Кипр ҳукумати республика иқтисодиётига инвестициялар киритиш учун бир қатор чет эл фуқароларига берилган паспортларни бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда маҳаллий Politis нашри хабар бермоқда.

Нашр томонидан октябрь ойида тасдиқланган рўйхатга 77 нафар «олтин» паспорт эгалари киритилган. Ҳукумат комиссияси суриштируви давомида ариза бериш ёки натураллаштириш жараёнида улар томонидан қоидабузарликлар аниқланган.

Бошқалар қаторида россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилованинг Кипр паспорти бекор қилингани таъкидланмоқда (паспорт унга 2015 йилда тақдим этилган). Маълум қилинишича, у PricewaterhouseCoopers (PwC) компанияси воситачилигида фуқароликни расмийлаштирган.

Фото: PolitisФото: Politis

Рўйхатдаги баъзи шахслар Кипр паспортини олгандан сўнг оролда илгари сотиб олинган кўчмас мулкни сотган ва мамлакатга ташриф буюрмаган, дея аниқлик киритди нашр манбаси. Бошқалар эса маълум объектларни қуриш ваъдаси асосида фуқароликка эга бўлган, бироқ уларнинг қурилишини тасдиқловчи ҳужжатлари муддатида тақдим этилмаган.

Фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар паспорт эгаси унинг бекор бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзма хабарнома олади ва қарор юзасидан махсус комиссияга эътироз билдириши мумкин. Бундан ташқари, қарор қабул қилингандан кейин у суд томонидан кўриб чиқилиши керак.

2023 йил май ойида The Guardian Кипр расмийлари Алишер Усмоновга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берган шахслар устидан тергов ўтказиш режалари ҳақида хабар берганди. Бунинг учун АҚШ республикага Кипр фуқаролари ва компаниялари томонидан санкция режимининг бузилиши тўғрисидаги маълумотлар билан 800 саҳифали маълумотларни тақдим этган.

Ўша йилнинг апрель ойидан Усмоновнинг сингиллари — Гулбаҳор Исмоилова ва Саодат Нарзиева АҚШ санкциялари остида қолган. 2022 йилда эса Буюк Британиянинг янги санкциялар рўйхатига келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган уч аёл, жумладан, Алишер Усмоновнинг икки синглиси ҳам киритилганди.