Нукусда россиялик журналист Алексей Пивоваров ва ўзбекистонлик журналист Ферида Махсетова қонунчиликка зид равишда аккредитациясиз фаолият олиб боргани сабабли тўхтатилган.
Нукус шаҳрида 1 декабрь куни россиялик таниқли журналист Алексей Пивоваров ва ўзбекистонлик журналист, Hook.report нашрининг мухбир Ферида Махсетова ички ишлар органлари томонидан тўхтатилган, деб хабар бермоқда Hook.report.
Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолатга изоҳ бериб, чет эллик журналист Ўзбекистон ҳудудида журналистик фаолиятини олиб бориш учун Ташқи ишлар вазирлигидан тегишли тартибди аккредитация олмагани маълум қилган. Қайд этилишича, ушбу холта амалдаги қонунчиликка зид.
Мавжуд маълумотларга кўра, журналистларга нисбатан ҳеч қандай босим ўтказилмаган, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида текширувлар жараёни олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хорижий журналистлар ўз фаолиятини фақатгина Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олган ҳолда амалга оширишлари мумкин.
«Нукусда ички ишлар ходимлари биз билан суҳбат ўтказди. Биз ўз режаларимизни тушунтирдик. Барча эҳтиромли ва одобли бўлди. Ҳозир йўлга чиқдик, ҳаммаси яхши!», – деб ёзади Пивоваров воқеа юзасидан Telegram-каналида.
Алексей Пивоваров – Россияда машҳур журналист, YouTube’даги «Редакция» канали муаллифи. Унинг жамоаси Ўзбекистонда пахта ипларини ишлаб чиқариш жараёнини тасвирга олиш билан шуғулланган. Пивоваров жамоаси билан Нукусга ташрифидан аввал Самарқанд ва Тошкентда ҳам бўлишган.