• Вс. Дек 1st, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Дала четидан самарали фойдаланган фермерларга имтиёзлар берилади



Ўзбекистонда дала четидан самарали фойдаланган фермерлар имтиёзларга эга бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

«Ҳозирги бўлаётган таҳликали замонда биз фақат ўзимизга ишониб, иқтисодиётимизни барқарор қилиш бўйича ҳамма ҳаракатларни қилишимиз керак. Озиқ-овқат хавфсизлиги билан шуғулланиб, масаласини ҳал қилишимиз, ҳар қарич ерга экин экиб, даромад олишимиз керак», — деди у.

Давлат раҳбари 650 минг гектар майдондаги шахсий томорқалар, кўчалар бўйи, далалар чети ва каналлар атрофида дарахт ва озиқ-овқат экинлари экиш учун фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги далалар, ички йўллар ва канализация каналлари атрофида рентабелли экинлар етиштириш ҳамда экспорт қилиш учун жавобгар бўлади.

Бундай ерлар бўйича аниқ маълумотларни Агроплатформага киритиш режалаштирилган. Аҳоли ва фермерлар сифатли уруғ танлаш, дори ва ўғитни тўғри қўллаш, маҳсулотни сифатли сақлашга ўргатилади.

Бу саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида дала четини самарали ишлатган фермерларга тадбиркорлар рейтингида қўшимча балл ҳисобланади, ички фитосанитар сертификати бир йил давомида бепул берилади.

Фермернинг барча ерлари учун ер солиғини икки йилга бўлиб тўлашга рухсат этилади.

«Оилавий тадбиркорлик» дастуридаги 100 миллион сўмгача бўлган кредитлар соддалашган тизимда ажратилади.

Дала четлари ҳисоби, етиштирилган маҳсулот ҳажми «e-Fitouz» портали орқали назорат қилиб борилади.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ҳар бир маҳаллада камида 100 тадан хонадонга лимон, узум кўчати тарқатиш, кўчалар ва кўп қаватли уйлар атрофида аҳолининг ташаббуслари асосида камида 10 миллион туп узум экиш муҳимлигини таъкидлади.

Ўсимликлар ўсиб, ҳосилга киргунча Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши барча агротехник тадбирларга кўмаклашади. Маҳсулотларни сотиб олиш учун маҳаллалар экспортчи корхоналарга боғланади.

Сайхунобод тажрибаси асосида 164 та қишлоқ туманларининг 4 тадан маҳалласига минитехника берилиши белгиланди. Ким минитракторда хизмат кўрсатса, ўзини ўзи банд қилган бўлади ва уларга мамлакатда чиқадиган техника учун 30 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *