютерни яхши билмайди, қўлида ҳунари, кўникламалари йўқ, иш берувчиларнинг талабларига жавоб бермайди. Ҳатто олий таълим кўрганларида ҳам шу ҳол кузатилади. Албатта, бу умумий таълимдаги камчиликлар оқибати. Аммо бунга кўз юмиш керак эмас. Шунинг учун учун уларга таълим олиш имкониятини берувчи „Таълим Плюс“, „Таълим маркази“ деган янги лойиҳаларни бошлаяпмиз», — дея маълум қилди Дилмурод Юсупов.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *