• Ср. Дек 11th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонга хориждан 10 ойда 12,6 млрд доллар жўнатилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга кўп


2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўпайди. Бу Марказий банкнинг Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳида келтирилди.

Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, 2023 йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн доллар), АҚШ (470 млн доллар), Жанубий Корея (458 млн доллар), Туркия (331 млн доллар), Буюк Британия (109 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.

2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмида кузатилган ўсиш тренди асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий фаоллик ва иш ҳақи миқдорининг ошиши ҳамда ривожланган мамлакатларга меҳнат миграцияси оқими кўламининг кўпайиши билан изоҳланади.

Мисол учун, интернет платформаларидаги маълумотларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган асосий соҳаларда таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдори ўртача 38 фоизга ошган.

Жумладан, иш ҳақи миқдори қурилиш соҳасида 55 фоиз, етказиб беришда 48 фоиз, такси ва ресторан хизматларида 46 фоиз ҳамда юк ташиш соҳасида 14 фоизгача кўпайган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон миграция агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан ишлаш истагида бўлган 113 минг нафардан зиёд фуқаролар, асосан, ривожланган мамлакатларга расмий, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга ошган. Мазкур ҳолат Ўзбекистонга хориждан жўнатилган халқаро пул ўтказмалари ҳажмида ҳам намоён бўлмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсиш кузатилди (2-диаграмма).

марказий банк, пул ўтказмалари

Шунингдек, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 7 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз), 4,9 млрд доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 52 фоиз) ҳамда 650 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,4 баробар) амалга оширилган (3-диаграмма).

Бунда, 2024 йилда хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) келиб тушган маблағларнинг жами ўтказмалар ҳажмидаги улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиз бандга (39 фоизгача) ошди.

2024 йил бошидан P2P (онлайн) пул ўтказмалари кўламининг сезиларли даражада ошиши трансчегаравий тўлов тизимлари инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда жисмоний шахслар орасида мазкур хизматларнинг кенг оммалашуви билан изоҳланиши мумкин. Хусусан, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида P2P (онлайн) транзакциялари сони қарийб 59 миллионтага етиб, ўтган йилга нисбатан 46 фоизга кўпайган.

Шунингдек, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 млрд долларни ташкил қилди.

Валюта айирбошлаш операциялари

2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси хариди ва сотуви бўйича операциялар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга (3,3 млрд доллар) кўпайиб, 20,9 млрд долларни ташкил этди.

Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 13,2 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга кўп (2023 йилнинг мос даврида — 10 млрд доллар) чет эл валютаси сотилган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ўсиб, 7,7 млрд долларга етди (2023 йилнинг мос даврида — 7,6 млрд доллар) (4-диаграмма).

марказий банк, пул ўтказмалари

Натижада жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган таклиф ҳажми талаб ҳажмидан 5,5 млрд долларга кўп бўлди. Бу ўз навбатида, ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилмоқда, дейилади регулятор хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Россиянинг пул ўтказмаларидаги улуши қарийб 87 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда у 78 фоизга камайган.

Ўтган йил охирида Жаҳон банки Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг босқичма-босқич қисқаришини қайд этган эди. Бу РФдаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сонининг қисқариши, сўмнинг рублга нисбатан мустаҳкамланиши, шунингдек, Россияда инфляциянинг ўсиши билан изоҳланган.

Январда Шавкат Мирзиёев ташкилий ишга қабул қилиш орқали хорижий давлатларга ишга жойлаштириш учун 100 мингга яқин фуқарони ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

Кейинчалик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея, Польша, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун 50 минг бўш иш ўрни учун қабул эълон қилди. Бу борада меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *