30 ноябрь куни соат 1:00 да Абу-Даби шаҳридаги Шайх Зайд номидаги аэропортга Тошкентдан Wizz Air авиакомпаниясининг 5W7160 рейси билан учиб борган 31 нафар эркак — Ўзбекистон фуқаролари аэропортдан чиқарилмаган ва ушлаб турилган. Бу ҳақда бир неча йўловчи «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилди ҳамда уларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганини айтди.
Кейинроқ яна 10 киши, сўнг эса яна 50 киши ушлаб турилгани маълум бўлди. Суҳбатдошларнинг фикрича, ушлашлар бундан кейин ҳам давом этиши мумкин.
31 эркакдан иборат гуруҳ ичида бўлган суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, аёллар, болалар ва ёши катта одамлар қўйиб юборилган. 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклар ушлаб турилган, улар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Уларнинг ҳеч бирига бундай хатти-ҳаракатларнинг сабаби маълум қилинмаган. Ярим суткадан кўпроқ вақт давомида уларга овқат берилмаган ва ҳатто миллий гвардиянинг қуролланган ходимлари ҳамроҳлигида ҳожатхонага бориб-келишган. Йўловчиларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон элчихонаси ҳибсга олинганларга ёрдам бера олмаган.
«Биз акам билан Формула 1 учун фақат туризм мақсадида учиб келдик. У ерда Eminem, Maroon 5, Teddy Swims, Peggy Gou, Muse концертлари ҳам режалаштирилган», — деди йўловчилардан бири.
Ушлаб турилганларнинг барчаси турли мақсадларда — кимдир бизнес, кимдир оиласи билан кўришиш учун, кимдир сайёҳ сифатида келган, деди у.
«Учиб келганимиздан сўнг паспорт назоратида бизни шунчаки олиб кетишди, ҳеч қандай сабабсиз паспортларни олиб қўйишди», — деди эркак.
«Биз шунчаки ўтирардик ва ҳеч бўлмаганда қандайдир маълумот беришларини кутардик. Кейин биттама-битта чақириб, нима мақсадда, неча кунга келганимизни сўрай бошлашди, телефон номерини олишди-да, саволларимизга жавоб бермай, қайтариб юборишди. Шундай қилиб, биз 15 соат ўтирдик», — деди суҳбатдош. Шу вақт ичида уларни бир марта овқатлантиришган.
«Кейин миллий гвардия ходимлари автоматлар билан келиб, бизни ертўланинг қаеридадир жойлашган бошқа хонага олиб кетишди, у ерда шароит жуда ёмон, дим, на ўтириш, на ётиш мумкин эди», — деди у.
«Биз ўзимиз элчихонадан контакт топишга киришдик. Бизни турли маълумотлар билан умидвор қилишди, аммо ҳозирча ҳеч ким ёрдам бермади. Эрталаб соат 8 да элчихонадан келишларини айтишди, келишмади. Кейин кечки соат 5 да масалани ҳал қилишларини айтишди, ҳал қилишмади», — деди эркак.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси мамлакатдан Тошкентга қайтариб юборилиши ҳақида ҳеч кимга очиқ айтилмаган. Улар 18 та чипта сотиб олинганидан хабар топган (эслатиб ўтамиз, жами 31 киши ушлаб турилганди), «лекин қайси чипталар, ким учун, қайси рейсга — ҳеч ким айтмаган», шунинг учун одамлар ўзлари чипта сотиб олишларига тўғри келган.
«Биз чипталарни ўз ҳисобимиздан қайта сотиб олдик, ҳеч ким харажатларни қопламоқчи эмасди. Биз яна уйқусиз ҳолда рейсни кутяпмиз, чунки ухлайдиган жой йўқ. Рейс 11 соатдан кейин», — деди суҳбатдош.
«Элчихонада кун бўйи бизнинг ишимиз билан шуғулланяпмиз дейишди, лекин ҳозиргача ҳеч нарса қилинмади, 31 кишининг ҳаммаси шунчаки ўзи йўл излади», — деди у.
«Ҳозиргина бизни миллий гвардиясиз қайтариб юборишди, хоҳлаган одамга ўз ҳисобидан емак олишга рухсат беришди. Паспортни қайтариб беришмади. Фақат учиб кетиш олдидан беришларини айтишди», — деди у.
«Биз 4300 долларга тушдик — Формула 1 чипталари, уй-жой, парвозлар», — дея қўшимча қилди эркак.
Элчихона баёноти
Тахминан Тошкент вақти билан соат 23:10 да Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси 31 нафар Ўзбекистон фуқароси «номаълум сабабларга кўра» аэропортда ушлаб турилгани ҳақида хабар эълон қилди.
«Ўзбекистоннинг Абу-Дабидаги элчихонаси ва Дубайдаги бош консулхонаси аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг масъул идоралари вакиллари билан мулоқотда бўлиб, вазиятни назоратга олган», — дейилади хабарда.
«Аэропорт маъмурияти билан ҳамкорликда ҳамюртларимизни уч маҳал овқат билан таъминлаш ҳамда уларга зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари ташкил этилди. Юзага келган вазиятни ҳал этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.