Украина дронларининг Ростов вилоятида жойлашган “Росрезерв”даги “Атлас” нефть омборига берган зарбаси оқибатида мазкур ҳудудда ёнғин чиқди.
Ушбу нефть базаси Россия армиясини ҳам нефть маҳсулотлари билан таъминлайди.
Украина дронлари “Атлас”га уч марта ҳужум қилган. Аввалги ҳужумлар 3- ва 28 август кунлари амалга оширилган эди.
Гувоҳларнинг маълум қилишича, ёнғиндан олдин кучли портлаш содир бўлган.
Ёнғинни ўчиришга 100 дан ортиқ одам ва 38 та техника жалб қилинган.
Каменский тумани Ростов вилоятининг шимоли-шарқида, Украинанинг Луганск вилоятининг Россия назоратидаги ҳудуди билан чегара яқинида жойлашган.
“Дрон қолдиқлари Каменский тумани Масловка қишлоғи ва Дячкино посёлкасидаги шахсий уйларга зарар етказди”, деб ёзади Ростов вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Юрий Слюсар.
Унга кўра, Ростов вилоятида 30 та дрон уриб туширилган. Ҳужум оқибатида қурбонлар йўқ.
Россия Мудофаа вазирлиги ўтган кечада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мамлакат ҳудуди узра 47 та Украина дронини уриб туширгани ҳақида хабар берган. Ростов вилоятида 29 та, Краснодар ўлкасида саккизта, Белгород, Брянск ва Воронеж вилоятларида учтадан, аннексия қилинган Қрим устидан эса биттадан дронлар уриб туширилган.
Брянск ва Воронеж вилоятларида қурбонлар йўқ. Ҳужумнинг бошқа ҳудудлардаги оқибатлари ҳозирча номаълум.