«Dunyouzbeklari.Com»нинг «Ой материали» деган подкасти бор. Ғоя бўйича, у ҳар ой бошида чиқиши ва унда таҳририят ўтган ойда эълон қилган материаллар орасидан энг яхшиси қандай тайёрлангани муҳокама қилиниши керак, токи журналистикадан узоқлар ҳам, унга энди кириб келаётганлар ҳам ҳар бир материал ортида қандай жараёнлар борлигини кўрсин, билсин. Аммо ҳар доим ҳам ҳамма нарса ўйланган ғоядагидек амалга ошавермайди, хусусан, «Ой материали»да ҳам шундай. Биринчидан, у ҳозирча ҳар ой чиқмаяпти (лекин мақсад ўша-ўша — ҳар ой чиқариш), иккинчидан, ҳар доим ҳам аниқ бир материал муҳокама қилинмаяпти (лекин бунда ҳам мақсад ўша-ўша — ҳар сонда аниқ бир материални муҳокама қилиш). Лойиҳа 2023 йил августида бошланган бўлса-да, ҳозиргача фақат 6 та сони чиқди ва фақат иккитасида («Қишлоқдаги абитуриент дўстимга» ва «Газли сув сотувчи амаки») аниқ бир материал муҳокама қилинди. Қолганларида маълум бир форматдаги материаллар (масалан, янгиликлар, репортажлар, сўровномалар) қандай тайёрланиши ҳақида гаплашилган. Подкастнинг 22 ноябрь куни эълон қилинган охирги сонида ҳам Бойсундан ва Бойсун ҳақида тайёрланган тўрт материал атрофида суҳбат қурилди.
Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конига қарашли қудуқларнинг бирида 1 сентябрь куни авария содир бўлиб, олтингугурт (водород сулфид) гази ҳавога чиқа бошлаган эди. Икки ҳафтадан сўнг газ чиқиши тўхтатилгани эълон қилинди, аммо 17 сентябрь куни такрорий авария юз берди — бу сафар қурбонлар ҳам бор эди. Муаммо ҳали ҳам тўла бартараф этилгани йўқ.
Ўтган вақт ичида «Dunyouzbeklari.Com» Бойсундан икки видеорепортаж («Бойсун заволи» ва «Бойсун заволи — 2») тайёрлади. Таъкидлаш жоиз, ҳозирча «Dunyouzbeklari.Com»нинг вилоятларда ўз мухбирлари йўқ. Шунингдек, Тошкентдаги мухбирларни бирор муҳим воқеа-ҳодисани ёритиш учун ҳудудларга юборишга ҳар доим ҳам имкон бўлавермайди. Шу боис бу вақтгача «Dunyouzbeklari.Com» билан ҳамкорлик қилмаган Отабек Турдиевнинг нашр учун Бойсундан махсус репортаж тайёрлаш таклифи айни муддао бўлди. Уни бунга ундаган биринчи жиҳат ўзининг ҳам бойсунлик экани бўлса, иккинчиси — у ердаги вазиятдан ўз яқинларининг қийналаётгани эди.
«Агар жуналистика соҳасида бўлмасам ҳам, оддий бир бойсунлик сифатида шу вазиятни ёритган бўлардим. Телефонда тасвирга олишдек осон иш бўлмаса керак. Мендан ташаббус чиқишига туртки берган нарса — бойсунликларнинг: „Шу соҳадасан, нима бўлди, ёритмайсанми?“ тарзидаги тинимсиз сўрови бўлди. Бундай сўровлардан ўзим сиқилиб ҳам қолдим. Дўстим Маъмуржон (Обраҳматов, „Dunyouzbeklari.Com“ видеооператори ва монтажчиси — таҳр.) шу ерда ишлайди, унга таклиф қилиб кўрдим, у таҳририятга етказди, шу тариқа таклифим қабул қилинди», — дейди у.
Бойсундаги авария оқибатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар қолдираётганлар ёлғон маълумот тарқатганликда айбланиб жаримага тортилаётгани, бунинг учун ҳатто қамоқ билан ҳам жазоланиш мумкинлиги ҳақидаги асоссиз хабарлар Telegram’даги Бойсунга ва умуман Сурхондарёга алоқадор гуруҳ ва каналлар орқали мунтазам бериб борилди. Бу эса бойсунликларнинг муаммо ҳақида гапиришдан қўрқишига, интервью берганда ҳам нафақат шахси, ҳатто овозини анонимлаштиришни сўрашига ҳам сабаб бўлди. Отабек Турдиев ўзида ҳам бироз хавотир бўлганини айтди.
«Босимлар таъсирида аҳоли орасида ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш камайди. Ахборот чиқиб кетишининг олдини олиш учун қатъий ҳаракат бўлди. Ўзим ҳам Бойсунга борарканман, бу материал чиққач оила аъзоларимга босим бўлиши, ҳатто дадамни ишдан ҳайдашлари мумкин, деган хаёллар миямдан кетмади. Ҳозир, репортажлар чиқиб бўлганидан кейин, ўзимга ҳеч қанақа босим ёки қўнғироқлар бўлмаган бўлса-да, уйдагилар „Тинчмисан, яхшимисан, сенга гап тегмаяптими?“ деб сўраб туришибди. Ҳалигача хавотир бор», — дейди Отабек.
Биринчи авариядан кейин — расмий манбалар ҳодиса ва унинг кейинги оқибатлари, бу оқибатларни бартараф этиш тадбирлари ҳақида тайинли ахборот бермаётган, юқорида таъкидланган «хабар берган жаримага тортиларкан, қамаларкан» деган пўписали огоҳлантиришлар айланиб юрган вақтда — бойсунликлар ёки уларнинг бошқа ҳудудларда яшовчи қариндошлари томонидан ҳудудда вазият яхши эмаслиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар ва видеолар қолдирилаётган эди.
Айнан мана шу вақтда «Dunyouzbeklari.Com» журналисти Зиёда Рамазонова ижтимоий тармоқларда хабарлар қолдирган бойсунликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини икки материалга жамлади. Биринчи тўплам 10 сентябрь куни эълон қилинган бўлса, иккинчиси такрорий авариядан сўнг, 23 сентябрда чиқди. Ушбу материалларни тайёрлаш жараёни сўзларкан, Зиёда жабрланувчилари бор мавзуларни ёритиш ўзи учун эмоционал жиҳатдан оғир эканини, аммо ич-ичидан нимадир уни шу мавзуларни ёритишга ундашини тан олди.
«Материалга киришишим арафаси менга жавоб бериши мумкин бўлган икки бойсунлик респондент бор эди. Лекин уларнинг бири хабаримни ўқимади, иккинчиси эса тоби йўқлигини айтиб, жавоб беролмаслигини айтди. Худди шу вақт Telegram’даги Бойсунга алоқадор гуруҳлардаги ёзишмаларини ташлашди — менда: „Шу ерда ёзган кишилардан вазиятни сўраб чиқсам-чи“, деган фикр туғилиб қолди. Бу 9 сентабрдаги гап — бойсунликларнинг иккита гуруҳида авария юз берган вақтдан то тўққизинчи санагача ҳодиса оқибатларига алоқадор гап ёзган ҳаммага — тахминан 60−70 кишига — бирма-бир мурожаат қилиб чиқдим», — деб эслайди Зиёда.
Тошкентдан туриб, Бойсундаги нотаниш одамларни интервьюга кўндириш осон бўлмаган. Зиёда уларнинг ҳар бирига ўзини таништирган, унинг контактини Telegram’даги қайси гуруҳдан олганини айтган, мақсадини обдон тушунтирган, уларнинг ишончини қозониш учун Бойсундаги вазият ҳақида «Dunyouzbeklari.Com»да аввалроқ чиққан материалларнинг ҳаволаларини юборган.
«Бу тарзда жавоб олишимга ўзим ҳам кўп ишонмагандим. Лекин мавзуни ёритиш учун бошқа йўлим, Бойсундан манбам бўлмагани учун одамларга тинмай ёзавердим. Шу тариқа улардан бирин-кетин қўшимча саволлар, рад этишлар ёки розилик жавоблари кела бошлади. Айримлар билан телефонда, бошқалари билан эса Telegram орқали суҳбатлашдим», — дейди Зиёда Рамазонова.
Ўша куни соат 19:00 ларда Зиёданинг контактлари рўйхатида йўқ одамларга хабар ёзиш имконияти чекланиб қолади — унинг Бойсундаги вазият ҳақида маълумот сўраганидан шубҳаланган суҳбатдошларидан бири (эҳтимол, бир нечтаси) унинг аккаунтига спам босган. Айримлар эса, қўрқувданмикин, нафақат ёзишмаларни ўчириб юборган, балки Teleram аккаунтини ҳам бутунлай ўчириб юборган. Нима бўлган тақдирда ҳам, 10 сентябрь куни Бойсундаги биринчи авариядан кейинги вазият ҳақида 10 бойсунликнинг фикрлари эълон қилинади.
Отабек Турдиев ҳам биринчи репортаж учун 30 га яқин кишига микрофон тутган. Уларнинг орасида суҳбатлашишни рад қилганлар ҳам, интервью бериб бўлиб, кейин фикри ўзгариб қолган, телефон қилиб, «гапимни чиқарманг» деганлар ҳам бўлган.
Подкаст давомида «Dunyouzbeklari.Com» Бойсундаги вазият ҳақида ўз имконияти доирасида материаллар тайёрлагани ва «имконият бўлса, ресурсларимиз имкон берса эди, Бойсундан ҳар куни, ҳар бир фуқарони алоҳида қаҳрамон қилиб олиб чиқиб, материаллар тайёрлаш»ни исташи, бундан кейин ҳам Бойсундаги вазият ҳақида имкониятидан келиб чиқиб материаллар тайёрлашда давом этиши таъкидланди.
Журналистлар муаммоли вазиятларни ёритишнинг қийинчиликлари ҳақида тўхталаркан, респондентлар ҳар доим ҳам журналистларни тўғри қабул қилмаслиги, жамоатчиликнинг айрим вакиллари медиа ходимларини «просмотр» ёки шов-шув ортидан қувадиганлар деб тасаввур қилиши ишни мураккаблаштиришини тан олди. Ваҳоланки, журналист муаммоли мавзуни ўрганиш ва ёритишга киришаркан, у бу ишни — баландпарвоз эшитилса ҳам — қалб амри билан, касб масъулиятини ҳис қилган ҳолда, охир-оқибат бу ишидан одамларга наф тегишига умид қилиб бошлайди.
«Бу репортажларни тайёрлаб, ҳеч бўлмаса виждоним олдида ўзимни оқладим, деб ўйлайман. Тайёрлашим керак экан-да. Тайёрламаганимда, ўзимни худди [ёмон иш қилиб қўйиб,] яшириниб юрган одамдек ҳис қилган бўларканман», — деди Отабек Турдиев.
«Шу ишни қилишинг керак, деган нарса кўнглингга солинса-ю, лекин сен қилолмасанг — бу ёмон. Кўнглингга солингани ишни қилсанг ва у ишинг кўринса, шу муаммога, шу мавзуга кўз юммадим, вазифамни қайсидир даражада бўлса-да бажардим, деб ич-ичингиздан таскин топасиз», — дея қўшимча қилди Зиёда Рамазонова.
Подкастнинг тўлиқ шаклини қуйида ёки «Dunyouzbeklari.Com»нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилиш мумкин.