• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сурияда исёнчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жанглар кечмоқда. Асосий маълумотлар



Суриядаги қўзғолончилар Ҳалаб марказига етиб борди. Хўш, нега улар ҳужумни айнан ҳозир бошлади? Бунинг Исроил, Туркия ва Россия ҳаракатлари билан қандай боғлиқлиги бор? Бундан олдин минтақада нималар содир бўлган? «Dunyouzbeklari.Com» Яқин Шарқдаги вазият бўйича Meduza тайёрлаган материални таржима қилди.

Нима бўлди?

Сурия президенти Башар Асад ҳукумати қўшинларига қарши курашаётган гуруҳлар 30 ноябрь куни Ҳалаб шаҳри марказига етиб келди. Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгаши исёнчилар шаҳар ҳудудининг камида ярмини эгаллаб олганини, Сурия ҳукумат қўшинлари эса Ҳалабни деярли қаршиликсиз тарк этганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Ҳалабдан эълон қилинган видеоларга кўра, исёнчилар Ҳалаб маркази ва ғарбий чеккаларини, шу жумладан, цитаделни назорат қилмоқда. Шу билан бирга, бундан аввалари Суриядаги уруш пайтида қўзғолончилар шаҳарнинг ярмидан кўпини назорат қилмаган, шунингдек, ҳеч қачон унинг марказини эгаллаб олмаганди. Ҳужумлар 27 ноябрь, чоршанба куни бошланган.

Сурия армияси ҳужумчилар «шаҳарнинг кўплаб ҳудудларига» кириб келганини тан олди. Қўмондонлик баёнотида шундай дейилади:

«Кўп сонли террорчилар ва бир неча фронтдаги жанглар қуролли кучларимизни ҳужумни қайтариш, тинч аҳоли ва аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун мудофаа чизиқларини мустаҳкамлашга қаратилган қайта жойлаштириш операциясини ўтказишга ундади».

Шунингдек, баёнотда айтилишича, исёнчилар шаҳарда мустаҳкам ўрнашиб ололмайди, чунки қуролли кучлар «зарба беришни давом эттирмоқда». Шу билан бирга, Сурия ҳукуматининг номи ошкор этилмаган вакили BBC`га қўшинлар олиб чиқилаётганда «ҳеч қандай жанговар ҳаракатлар» бўлмаганини ва кўплаб ҳукумат бинолари, жумладан, шаҳар кенгаши, полиция участкалари ва разведка хизматлари ҳозирда бўш қолганини айтди. Ҳалабнинг бир неча аҳолиси ҳам CNN телеканалига шаҳар ҳудудларида жанглар «безарар» кечганини билдирди.

Сурия қўмондонлиги шаҳар атрофидаги жангларда ҳукумат армиясининг «ўнлаб» аскарлари ҳалок бўлганини маълум қилди. Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгаши маълумотларига кўра, ҳужум бошланганидан бери камида 277 киши, жумладан, 24 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Reuters ҳарбий манбаларининг тасдиқлашича, Сурия ҳукумати исёнчилар ҳужуми фонида Ҳалаб аэропорти ва шаҳарга олиб борадиган йўлларни ёпган. Нашр манбаларига кўра, Асаднинг асосий иттифоқчиларидан бири бўлган Москва Дамашққа қўшимча ҳарбий ёрдам беришни ваъда қилган; янги техника кейинги 72 соат ичида етиб кела бошлайди. Шу пайтгача ҳукумат қўшинларига жангарилар кириб келган шаҳарнинг асосий ҳудудларидан чекинишга буйруқ берилди, деб ёзади нашр.

Бундан ташқари, Reuters ва AFP маълумотларига кўра, Россия авиацияси Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида 30 ноябрга ўтар кечаси 2016 йилдан бери биринчи марта Ҳалаб шаҳрининг айрим ҳудудларига зарбалар берди — шунингдек, Идлиб шаҳрига ҳужум қилди. Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгашининг таъкидлашича, Россия зарбалари оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 19 киши яраланган. Россия Қуролли кучлари вакили Олег Игнасюк Россия ҳарбий-ҳаво кучлари душман позицияларига «ракета-бомба зарбалари бераётганини» эълон қилди. Игнасюкнинг сўзларига кўра, ўтган суткада «камида 200 нафар жангари йўқ қилинган». Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги билан боғлиқ «Рибарь» Telegram канали қарши томоннинг учувчисиз учиш аппаратлари Ҳалаб шарқидаги Квайрес рус-сурия авиабазасига ҳужум қилгани ҳақида ёзди.

Кремль Ҳалабдаги вазиятни Сурия суверенитетига тажовуз деб атади ва Москва минтақада тартибни тиклашни қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди. Дмитрий Песков Сурия президенти Башар Асад ҳақиқатан ҳам ташриф билан Москвага келганми, деган саволга жавоб бермади. «Бу масалада айтадиган гапим йўқ», — деди Владимир Путиннинг матбуот котиби.

