• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Чангга қарши курашиш ва бизнесга кўмаклашиш. Дизайн-код нима ва нега шаҳарлар учун зарур?


Дизайн-код — бу шаҳарнинг бутун ташқи кўринишини тартибга солувчи қоида ва тавсиялар тўпламини, хусусан, архитектура, фасадларни безаш, ташқи реклама, кўча жиҳозлари (мебели) ва шаҳар инфратузилмасининг бошқа элементлари учун стандартларни ўз ичига олган йирик ҳужжат ҳисобланади. Дизайн-кодни яратиш замирида катта тадқиқот иши, жумладан, жойнинг тарихи ва иқлимини ўрганиш, маҳаллий аҳоли ва шаҳар маъмурияти билан ҳамкорлик ётади.

Дизайн-кодлар ўзи қаердан пайдо бўлгани, нима учун тобора кўпроқ шаҳарлар уларни жорий этаётгани ва бу ишни ким амалга ошираётгани ҳақида ҳудудларни ривожлантириш бўйича ATLAS бюроси лойиҳалари раҳбари Елена Трубина ҳикоя қилади. Янги Тошкентни ривожлантириш бўйича халқаро концорсиум таркибидан ўрин олган ATLAS жамоаси пойтахт ҳокимлиги ва Янги Тошкент дирекцияси билан ҳамкорликда ушбу маъмурий бирликларнинг дизайн-коди устида ишлади.

Дизайн-код қандай пайдо бўлган?

Дизайн-кодга ўхшаш нарса илк бор 1666 йилги Лондон ёнғинидан сўнг пайдо бўлган. Ўшанда шаҳарнинг бутун марказий қисмини махсус ишлаб чиқилган қурилиш тартиб-таомиллари асосида қайта тиклашга тўғри келган.

Манба: Лондон музейи.

Россия империясида эса шаҳарсозликни биринчи бўлиб Пётр Биринчи бошлаб берган. У Санкт-Петербургни қуриш вақтида «Баланд бинолар тўғрисида фармон» чиқаради. Санкт-Петербургдаги биноларнинг баландлиги Адмиралтейский минорасининг учидан ошмаслиги, биноларнинг ўзи эса ягона услубда тошдан қурилиши талаб этилган.

Адмиралтейский майдонининг 1874 йилгача бўлган кўриниши. Манба: Росфото / Википедия.Адмиралтейский майдонининг 1874 йилгача бўлган кўриниши. Манба: Росфото / Википедия.

Яна бир бошқа, замонавий мисол: 1989 йили, Берлин девори қулаганидан сўнг, расмийлар мутлақо бошқа-бошқа икки Берлинни визуал жиҳатдан бирхиллаштириш учун қурилиш тартиб-таомилларини жорий қилади.

Манба: Archi.ru / PinterestМанба: Archi.ru / Pinterest

Россияда замонавий тушунчадаги дизайн-код пайдо бўлганига ҳали унчалик ҳам кўп бўлгани йўқ. Ҳаммаси 2013 йили Москванинг 11 та марказий кўчаси учун ягона услуб ишлаб чиқишдан бошланган. У лойиҳа кўчаларни капитал реконструкция қилиш бўйича «Менинг кўчам» дастури доирасида амалга оширилган эди.

Дизайн-код кимга керак?

Дизайн-коднинг ўзига хос хусусияти шундаки, у турли фойдаланувчилар, жумладан, нафақат сайёҳлар ва шаҳар аҳолиси, балки тадбиркорлар, маъмурият вакилларига мўлжалланган бўлади.

Маъмурият учун бу шаҳарнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолишга қаратилган тартиб-қоидалар тўпламидир. Улар биноларнинг услуби, ранглар палитраси, шунингдек, қурилиш ва таъмирлашда қўлланиладиган материалларни белгилаб беради. Бу тарихий ҳудудларнинг визуал яхлитлигини сақлаш ва тартибсиз қурилишларнинг олдини олиш учун ҳам зарур.

Масалан, ATLAS бюроси Севастополда шаҳар дизайн-кодини яратиш устида ишлаган . Жамоа шаҳар тарихига — ёрқин уйлар, ХХ асрда тайёрланган ва маданий мерос объектларини ҳам инобатга олувчи ривожланиш режаларига таяниб иш кўрган. Дизайн-код шарофати билан шаҳар тартибсиз ташқи реклама, тарихий қиёфанинг бузилиши каби муаммолардан нисбатан қутулди.

Доғистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги дизайн ечимларида эса ATLAS асосий эътиборни қишлоқ муҳитининг ўзига хос хусусияти, архитектура ва деталларга, хусусан, мавжуд архитектуранинг мутаносиблиги, маҳаллий материаллар, тарихий элементлар билан ишлаш қоидалари ва янгиларини тўғри киритишга қаратди. Ушбу хусусиятлар мажмуи замонавий талқинда жойнинг руҳини сақлаб қолади ва кучайтиради.

Тадбиркорга дизайн-код пешлавҳа ҳамда ўз муассасасига кириш қисмини тўғри безашга ёрдам беради — бу кўпроқ мижозларни жалб қилишга замин яратади. Сайёҳлар ва аҳоли учун дизайн-код шаҳар бўйлаб йўл кўрсатувчи вазифасини ўтайди, уни жойнинг тарихи ҳақидаги маъно ва маълумотлар билан бойитади.

Баъзан дизайн-код шаҳар тарихи ва ўзига хослигининг бир қисмига айланади. Масалан, Екатеринбург дизайн тизимида Урал ўзлигига ишора қилинади: тоғлар, дарёлар, металл, иқлими оғир ўлка ва завод-шаҳарлар. Шунинг учун йўл кўрсаткич лавҳаларида кортен пўлатидан фойдаланилган.

Бироқ бу катта бир ишнинг кўзга кўринадиган қисмигина, холос. Дизайн-кодини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли жорий этиш учун мутахассислар ва жамоатчиликни жалб қилиш керак: дизайнерлар, маҳаллий аҳоли, бизнес билан мулоқот қилиш, барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олиш зарур. Одамларни тўғри хабардор қилиш муҳим аҳамиятга эга. Яхши ахборот кампаниясисиз дизайн-коднинг мақсадларини аҳоли ва бизнесга етказиш, қўллаб-қувватлаш ва меъёрларга риоя қилинишига эришиш қийин кечади.

Levitt Bernstein халқаро лойиҳа бюросининг катта шаҳар дизайнери Рут Ричардсон Англиянинг Грейвшем ҳудуди дизайн-кодини маданиятни сақлаб қолиш ва жамиятни ривожлантириш усули сифатида таърифлайди.

«Муваффақиятли дизайн-код ҳар доим жойнинг мавжуд ёки тарихий контексти ва унинг турли хусусиятларига мос келади. Шу билан бирга, у маҳаллий ҳокимият органларига янги қурилишни режалаштириш имконини беради. Грейвшемда биз маҳаллий жамоатчиликни инфратузилмадан фойдаланиш имкониятини қисман яхшилаш, биноларнинг контекстга мос, шу билан бир пайтда, ўзига хос фасадларини яратишга қаратилган дизайн-кодни ишлаб чиқишга жалб этдик. Шу туфайли дизайн-код маҳаллий маданиятни сақлаб қолади ва айни пайтда ҳамжамиятнинг янгиланишига имкон яратади».

Дизайн-кодлар шаҳарнинг ташқи кўриниши ва унда ҳаракатланишга таъсир қилиш билан чекланиб қолмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жамоат жойларини ўрганиш натижасида шуни аниқладики, улар қанчалик яхши режалаштирилган ва ташкил этилган бўлса, одамлар шунчалик кўп ҳаракатланади ва кўчада шунчалик кўп вақт ўтказади. Бу эса, ўз навбатида, инсульт, гипертония ва бошқа касалликлар хавфини камайтиради.

atlas бюроси, дизайн-код, елена трубина, шаҳар қурилиши, шаҳарсозлик, янги тошкент

Фото: Евгений Сорочин / «Dunyouzbeklari.Com».

2011 йили турли мамлакатларда аҳоли фаровонлигини ўлчайдиган Яхшироқ ҳаёт индекси (The OECD Better Life Index) ишлаб чиқилди. Унда яшаш шароити, даромад, иш ва ҳаёт сифати: атроф-муҳит, таълим, экология, саломатлик ҳолати, ҳаётдан қониқиш, хавфсизлик ҳамда иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат ҳисобга олинган.

Рейтингдаги етакчи мамлакатлар (Канада, Австралия)га эътибор қаратилса, уларнинг энг йирик шаҳарларида дизайн-кодлари ишлаб чиқилганига гувоҳ бўлиш мумкин (кўп ҳолларда — яқинда ишлаб чиқилган). Ушбу ҳужжатлар омма учун очиқ (масалан, Сидней, Рейкьявик). Канадада дизайн-кодлар тизими миллий даражада ишлаб чиқилган. Илгари эришилган юқори ҳаёт сифати кўрсаткичларига қарамай, шаҳарлар қурилиш ва муҳитнинг ташқи қиёфасини тартибга солувчи ҳужжатларни жорий этяпти. Уларнинг мақсади ёндашувни тизимлаштириш ва тартибсиз амалиётларга қарши ечимларни бирхиллаштириш ҳисобланади.

Дизайн-кодлашнинг жаҳон амалиёти

Жаҳон амалиётида дизайн-кодларини ишлаб чиқишда сўнгги йилларда сунъий интеллектдан тобора кўпроқ фойдаланиляпти. Шаҳарларида сунъий интеллект smart city технологиясини жорий этишда қўлланилади. Бу лойиҳалашга инқилобий ёндашув ҳисобланади: машинавий ўрганиш алгоритмлари ташриф буюрувчиларнинг хоҳиш-истаклари ва об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиши мумкин. Шу тариқа фунционал зоналарнинг тақсимоти ва мувозанати, ёритиш миқдори ва давомийлиги, суғориш мунтазамлиги ва хавфсизликни таъминлашни оптималлаштириш мумкин.

Мегаполислар «ақлли» бўлишга интилмоқда. Мисол учун, Барселонада ақлли ёритиш тизимларини жорий этиш электр энергияси харажатларини 30 фоизга қисқартириш имконини берди. Лондонда ҳам худди шундай тизим энергия сарфини 25 фоизга камайтирди. Валенсияда ақлли ёритишни жорий этиш электр энергияси харажатларини 75 фоизга ёки йилига 6 млн еврога қисқартириш, шунингдек, CО2 чиқиндиларини 80 фоизга камайтириш имконини берди.

Замонавий шаҳарлар нафақат одамлар, балки ҳайвонлар учун ҳам қулай шароитлар яратяпти. Масалан, АҚШда ҳар йили биноларнинг ойналарига урилиш натижасида 100 миллиондан 1 миллиардгача қуш ҳалок бўлади. Канадада бу кўрсаткич 50 миллионгача етади. Қушларнинг йўналишлари аллақачон шаклланиб улгурган ҳудудда қурилиши кутилаётган Янги Тошкент шаҳри ҳам шундай муаммога дуч келади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Фото: Евгений Сорочин / «Dunyouzbeklari.Com»

Фаол ривожланаётган қурилиш шароитида маҳаллий фаунанинг хавфсизлигини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Қушларни биноларнинг деразаларига келиб урилишдан ҳимоя қилиш учун бинолардаги ойналарни қушларга кўринарли қиладиган махсус маркер-конструкциялар мавжуд. Бундай конструкцияларга тўсиқ тўрлари, нақшли экранлар, плёнкалар ва одам кўзига кўринмайдиган ультрабинафша ёрлиқлар мисол бўла олади. Бундай конструкциялар қушлар учун улар тўсиқ сифатида қабул қиладиган визуал белгиларни яратади. Бундай ёрлиқлар ҳам дизайн-коднинг бир қисми бўлиши мумкин. Жумладан, ATLAS бюроси жамоаси Тошкент дизайн-кодини ишлаб чиқишда ушбу конструкцияларни ҳисобга олиб, ойналарга тарихий нақшлар ва сюжетларга асосланган безаклар ёпиштириш таклифини берди.

Замонавий тенденциялардан яна бири — бу «яшил» қурилиш. Бир қатор «яшил» сертификатлар, масалан, LEED яшил қурилишни амалга оширишнинг алоҳида талабларини назарда тутади. Тошкентнинг дизайн-коди атмосферага чиқиндиларни, шу жумладан, қурилиш чангини камайтириш бўйича асосий тавсияларни ўз ичига олади. Бу муаммони ҳал қилиш учун чанг ва ифлослик тарқалишини чеклайдиган махсус ҳимоя экранлари мавжуд.

Бундай экранлар брендга айлантирилиши мумкин, бу эса жой, тарих ва ривожланиш режаларига эътиборни кучайтиради. Масалан, Москвада «Менинг кўчам» ривожлантириш дастури доирасида чекланган ҳаракат шароитида тарих ҳақидаги қизиқарли фактлар, машҳурлар, шунингдек, йўл кўрсатиш маълумотларини акс эттирувчи тўсиқлар ўрнатилган. Сеулда қурилиш майдонларини ихоталаш учун санъат объектларига ўхшаш тўсиқлар фаол қўлланилмоқда.

Иссиқ иқлимли шаҳарларда дизайн-кодлар материаллар ва рангларни тўғри танлаш орқали иссиқлик юкламасини камайтиришга эътибор қаратади. Дубайда қуёш нурларини қайтариш ва шаҳарда қулай ҳароратни сақлаш учун оқ рангдан кенг фойдаланилади.

Фото: Виктория Абдураҳимова / «Газета.uz».Фото: Виктория Абдураҳимова / «Dunyouzbeklari.Com».

Шаҳарнинг қизиб кетиши муаммоси Тошкент учун жуда долзарб. ATLAS бу муаммони ҳал қилиш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиб чиқди ва шаҳар дизайн-кодида тегишли ечимларни ҳисобга олди. Ҳужжатда кўриб чиқилган фасад ва ободонлаштиришда фойдаланиладиган ранглар ва материаллар потенциал иситиш хусусиятлари нуқтаи назаридан баҳоланган.

Дизайн-кодларни ишлаб чиқишга ёндашувлардан яна бири — тактик урбанизм. У ҳаёт сифатини яхшилаш учун шаҳар муҳитини тез ва камхарж ўзгартиришни назарда тутади. Одатда ташаббус маҳаллий аҳоли ва фаоллардан чиқади, лекин маҳаллий маъмуриятлар (муниципалитетлар) ҳам фаоллик кўрсатиши мумкин. Уларнинг моҳияти — ечимларни минимал ресурслар билан синовдан ўтказиш ва, муваффақиятли чиқса, узоқ муддатли асосда ривожлантиришдан иборат. Кўчалардаги фудкортлар, асфальтни майсазорга алмаштириш, жамоат жойлари учун автомобил йўлларини қисман тўсиб қўйиш — буларнинг бари тактик урбанизм намуналаридир.

Яққол мисол — Россиянинг Саратов шаҳридаги вокзал майдони. У дастлаб стандарт тарзда лойиҳалаштирилган: кўп миқдордаги асфальт ва айланма ҳаракат. Унинг шакли ўзгартирилиб, марказида майсазор ва шинам жамоат майдони яратилди.

Сан-Францискодаги парклетлар тактик урбанизмнинг яна бир намунасидир. Ғоя автомобил тўхташ жойларини ўсимликлар ва ўриндиқлар билан бойитиб, кичик жамоат жойларига айлантиришдан иборат. Pavement to Parks дастури доирасида 65 та парклет ўрнатилди — бу 5600 квадрат метрлик майдон дегани. Натижада пиёдалар ҳаракати 4 фоизга, велосипедлар ҳаракати эса 11 фоизга ошди. Ташкилотчилар томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, пиёдаларнинг 61 фоизи кўчаларда ўзларини хавфсиз ҳис қила бошлаган.

Дизайн-код қандай ишлаб чиқилади? Тошкент мисолида

Тошкент дизайн-кодини ишлаб чиқишда ATLAS бюроси қуйидаги алгоритм бўйича ҳаракат қилди:

  1. Биринчи навбатда, шаҳар тарихи, унинг меъморий анъаналари ва ривожланиш босқичларини кенг кўламда тадқиқ қилинган. Тарихий марказнинг қандай шакллангани, унинг эволюцияси қандай кечгани, қадимий бинолар сақланиб қолганми ё йўқ ва ўтмишда қандай материаллардан фойдаланилгани ўрганилган.
  2. Шундан сўнг жамоа шаҳарнинг ривожланиш режалари, Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси лойиҳаси, Янги Тошкентнинг мастер-плани, стратегик мақсадлар, истиқболли ва тармоқ дастурларини синчковлик билан ўрганган.
  3. Кейин иқлим шароити, маҳаллий ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, сейсмик фаоллик ва табиий ҳодисалар тадқиқ этилган.
  4. Бюро мутахассислари минтақанинг маданий ўзига хосликларини излаган. Маҳаллий ҳунармандчилик, турмуш тарзи, анъанавий ва замонавий архитектура ҳамда уларнинг ўзаро таъсир кўрсатиш усуллари ўрганилган. Бу борада жаҳон тажрибасига ҳам мурожаат этилган: янги шаҳар ва туманлар жойнинг ўзига хослиги ва жойлашувини қандай акс эттириши таҳлил қилинган.
  5. Мавжуд бинолар, уларнинг турлари ва услублари — инқилобдан аввалги, совет даври, модернистик ва замонавий — батафсил таҳлил қилинди.
  6. Ушбу таҳлил асосида жамоа бино ва ҳудудларни меъморий хусусиятларига кўра таснифлашга ёрдам берадиган матрица ишлаб чиққан. Бу меъёрларни аниқ мисолларда самарали қўллаш имконини беради, чунки маҳаллалардаги пешлавҳалар учун қоидалар янги туманларникидан кескин фарқ қилади ва бундай хусусиятларни визуализация қилиш дизайн-кодни янада тушунарли ва қўллашга қулай қилади.
  7. Шундан кейин вернакуляр ёки ментал ҳудудлар ўрганилган. Бу шаҳарнинг аҳоли онгида нима биландир боғлиқ бўлган қисмидир. Масалан, у ерда аллақачон йўқолиб кетган бозор, ярмарка, завод бор. Одатда, бундай ҳудудлар маҳаллий рамзларга эга бўлиб, улар дизайн кодини яратишда муҳим рол ўйнаши мумкин. Шаҳарни ривожлантиришнинг бош режаси ва Янги Тошкентни ривожлантиришнинг мастер-плани асосида дизайн кодини зоналаштириш ишлаб чиқилди. Унинг доирасида бир қатор ечимлар ва қоидалар бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
  8. Якуний босқичда жамоа иқтисодий контекстни таҳлил қилди. Ҳудуд иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятлари ва логистикасини, шунингдек, ресурсларни ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Баъзида айрим материаллар ва ресурсларга тўғридан-тўғри шу шаҳарда ёки унинг яқинида буюртма бериш мумкин. Шунда дизайн-код маҳаллий иқтисодиётга ҳам ёрдам беради.

Тошкент дизайн-код яратишнинг ноёб намунаси сифатида

Тошкентнинг дизайн-кодини ишлаб чиқишга, биринчи навбатда, шаҳарнинг иқлим хусусиятлари таъсир кўрсатди. Бу ерда ҳаво ҳарорати 45 даража ва ундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Шаҳарнинг қизиб кетиш шароитида ўзини қандай тутишини ўрганиш муҳим: иссиқлик ороли таҳлили кўчаларда иссиқликнинг қандай тарқалишини, қайси ҳудудлар жазирама қуёшдан кўпроқ азият чекишини кўрсатиб беради.

atlas бюроси, дизайн-код, елена трубина, шаҳар қурилиши, шаҳарсозлик, янги тошкент

Тошкент иссиқлик харитаси. LST (Land Surface Temperature — Ер юзаси ҳарорати) таҳлил методологияси. Таҳлил натижасида ер юзасидан тарқалаётган иссиқлик нурланишини ифодаловчи кўрсаткични аниқлаш мумкин. Ҳисоб-китоблар 2023 йил 12 июлдаги Landstat 9 маълумотлари асосида амалга оширилган. Манба: ATLAS.

Мамлакатдаги муаммолардан бири — чанг бўронларини келтириб чиқарадиган чўл шамолларидир. Улар шаҳар муҳитига ҳам таъсир қилади: чанг фасадларга ўтириб, кўчалар ва биноларнинг ташқи қиёфасига путур етказади. Шунинг учун дизайн-код ушбу хусусиятларни ҳисобга олиши ва муаммо таъсирини камайтириш вариантларини таклиф қилиши лозим.

Яна бир жиҳат — ресурслар масаласи. Бошқа шаҳарларда кўкаламзорларни мўл-кўл суғориш имкони бўлса, Ўзбекистонда ҳар бир томчи ҳисоб-китобли. Бундан ташқари, мутахассислар ресурсларни тежаш мақсадида суғоришни оптималлаштиришга эътибор қаратмоқда. Шу сабабли, дизайн-кодда энергия ва сувни тежайдиган технологиялар ўз аксини топган. Мисол учун, қуёш батареяли чироқлар ёки ўсимликларни суғориш учун ишлатилиши мумкин бўлган ёмғир сувини тўплаш тизимлари каби.

atlas бюроси, дизайн-код, елена трубина, шаҳар қурилиши, шаҳарсозлик, янги тошкент

Ўзбекистонда аҳоли тарихан иссиққа қарши курашнинг дарахтлар соясидаги ҳовузлар, каналлар ва ариқлар каби анъанавий усулларидан фойдаланиб келган. Бу усуллар минтақанинг иқлим шароитига мослашишни акс эттириб, иссиқлик таъсирини камайтиришга ёрдам берадиган меъморий ва маиший ечимларни ўз ичига олади. Дизайн-код ҳам анъанавий ва замонавий технологик ечимларни қамраб олиши мумкин.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Dunyouzbeklari.Com».

Масалан, юқори ҳароратга қарши курашишда маҳаллий асрий тажрибадан фойдаланиш мумкин. Анъанавий ўзбек маҳаллалари иссиқдан ҳимояланишни ҳисобга олган ҳолда қурилган. Бундай маҳаллаларда кўчалар тор, уйлар эса бир-бирига шунчалик яқин жойлашганки, тор кўчаларга тўғридан-тўғри қуёш нури тушмайди. Уйлар хом ғишт ёки лойдан қалин деворлар билан қурилган — бу материаллар кундузи иссиқдан ҳимоя қилса, кечаси хоналарнинг салқинлигини сақлаган ҳолда, йиғилган иссиқликни аста-секин чиқариб юборади. Анъанавий уйларда хоналарни қизиб кетишдан ҳимоя қилиш учун мато пардалар ва ёғоч жалюзилар ишлатилади. Дизайн-кодни ишлаб чиқиш жараёнида бу элементларнинг барчасини ўрганиш муҳим.

Контекстни ўрганишнинг яна бир ўзига хос хусусияти — одамлар оқими, ташриф буюриладиган жойларнинг хилма-хиллигини ўрганиш ва турли маълумот қатламлари: транспорт оқимлари хариталари, ҳаракатланиш хариталари, демографик маълумотларни бирлаштириш орқали Тошкентда фаолликни таҳлил қилишдир.

Strava иловаси маълумотлари бўйича велосипед фаоллиги схемаси.Strava иловаси маълумотлари бўйича велосипед фаоллиги схемаси.

Тошкентда энг юқори ҳаракатланиш зичлиги аэропорт, темирйўл вокзаллари ва автовокзаллар атрофида кузатилади. Бу айниқса тиғиз соатларда яққол кўзга ташланади. Савдо марказлари ва бозорлар ҳам энг кўп ташриф буюриладиган ҳудудлардир.

Илгари ATLAS жамоаси бозорларни аҳолини жалб қилиш нуқталари сифатида тадқиқ қилган ва бу хулоса Тошкент бозорлари таҳлили билан тасдиқланган. Уларнинг фаоллиги унга яқин яшайдиган аҳоли зичлиги билан ҳам, бозорларнинг савдо ва ижтимоий мулоқот марказлари сифатидаги вазифаси билан ҳам белгиланади.

Туманлар фаоллигини аниқлаш учун меъморлар ва дизайнерлар ҳатто ҳудуд бирлигига аҳолини жалб қилиш нуқталарининг тақсимланиши ва концентрацияси кўрсаткичи ҳисобланмиш Шеннон индексидан ҳам фойдаланади. Яъни, бир километрлик катакчаларда тижорат, маданият, дин, таълим, кўнгилочар, хизмат кўрсатиш ва меҳмонхона объектлари ҳисобга олинган. Уларнинг бир катакдаги зичлиги қанчалик юқори бўлса, у шунчалик ёрқинроқ, индекс эса юқорироқ бўлади.

Тошкентда аҳолини жалб қилиш нуқталарининг юқори хилма-хиллиги ва концентрацияси шаҳар марказида, шимоли-шарқда ва шимоли-ғарбда кузатилади. Хилма-хилликнинг паст кўрсаткичлари шарқда ва шимолда чекка ҳудудларда қайд этилган.

atlas бюроси, дизайн-код, елена трубина, шаҳар қурилиши, шаҳарсозлик, янги тошкент

Аҳолини жалб қилиш нуқталарининг концентрация схемаси, Шеннон индекси (маълум бир ҳудуддаги аҳолини жалб қилиш нуқталарининг сони ва хилма-хиллигини бир вақтнинг ўзида акс эттирувчи мураккаб кўрсаткич). Манба: Картографик операторлар маълумотлар базаси.

Бундан келиб чиқадики, дизайн-код — бу фақат ўриндиқлар, пешлавҳалар, бекатларни безатиш услуби ва кўрсаткичлар учун шрифт намуналари эмас. Бу кенг кўламли тадқиқот, мулоқот, таҳлил ва ижодий ишларнинг натижасидир. Бу иш замирида меъморлар, таҳлилчилар, шаҳар тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари, дизайнерлар, рассом-иллюстраторлар ва бошқа мутахассисларнинг меҳнати ётади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *