Тошкентда 2024 йил ёзида муаллифлик фильмларини намойиш этишга мўлжалланган биринчи ихтисослаштирилган майдонча — «Кинохона» номли ноодатий кинотеатр очилди. Бундай муассасани ташкил этиш ғояси мустақил Tashkent film school киномактабида, ушбу мактаб асосчилари Михаил Бородин ва Юлия Шагинурова Тошкентда муаллифлик ва фестивал фильмларини нуқул кафе, коворкинг ёки бошқа шунга ўхшаш, кино томошасига мослаштирилмаган биноларда кўриш тўғри келишини тушуниб етганида пайдо бўлганди.
«Кинони яхши кўраман ва мен учун фильмларни кинозалда, сифатли тасвир, овоз ва муҳитда томоша қилиш муҳим. Тошкентда кинотеатрлари асосан блокбастерларни намойиш этади, прокатда фестивал фильмлари, муаллифлик кинолари ва классика деярли йўқ. Шаҳарда „ностандарт“ фильмларни айлантирадиган бир неча киноклуб бор, аммо улар бу ишни ноқулай шароитларда қилади. Шунинг учун ҳам томошабинлар муаллифнинг ўй-фикрларини, фильмнинг мақсадларини тўла англаб ололмайди», — дейди Tashkent film school режиссёри ва ҳаммуассиси Михаил Бородин.
Унинг сўзларига кўра, кино томоша қилиш маданияти кино ишлаб чиқариш даражасига бевосита таъсир қилади. Катта экран орқали томошабинларга қандай таъсир қилиши мумкинлигини тушунмай туриб, сифатли фильмлар олиб бўлмайди. Кино санъатида товуш, ранг коррекцияси, саҳналаштириш каби кўплаб бадиий воситалар қўлланилади ва киномактаб ўқувчилари фильмларни яратишда ҳам, намойиш этишда ҳам юқори сифатга интилишлари муҳимдир.
«Агар ноқулай шароитларда паст сифатли киноларни кўришга ўрганиб қолсангиз, фильмларни ҳам шу тарзда суратга олиш мумкиндай туюла бошлайди. Шунинг учун биз мактабимиз талабалари ва шаҳар аҳлига ҳар бир фильм атмосферасига максимал даражада шўнғиш имконини берувчи муносиб шароитларда яхши муаллифлик фильмини томоша қилиш имкониятини тақдим этишга ҳаракат қиламиз. Шу тариқа томошабин маданиятини ривожлантиришга ҳам ҳиссамизни қўшмоқчимиз», — деди Бородин.
Кино оламига яхшироқ шўнғиш учун ташаббускорлар кинотеатрнинг ички қисмига алоҳида эътибор қаратди. Бир неча ой ичида эски ярим-ертўла қулай, замонавий ва техник жиҳатдан яхши жиҳозланган кинозалга айлантирилди: бу ерга катта экран ўрнатилди, ҳажмли овозга эришиш учун еттита карнай (колонка) жойлаштирилди, керакли акустикани ҳосил қилиш мақсадида деворлар ва шифт шовқинга қарши изоляция билан қопланди. Залга аввал Олмалиқдаги цемент заводининг мажлислар залида ишлатилган, қизил жунли ретро-қоплама ўриндиқлар таъмирланиб, ўрнатилди.
Кичик зал 50 ўринга мўлжалланган — фильмларни томоша қилиш ва муҳокама қилиш муҳити қулай бўлиши учун ҳам онгли равишда шундай формат танланган. Мабодо «Кинохона»га томошабин ёғилиб келса, қўшимча стуллар ҳам бор.
«Кинохона» Тошкентдаги шу вақтгача мавжуд бўлган киноклублардан намойишларни ташкиллаштиришга ёндашуви билан тубдан фарқ қилади. Янги кинотеатр фильм эгалари ва муаллифлари билан тўғридан-тўғри келишиб, фақат лицензияланган контентни намойиш этади. Кинотеатр жамоаси барча хорижий фильмлар учун рус тилидаги субтитрларни мустақил равишда тайёрлайди. Субтитрларни ўзбек тилида тайёрлаш режаси ҳам бор. Кинотеатр ўқув жараёни доирасида нотижорий намойишлар ҳам ўтказиб, кенг томошабинлар оммаси учун мураккаб муаллифлик фильмлари томошасини имконли қила олади.
«Ҳар сеансдан сўнг биз фильмни муҳокама қиламиз — муҳокамалар маҳаллий экспертлар иштирокида ҳам, хорижий режиссёрлар билан онлайн-учрашув тарзида бўлиши ҳам мумкин. Бу томошабинларга муаллифлар ижодини чуқурроқ англаш, савол бериш ва фильмнинг турли жиҳатларини муҳокама қилиш имконини беради. Биз фикр ва ғоялар алмашинуви учун очиқ майдон қуришга интиляпмиз. Бунда ҳар ким ўз нуқтаи назарини эркин ифодалаши ҳамда фильмлар ва умуман кино ҳақида бошқаларнинг мушоҳадалари билан танишиши мумкин бўлади. Тошкент томошабинининг ҳам классик, ҳам замонавий кинога қизиқиши жуда юқори, буни заллар тўлиб-тошаётганидан ҳам яққол англаш мумкин», — дейди Михаил Бородин.
Кино намойишлари ҳафтада бир-икки марта ўтказилади. Сеансга кириш нархи 50 минг сўм. Киномактаб талабалари фильмларни бепул томоша қилиши мумкин.
Яқин вақт ичида «Кинохона» репертуарига кореялик режиссёр Пон Жун-хонинг «Қотиллик ҳақида хотиралар» триллери, Канн кинофестивали Гран-присига сазовор бўлган эронлик Асқар Фарҳодийнинг «Қаҳрамон» фильми, шунингдек, немис режиссёри Вим Вендерснинг «Париж, Техас» номли дурдонаси ҳамда бошқа машҳур ижодкорларнинг асарлари қўшилиши кутилмоқда.
«Биз шунчаки кинотеатр эмас, балки муаллифлик киносини қадрловчилар, кинематографчи талабалар ва соҳа мутахассислари учрашадиган маданий марказга айланишга интиламиз. Бу Тошкент кино маданиятини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, маҳаллий киносаноат сифатини ошириш ва томошабинлар дунёқарашини кенгайтиришга ҳисса қўшиши мумкин», — дейди Бородин.
«Кинохона» оддий кинотеатрларнинг бир хил репертуарларидан чарчаган мулоҳазали томошабин сўровига жавоб сифатида пайдо бўлди. Бу артхаус кино ўзини «уйидагидек» ҳис қиладиган, томошабин эса фильмни унинг ижодкорлари тасаввур қилгандек — тўғри овоз, сифатли тасвир ва томоша қилаётганини чуқур идрок этиш ва тушунишга имкон берадиган муҳитда кўриш имкониятига эга бўладиган бир макон бўлди.
Лойиҳа муаллифлари бу ташаббус сифатли муаллифлик киносига бўлган талабни шакллантирувчи аудиторияни ўстиришидан ва кинематография ривожини унинг бутун хилма-хиллиги билан бирга қўллаб-қувватлашга имкон беришидан умидвор.