Сўнгги йилларда Ҳалабда нималар содир бўлмоқда?

AP нашрининг таъкидлашича, 2016 йилда Россия ва Эрон қўллаб-қувватлаган ҳукумат қўшинлари шаҳарнинг шарқий ҳудудларида исёнчиларни ўраб олиб, таслим бўлишга мажбур қилганидан бери Ҳалабга бундай гуруҳлар томонидан ҳужум қилинмаган.

Бир вақтлар Ҳалаб Сурия қуролли мухолифатининг маркази бўлган. Суриянинг ўша пайтдаги энг йирик шаҳри (урушдан олдинги аҳолиси 2,5 миллиондан ортиқ) Башар Асад режимига қарши норозилик намойишларига дарҳол қўшилмаганди. Ҳалабдаги биринчи ҳукуматга қарши намойишлар 2011 йилнинг ёзида — Дамашқ ва Суриянинг бошқа шаҳарларида шунга ўхшаш намойишлардан бир неча ой ўтиб бошланган. Оппозиция намойиши билан бир вақтда шаҳарда Асадни қўллаб-қувватловчи минглаб намойишлар ҳам бўлиб ўтган.

Ҳалаб жанги 2012 йилнинг ёзида Асад қўшинларига бир неча ой давомида кўчаларда қаршилик кўрсатганидан сўнг бошланган: шаҳар атрофида жойлашган қуролли мухолифат унга кириб борган; Дамашқ бомбардимон билан жавоб қайтарган. Ҳалаб шаҳри Асад рақибларининг таянч нуқтасига айланишига унинг Туркияга яқинлиги сабаб бўлди, у ерда, асосан, «Озод Сурия армияси» ва бошқа ҳукуматга қарши гуруҳларнинг машқ лагерлари жойлашган.

Meduza ёзганидек, шаҳар учун турли вақтларда қуролли қўзғолончилар ҳам, Асад қўшинлари ҳам Россия кўмагида жанг қилган. БМТнинг таъкидлашича, можаронинг барча томонлари турли вақтларда уруш олиб боришнинг тақиқланган усулларига — бочкали бомбалардан тортиб қўзғолончиларнинг қўлбола миномётларигача йўл қўйган; кимёвий қуроллардан фойдаланилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.

2014 йилда Башар Асад қўшинлари фаол ҳужумни бошлаб, вақти-вақти билан уни тўлиқ ўраб олиб, Ҳалабдан чиқадиган йўлларнинг бир қисмини ёпиб қўйган. Бу эса Суриянинг бир пайтлар аҳолиси энг кўп бўлган шаҳридан кўплаб аҳоли қочиб кетишига олиб келди. Қамал оқибатида шаҳарда БМТ томонидан гуманитар фалокат деб номланган вазият юзага келди.

2015 йил сентябригача Асад қўшинлари муваффақиятсизликка учради, аммо Дамашқ илтимосига кўра Россия шаҳарга ҳужумларга қўшилганидан сўнг қуролли исёнчилар ўз позицияларини йўқота бошлади ва 2016 йил декабрь ойида шаҳар деярли тўлиқ ҳукумат кучлари назоратига ўтди. Ҳалабга ҳужум якунланганини ўша пайтдаги мудофаа вазири Сергей Шойгу шахсан Владимир Путинга маълум қилганди…

2016 йил 29 декабрда Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим имзоланган, Россия ва Туркия сулҳга риоя қилишнинг кафолати бўлган. Улар можарода турли томонларни қўллаб-қувватламоқда: Россия — Башар Асадни, Туркия — қуролли мухолифат ичидаги баъзи кучларни.

2017 йил охирида Россия президенти Владимир Путин бутун Сурия ҳудудида «террорчилар тор-мор этилганини» эълон қилган. Бу вақтга келиб, Асад ҳукуматининг ҳарбий кучлари мамлакат ҳудуди устидан назоратни тиклай бошлади. 2020 йилда Туркия ва Россия Сурия ҳукуматининг Идлибни қайтариб олишга уринишларини тўхтатиш учун яна бир ўт очишни тўхтатиш битимини имзолади. Бу эса жанговар ҳаракатларда узоқ давом этган жимликка олиб келди. BBC 2021 йилда таъкидлаганидек, ўша пайтда Асад Сурия ҳудудининг учдан икки қисмини назорат қилган (таққослаш учун — 2013 йилда Асаднинг назорати остида мамлакатнинг фақат бешдан бир қисми бўлган). БМТ маълумотларига кўра, Суриядаги уруш пайтида 300 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. 6,8 миллионга яқин суриялик мамлакатни тарк этган.

Ҳозир Ҳалабга ким ҳужум қиляпти?

The New York Times нашрининг таъкидлашича, ҳужумни мухолифат гуруҳларининг сўнггиларидан бўлган турли гуруҳлар олиб бормоқда. Аммо асосий ва энг йирик гуруҳ «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» фракцияси бўлиб, у илгари «Ал-Қоида» билан алоқада бўлган. У ҳали ҳам мухолифат гуруҳлари қўлида бўлган шимоли-ғарбий ҳудуднинг катта қисмини назорат қилади. Жангарилар ўз ҳаракатларини Сурия президенти Башар Асад кучлари томонидан яқинда ўтказилган артиллерия ҳужумларига жавоб деб атамоқда.

«Ҳайят Таҳрир аш-Шом» — Суриядаги ИШИДнинг собиқ бўлинмаси — «Ан-Нусра» фронти негизида ташкил этилган коалиция. 2014 йилда «Ан-Нусра» ўзини халифалик деб эълон қилган ИШИД билан алоқани узган ва «Ал-Қоида»нинг Сурия бўлимига айланган. 2017 йилда Сурия армиясидан мағлубиятга учрагач, у ўз номини «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» деб ўзгартирди ва террорчи ташкилот тамғасидан халос бўлиш учун «Ал-Қоида» билан расман ажралишини эълон қилди. Бироқ Россия, АҚШ ва бошқа давлатлар ҳаракатни «Ал-Қоида»га алоқадор деб ҳисоблашда давом этади.

Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгаши маълумотларига кўра, ҳужумга Туркия томонидан қўллаб-қувватланган бир нечта исёнчи гуруҳлар ҳам қўшилган. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан буни инкор этди.

Нима учун жангарилар айнан шу пайтда ҳужумга ўтишга қарор қилди?

Бу Исроил ҳукумати ва Ливаннинг «Ҳизбуллаҳ» гуруҳи Ливан-Исроил чегарасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. 26 ноябрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу, кейин эса АҚШ президенти Жо Байден Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.

«Ҳизбуллоҳ» можарода ҳукумат қўшинлари томонида турган Эрон билан ҳам, Башар Асад режимининг ўзи билан ҳам яқин алоқада. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Суриядаги уруш даврида «Ҳизбуллоҳ» Асадга 10 минггача аскар берган, аммо уларнинг аниқ сонини аниқлаш имконсиз.

Шу билан бирга, Эроннинг стратегик рақиби бўлган Исроил йиллар давомида Сурияга зарбалар бериб, унинг мақсадлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиганлар, жумладан, Ливан гуруҳи эканини таъкидлади. Бу ҳужумлар ҲАМАС томонидан 2023 йил 7 октябрда уюштирилган ҳужумлардан кейин кучайган. Сентябрь ойида Байрутда «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Ҳасан Насруллоҳ, кейинроқ унинг норасмий вориси Ҳошим Сафиддин ўлдирилди.

Ҳозирда «Ҳизбуллоҳ»нинг имкониятлари минимал даражада, агар Исроил билан узоқ муддатли сулҳ тузилса, у ўз кучларини тиклаши мумкин. АҚШнинг Суриядаги сўнгги элчиси Роберт Форднинг фикрича, Исроилнинг Сурия ва «Ҳизбуллоҳ» объектларига бир неча ой давом этган зарбалари исёнчиларга олдинга силжиш имконини берадиган омилдир. Асаднинг яна бир иттифоқчиси Россия ҳам икки ярим йилдан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган Украинага қарши уруш туфайли қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Асадга ёрдам бериши мумкин бўлган Эрон ҳам ҳозир Исроил билан қарама-қаршиликда. Масалан, Исроил Мудофаа армияси 26 октябрга ўтар кечаси Эрондаги ҳарбий объектларга бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширган.

АҚШда жойлашган Яқин Шарқ институтининг Сурия бўйича таҳлилчиси Чарльз Листернинг фикрича, Россия ҳам, Туркия ҳам можарога киришиши хавфи мавжуд: ҳар бир давлатнинг минтақада ҳимоя қилиниши керак бўлган ўз манфаатлари бор. 30 ноябрь куни Россия ТИВ икки давлат ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот қилиб, «Суриядаги мавжуд вазиятни» муҳокама қилганини маълум қилди. «Ҳар икки томон ҳам Ҳалаб ва Идлиб провинцияларида ҳарбий эскалация туфайли Суриядаги вазиятнинг хавфли ривожланишидан жиддий хавотир билдирди», — дейилади Россия ТИВ матбуот релизида.

Чарльз Листернинг сўзларига кўра, яна бир хавф — бу «Ислом давлати» аскарларининг аралашуви бўлиб, улар содир бўлаётган воқеаларда минтақага тўлиқ қайтиш имкониятини кўришлари мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *