Акмал Анварович Остонов Бухоро вилояти Вобкент тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда вилояти ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, Халқ депутатлари Вобкент тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Вобкент тумани ҳокими вазифасида 2021 йилдан бери ишлаб келаётган Фарҳод Умаров соғлиги ёмонлашганлиги муносабати билан ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Қоровулбозор тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Акмал Анварович Остонов номзодини Вобкент тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори ўқиб эшиттирилди. Кенгаши депутатлари томонидан Акмал Остонов Вобкент тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Бундан ташқари, Пешку тумани кенгашининг ҳам навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов танқидий-таҳлилий нутқ сўзлади. Вилоят раҳбари охирги йилларда Пешку туманидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги даражага кўтариш борасида сезиларли ўзгаришлар қилинганлигини қайд этди.
«Аммо сўнгги йиллардаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туманнинг айни пайтдаги ривожланиш суръати ҳурматли президентимиз талаблари, меҳнаткаш Пешку аҳлининг эҳтиёжларидан анча орқада қолмоқда», — деди Ботир Зарипов.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокими Ваҳоб Ҳамидович Қаҳҳоровни Пешку тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан тасдиқланди.
Шундан сўнг Ботир Зарипов 2021 йилдан бери Когон шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Ҳаёт Ҳасанович Давлатов номзодини Пешку тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини ўқиб эшиттирди. Ҳаёт Ҳасанович Давлатов Пешку тумани ҳокими этиб тасдиқланди.