Автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жарима белгиланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида масъул қўмита томонидан жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари муҳокамасига киритиш учун тайёрланмоқда.
Қонун лойиҳасига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Ушбу ҳаракатни биринчи марта содир этганлик учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида, бир йил давомида такроран содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм) миқдорида жарима белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси кучга кириши учун қуйи палатада қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиши ҳамда президент томонидан имзоланиши керак.