• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

1 декабрдан нималар ўзгаради? – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com



«Dunyouzbeklari.Com» 2024 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди.

1. «Мажбуриятлар реестри» институти жорий этилади.

2024 йил 1 декабрдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» институти жорий этилади.

Бунда:

  • қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда реестрга киритилади;
  • қарздор ҳақида маълумот реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади;
  • реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади.

2. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилади.

2024 йил 1 декабрдан бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.

3. Камбағал оилалар реестри шакллантирилади

2024 йил 1 декабрдан «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.

4. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни баҳолаш тизими жорий этилади.

2024 йил 1 декабрдан фермер ва деҳқон хўжаликларининг нуфузини ошириш, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга кўмаклашишга қаратилган «мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни баҳолаш» тизими жорий этилади.

5. Хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори камайтирилади.

Миграция агентлиги томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8500 бараваридан 4000 бараваригача туширилади.

6. Авторақамлар учун тўлов қилиш осонлаштирилади.

2024 йил 1 декабрдан бошлаб автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рақамлар бериш бўйича мурожаат қилиш ва тўловни амалга ошириш ЙҲХХ мобил иловаси, расмий веб-сайти, «Call»-маркази ёки ЯИДХП орқали амалга оширилиши мумкин.

7. Ичимлик ва оқова сув учун тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Ўзбекистонда 1 декабрдан ичимлик ва оқова сув хизматлари тўловлари фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Таъкидланишича, бу чора соҳада шаффофликни таъминлаш, ҳамда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсадида амалга оширилмоқда. Эндиликда назоратчи ва сув таъминоти ходимларига тўловларни нақд пул кўринишида амалга ошириш тўхтатилади.

Истеъмолчилар тўловларни амалга оширишда ўзи учун қулай ва тезкор бўлган қуйидаги воситалардан фойдаланиши мумкин:

  • cabinet.uzsuv.uz шахсий кабинет орқали;
  • @uzsuvbot Telegram боти орқали;
  • Электрон тўлов тизимлари (Click, Paynet, Alif Mobi, Payme, Oson, Uzum Bank) ҳамда тўлов инфокиосклари ва тижорат банк кассалари ҳамда шохобчалари, почта бўлимлари орқали.

8. Айрим бино ва иншоотларни фойдаланишга топшириш тўхтатилади.

Ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтказмасдан қурилиш-монтаж ишлари бажарилган бино ва иншоотлар бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва фойдаланишга рухсат бериш ишлари 2024 йил 31 декабрдан тўхтатилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *